Янги мақом билан — истиқбол сари
  • 28 Октябрь 2014

Янги мақом билан — истиқбол сари

Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес марказида “Ҳамкорбанк” акциядорлик тижорат банки томонидан  матбуот анжумани ташкил этилди.

Бу тадбир мазкур молия муассасаси билан Голландия Тараққиёт банки ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида имзоланган шартномаларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтириш ва истиқболдаги вазифалар муҳокамасига бағишланди.
Таъкидландики, мамлакатимизда истиқлол йилларида қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит яратилиб, чет эллик сармоядорлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий асос мустаҳкамланди. Хусусан, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни шундай муҳим ҳужжатлардан бири бўлиб, у хорижий сармоядорларнинг юртимиздаги  фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонуний ҳимоясини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, чет эллик инвесторлар учун бир қатор имтиёз ва преференциялар ҳам берилаяптики, буларнинг барчаси ҳамкорларимизнинг иқтисодиётимизга бўлган қизиқишини янада кучайтираяпти. Бугунги кунда республикамизда улар иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 4,2 мингтадан ошгани, тўғридан-тўғри жалб этилаётган хорижий сармояларнинг жами  инвестиция ҳажмидаги улуши 26,6 фоизга етгани бунинг яққол далилидир.
Бундай қулай шарт-шароитлар, ўз навбатида, тижорат банклари фаолияти учун ҳам янги имкониятлар эшигини очиб берди. Натижада кўплаб халқаро молия институтлари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Бунга “Ҳамкорбанк” эришаётган ютуқлар ёрқин мисол бўла олади.
Гап шундаки, ушбу банк Голландия Тараққиёт банки билан 2010 йилда ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, ўтган қисқа давр ичида умумий қиймати 13 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш бўйича икки томонлама шартномалар имзоланди. Шунга мувофиқ, жалб қилинган кредит линиялари асосида 21 лойиҳа молиялаштирилди. Улар, асосан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилгани билан диққатга сазовордир.
Бундан ташқари, “Ҳамкорбанк” Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) билан ҳам мустаҳкам сармоявий ҳамкорлик ўрнатиб, бундан тўрт йил муқаддам унинг акциядорлари сафидан жой олган.
Гап шундаки, мазкур молиявий тузилма Ўзбекистонда кичик бизнес корхоналарини молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришда яқиндан кўмаклашиб келмоқда. Масалан, дастлабки уч йил мобайнида 13,5 млн. АҚШ доллари миқдорида кредит линияси жалб этилдики, ана шу маблағ ҳисобидан кўплаб кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига асос солиниб, ҳудудларда минглаб янги иш ўринлари очилди.
Яқинда эса Голландия Тараққиёт банки “Ҳамкорбанк” билан инвестициявий алоқаларни янада ривожлантириш, унинг акциядорлари таркибига кириш таклифи билан чиқди. Бу тобора ривожланиб бораётган Ўзбекистон банк тизимига бўлган юксак ишончнинг амалий тасдиғи, дейиш мумкин.
Томонлар ўртасида “Ҳамкорбанк” акциядорлик тижорат банки акциядорлари таркибига Голландия Тараққиёт банкини киритиш ва бошқа масалалар юзасидан шартномалар имзоланди.
Аҳамиятли томони шундаки, ушбу хорижий инвесторнинг “Ҳамкорбанк” устав капиталидаги иштироки унинг “Хорижий капитал иштирокидаги банк” мақомини қўлга киритишида муҳим омил бўлди. Бинобарин, миллий қонунчилигимизга кўра, тижорат банклари устав капиталида хорижий капитал иштироки 30 фоиз ва ундан ортиқ бўлганда ана шундай мақомга эга бўлади.
Сўзга чиққанлар алоҳида қайд этганидек, Голландия Тараққиёт банки томонидан киритилаётган инвестициялар “Ҳамкорбанк”нинг ресурс базасини кенгайтириш билан бирга, амалиётга халқаро тажрибаларни жорий қилиш, кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга ёрдамлашади. Ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад ҳам мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, соҳага илғор технологияларни жалб этиш, чекка ҳудудларда саноатни ривожлантириш орқали аҳолининг бандлик даражасини янада оширишдан иборатдир.
Мухтасар айтганда, “Ҳамкорбанк” бундан буён янги мақомга мос равишда фаолият юритган ҳолда, молиявий хизматлар бозорида эгаллаган мавқеини янада мустаҳкамлаб, ўз мижозларига замонавий банк хизматларини кўрсатаверади.

С. РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn