Изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси
  • 18 Сентябрь 2014

Изчил ислоҳотларнинг амалий ифодаси

“Ўзэкспомарказ”мажмуасида “UzEnergyExpo — 2014” ва “UzStroyExpo — 2014” ихтисослаштирилган халқаро кўргазмалари ўз ишини бошлади.

Мазкур тадбирлар “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзмахсусмонтажқурилиш” акциядорлик компаниялари, ЎзФА Энергетика ва автоматика институти, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги ҳамда “IEG Uzbekistan” кўргазмалар компанияси томонидан ташкил этилди.
Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари қаторида энергетика ва қурилиш саноатида ҳам барқарор ўсиш суръатлари кузатилмоқда. Айниқса, энергетика тизимида 2011 — 2015 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган дастур доирасида кенг кўламли чора-тадбирлар кўрилаётгани ўзининг юксак самарасини бераётир.  Жумладан, ушбу дастурга кўра, 46 та инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш кўзда тутилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар уларнинг аксарияти амалиётга татбиқ қилингани диққатга сазовордир.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “UzEnergyExpo” ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси эса республикамиз энергетика тизимида амалга оширилаётган бу каби янгиланиш ва ўзгаришлар билан хорижликларни яқиндан таништириш баробарида, ўзаро тажриба алмашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буни жорий йилги анжуманда Хитой, Озарбайжон, Италия, Россия, Чехия, Жанубий Корея сингари давлатларнинг кўплаб етакчи компания ва фирмалари ўзларининг кичик электр станциялари, энергия таъминоти технологиялари, шунингдек,  соҳа ривожига хизмат қилувчи энг сўнгги ишланмалари билан иштирок этаётганидан ҳам англаб олиш қийин эмас.
Айтайлик, “Марҳамат электротехника заводи” ҳамда Хитойнинг “Чжэцень Конки Электро” корхонаси паст вольтли электр ускуналарини намойиш қилаётган бўлса, Чехиянинг “Фанс”, Италиянинг “VISA S.r.L”  компаниялари мустақил равишда электр энергияси ишлаб  чиқарувчи кичик электр станцияларини таклиф этишмоқда.
Маълумки, ҳозирги кунда дунё тажрибасида электр энергияси ишлаб чиқаришда янги, тежамкор усулларни қўллаш мақсадида шамол, денгиз тўлқинлари, биомасса, қуёш нури сингари муқобил манбалардан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратилаяпти. Шу боис кўргазманинг ушбу йўналишга мўлжалланган бўлими ҳам қатнашчилар билан гавжум. 
— Ўзбекистонда хорижий сармоядорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратилаётгани, бу ерда, айниқса, махсус иқтисодий зоналар ташкил этилаётгани биз, ишбилармонлар учун жуда қўл келмоқда, — дейди “EGL-NUR” қўшма корхонаси раҳбари Жи Хунг Сук. — Масалан, корхонамиз жорий йилнинг апрель ойида “Ангрен” махсус иқтисодий зонасида иш бошлаган эди. Қувонарлиси шундаки, ўтган давр мобайнида кўплаб ҳамкорлар топишга улгурдик. Яъни ҳозирги кунда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган 55-185 ваттли кўча чироқларини “Ўзбекэнерго” ДАК тизимидаги барча корхоналарга етказиб бераяпмиз. Бозорни ўрганиб, шунга амин бўлаяпмизки, бизнинг маҳсулотларимизга талаб жуда юқори. Шуни ҳисобга олиб, келгусида бошқа тармоқлар корхоналари ва хонадонлар учун ҳам тежамкор лампалар ишлаб чиқаришни режалаштираяпмиз. 
Вазирлар Маҳкамасининг йиғилишида қайд этилганидек, жорий йилнинг олти ойида республикамизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 17,4 фоиз ўсди. “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компаниясидан олинган маълумотларга кўра эса, ушбу давр ичида тизим корхоналари томонидан ташкилотларга 3 миллион 618 минг тонна цемент, 30,6 минг тонна гипс, 24,2 минг тонна қуруқ аралашма, 12,4 млн.кв.м гипскартон плиталари, 81,5 минг кв.м керамик плиткалар етказиб берилди. Буларнинг бари юртимизда янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил қилиниб, уларда қурилишбоп маҳсулотлар тайёрланаётганидан далолатдир.
Мамлакатимизда қўлга киритилаётган бундай ютуқлар тўртинчи бор ўтказилаётган “UzStroyExpo” халқаро кўргазмасида ҳам ўз аксини топган, десак, муболаға бўлмайди. Чунки мазкур тадбирда соҳага ихтисослаштирилган хорижий ва маҳаллий компаниялар нафақат ўз техника ёки маҳсулотларини, балки қурилиш борасидаги хизматларини ҳам кенг тарғиб этмоқда. 
Мухтасар айтганда, халқаро кўргазмаларда иштирокчиларга соҳадаги янгиликларни кўздан кечириш, уларни амалиётга жорий қилиш, музокара юритиб, шартномалар имзолаш учун барча шарт-шароит яратилган. Бу эса, ўз навбатида, тадбирнинг ишчан руҳда, самарали кечиши учун қулай имкониятдир.
Халқаро ихтисослаштирилган кўргазмалар жорий йилнинг 19 сентябрига қадар давом этади.

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn