Навоий вилояти: Ободлик ва фаровонлик манзили
  • 27 Сентябрь 2014

Навоий вилояти: Ободлик ва фаровонлик манзили

Мустақиллик буюк ишларга қодир халқ эканлигимизни англатди. Қадриятларимизни эъзозлашга ўргатди. Шу боис бунёдкорлик, яратувчанлик иштиёқи, ғайрат-шижоати билан яшаяпмиз. Ватанимизни янада обод, турмушимизни бундан-да фаровон этиш — энг улуғвор мақсадимиз.

Бугун Навоий вилоятида бўлсангиз, ҳар жабҳада ана шундай фидойилик намуналарининг гувоҳига айланасиз. Зеро, ушбу замин ўтган йигирма уч йил давомида ўзгача қиёфа касб этди. Саноат, қишлоқ хўжалиги равнақ топди. Инфратузилма ривожланди. Таълим, тиббиёт, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришилди. Бундай беқиёс ўзгаришлар замирида, албатта, шу ҳудудда истиқомат қилаётган жонкуяр ва ташаббускор инсонларнинг меҳнати, шижоати мужассам.
— Юртимиз кундан-кунга яшнамоқда, — дейди Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Навоий вилояти бўлими раиси Жалил Норов. — Ҳар қадамда ўзгариш, ҳар қадамда янгиланиш. Шаҳару қишлоқларимиз обод, турмушимиз янада фаровон бўлиб бораяпти. Тўй тўйларга, байрам байрамларга уланаётир. Давлатимиз томонидан юртдошларимизнинг бахтли ҳаёт кечириши учун барча имконият яратиб берилаяпти. Қаранг, Ҳазрат Алишер Навоий номи билан аталган вилоятимиз марказида бир пайтлар у зотнинг бирорта ҳам ҳайкали бўлмаганини қандай изоҳлаш мумкин?! Шукрки, истиқлол шарофати билан миллий қадриятларимиз қайта тикланди, улуғ аждодларимиз номи улуғланиб, уларнинг бой маънавий меросидан баҳраманд бўлиш бахтига эришдик. Хусусан, бевосита Президентимиз ташаббуси билан вилоятимиз марказида Алишер Навоий бобомизнинг бронзадан ясалган 18 метрлик муҳташам ҳайкали ўрнатилди ва унинг атрофида сўлим хиёбон барпо қилинди.
Эътиборлиси, бундай масканларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарида ҳам учратиш мумкин. Ёки собиқ тузум даврида Навоийда энг катта цемент заводи бўла туриб, шу ерлик одамларнинг омонат пойдевор устига пахсадан, гуваладан уйлар қуришга мажбур бўлганига нима дейсиз? Мана, бугун истиқлол саодатидан баҳраманд бўлиб яшаяпмиз. Барча соҳада юқори ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Энг муҳими, одамларимиз бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ. Фақат эзгу мақсадларни кўзлаб, буюк келажак сари дадил одимламоқда. Буни вилоятимиздаги ислоҳотлар самараси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Саҳро бағридаги сирли сандиқ
Навоий вилояти ҳақида гап кетганда, “Саҳро бағридаги сирли сандиқ” деган ташбеҳ қўлланилади. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки бепоён Қизилқум бағри — чинакам хазиналар булоғи. У истиқлол шарофати билан кўз очиб, мамлакатимиз иқтисодий қудрати ва салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугун тап-тақир саҳро ўрнида қад ростлаган обод ва кўркам иншоотлар, йирик саноат мажмуаларини кўриб, ҳайратингиз ошиши тайин. Хусусан, кейинги йилларда ҳудудда ўнлаб йирик ишлаб чиқариш корхоналарида кенг кўламли модернизациялаш ишлари амалга оширилиши билан янги турдаги рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш, уларнинг сифатини янада яхшилаш имконияти яратилди.
Жумладан, айни кунда Навоий кон-металлургия комбинати томонидан тизимни техник ва технологик янгилашга йўналтирилган,  умумий қиймати 964,9 миллион АҚШ долларилик 21 истиқболли лойиҳа рўёбга чиқарилаётир. Уларнинг тўлиқ амалга ошиши комбинат салоҳиятини янада юксалтириш баробарида, мамлакатимиз иқтисодиёти равнақига ҳам хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бинобарин, “Навоий иссиқлик электростанцияси” ОАЖда соатига 478 МВт. электр энергияси ҳосил қилиш қувватига эга янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши воҳадаги саноат тармоқларини жадал ривожлантириш учун имкониятларни кенгайтирди. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда корхонада қуввати 450 мегаватт бўлган яна бир шундай замонавий қурилмани бунёд қилиш ишлари изчил давом эттирилаяпти. Эътиборлиси, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда амалга оширилаётган 527 миллион АҚШ долларилик мазкур лойиҳа шарофати билан нафақат электр энергияси, балки 200 гигакалория/соат миқдорида иссиқлик қуввати ҳам ҳосил қилинади.
— Ишга туширилиши кўзда тутилаётган илғор қурилма юқори тежамкорлиги билан алоҳида ажралиб туради, — дейди жамиятнинг дастурловчи-муҳандиси Латифжон Ҳасанов. — Қолаверса, у халқаро экологик меъёрларга тўлиқ жавоб бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Бу эса атроф-муҳитга заҳарли моддалар ва кимёвий чиқиндилар тарқалишининг олдини олади. Қурилманинг тўлиқ компьютерлаштирилиши ҳам барча технологик жараённи бошқаришни осонлаштиради.
Бундай модернизациялаш тадбирлари мамлакатимиз кимё саноатидаги етакчи корхоналардан бири — “Навоийазот” очиқ акциядорлик жамиятида ҳам олиб борилаётир. Масалан, бу ерда барпо этилаётган  янги мажмуанинг ишга туширилиши билан йилига 660 минг тонна аммиак ва 577,5 минг тонна карбамид ишлаб чиқарилади. Ўз навбатида, 2017 — 2019 йилларга бориб корхона қуввати 2,6 баробар ортиши баробарида, кимёгарлар жамоаси сафи яна минглаб ёш мутахассислар ҳисобига кенгаяди.
Қувонарлиси, айни кунда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонасидаги ўнлаб корхоналар, “Қизилқумцемент”, “Навоийэлектрокимёзаводи” каби йирик саноат тузилмаларида ҳам технологик янгиланишлар изчил давом эттирилаяпти.

Янгиланиш — тараққиёт мезони
Яқинда Навоий шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига Жаҳон банкининг “Мактаб таълимини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида замонавий мультимедиали электрон доска ўрнатилди. Шунингдек, таълим маскани қарийб 29 миллион сўмлик компьютер, DVD, кўргазмали воситалар ва ўқув қуроллари билан ҳам жиҳозланди.
— Электрон досканинг қулайликлари жуда кўп, — дейди мазкур мактаб ўқитувчиси Рустам Абдиев. — Жумладан, қурилма компьютер дастури асосида ишлайди. Унда исталган маълумот ва тасвирларни бир зумда аниқ-равшан акс эттириш мумкин. Қолаверса, сенсорли қоплама ёзувларни тушириш ва аксинча, ўчириш учун жуда ўнғай. Буларнинг барчаси машғулотларни самарали ўтказиш учун айни муддаодир.
Эътиборли жиҳати, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 52 та  умумтаълим мактаби ана шундай компьютер, DVD, ўқув-кўргазмали қуроллар ҳамда электрон доска билан таъминланди.
Дарҳақиқат, таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнини илғор педагогик ва ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пировардида ўқувчи-ёшларнинг замон талаблари даражасида илм эгаллаши учун барча шарт-шароит яратилаётир. Чунончи, янги ўқув йилида вилоятдаги 5 та касб-ҳунар коллежи ва 12 та умумтаълим мактаби ўқувчилари реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган биноларда ўқув машғулотларини бошлади. Бундан ташқари, 2014 йил Манзилли дастурларига мувофиқ, қиймати 7 млрд. сўмлик, жами 6 та болалар спорти иншооти ҳамда 2 та мусиқа ва санъат мактаби фойдаланишга топширилмоқда.

Боғларга бурканган файзли манзиллар
Халқимиз бунёдкорлик салоҳиятидан далолат берувчи иншоотлар, обод манзиллар бугун юртимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарида учрайди. Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғини ҳам, ҳеч иккиланмай, ана шулар сафига қўшиш мумкин. Истиқлол туфайли ушбу боғ бутунлай янги қиёфа, чинакам тароват касб этиб, навоийлик ёшларнинг севимли масканига айланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011 — 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Боғнинг умумий майдони 126 гектардан ошади. Шундан 21 гектарини сунъий кўл эгаллаган. Мўъжаз хиёбонлар, ўйингоҳлар, майдончалар, спортчилар учун югуриш йўлаклари, елканли, эшкакли қайиқ мусобақалари учун махсус жойлар йигит-қизларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши  билан бирга, ўз истеъдод ва маҳоратларини кенг намойиш этишига имкон бермоқда. Қолаверса, “Ёшлар маркази”, амфитеатр, аквапарк, ёпиқ сув ҳавзаси ҳамиша ёш авлод вакиллари билан гавжум. Боғга кираверишда ташкил этилган кичик ҳайвонот боғида сақланаётган турли ҳайвонлар ва қушлар ҳам шаҳар аҳли ҳамда меҳмонлари диққатини ўзига жалб қилиб келмоқда. Ўнлаб замонавий аттракционлар болажонларга қувонч улашаяпти. Мусиқали фавворадан отилиб чиқаётган зилол сувнинг камалак рангида жилоланиши эса оқшом маҳали боғга ўзгача ҳусн бахш этади.
— Навоийнинг иқлими қуруқ, —  дейди Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғи директори Зариф Қўлдошев. — Айниқса, жазирама забтига олганида, ҳамма ўзини соя-салқинга уради. Тўғри-да, кун қайнаганда ям-яшил дарахтзорлар — жоннинг роҳати. Фаввораларни-ку, айтмай қўя қолай. Ёнида бир зум тин олсангиз, намхуш ҳаводан танангиз яйрайди. Шу боис бизнинг истироҳат боғимиз баҳор, ёз ва куз ойларида одамлар билан гавжум. Масканимизни ҳақиқий чаманзорга ўхшатасиз. Кимдир ўғил-қизлари, яна кимлардир набираларини етаклаб шу ерга келишаяпти. Чунки бу ерда ҳамманинг кайфияти чоғ. Болаларнинг шодон қийқириқлари тинмайди. Ён-атроф кўркам, файзли. Дилларда эса Истиқлол сурури жўш уради. Ҳадемай, Ўзбекистонимизнинг ҳар қарич ери ана шундай боғу роғларга бурканади!

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn