Газдан оқилона фойдаланиш — фаровонлик гарови
  • 24 Апрель 2015

Газдан оқилона фойдаланиш — фаровонлик гарови

Пойтахтимизда “Газдан хавфсиз фойдаланиш фаровонлик гаровидир” мавзуида семинар бўлиб ўтди. “Ўзтрансгаз” акциядорлик компанияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими вазирликлари, Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси масъул ходимлари, ҳудудий газ таъминоти корхоналари раҳбарлари, техника хавфсизлиги муҳандислари қатнашди.

Маълумки, мамлакатимизда қишлоқ ва шаҳарларимизни газлаштириш ишлари жадал давом эттирилаётгани натижасида охирги беш йил мобайнида магистраль газ қувурларининг узунлиги 1,4 баробар, газ тарқатиш тармоқларининг узунлиги эса 3 марта ортиб, республикамиз ҳудудларини газлаштириш даражаси 90 фоизга етказилди.
Семинарда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш, транзит ва экспорт қилиш “Ўзтрансгаз” акциядорлик компаниясининг энг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, компания томонидан янги магистраль газ қувурлари объектлари ва газ тақсимлаш тармоқларини қуриш, мавжудларини модернизациялаш, қайта таъмирлаш ишлари кўлами йил сайин кенгайтирилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда 20,5 миллиондан кўпроқ аҳоли истиқомат қилаётган 3 миллион 605 минг 834 та уй-жой, 80 минг 912 та улгуржи истеъмолчига узлуксиз равишда газ етказиб берилаяпти.
Шу билан бирга, газ тармоқларидан олисда жойлашган қишлоқлардаги 1 миллион 791 мингдан зиёд истеъмолчилар суюлтирилган газ билан таъминланаётир. Бунинг учун 330 мингта айланма газ баллони ва уларга хизмат кўрсатувчи 206 та сервис маркази ҳамда 283 та махсус автотранспорт воситасидан унумли фойдаланилаётгани айни муддао бўлмоқда.
Йиғилишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар юз берганда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар, жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва бошқа долзарб масалалар бўйича маърузалар тингланиб, муҳокама қилинди, видеороликлар намойиш этилди.


Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn