Экспортчи тадбиркорлар кўпаймоқда
  • 18 Сентябрь 2014

Экспортчи тадбиркорлар кўпаймоқда

Қулай инвестициявий муҳит тадбиркорлик ривожида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда ишбилармонлар, кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Сурхондарё вилоятида ҳам бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами кенг. Хусусан, Президентимизнинг 2013 йил 8 августдаги “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Термиз бўлими ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси вилоят филиали ташкил этилгани мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.
Айни пайтда филиал ходимлари Корея Республикаси, Хитой, Ҳиндистон каби бир қатор хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорликни мустаҳкамлаш асносида ташқи бозор талаб ва эҳтиёжларини чуқур ўрганиб, хорижий ҳамкорлар топиш борасида маҳаллий тадбиркорларнинг яқин кўмакчисига айланиб бораётир. Хусусан, ўтган давр мобайнида филиал томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектининг 8 нафар вакилига жаҳон бозорига чиқиш юзасидан ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада улар 18,2 миллион АҚШ доллари миқдоридаги экспорт шартномалари тузишга эришиб, жорий йилнинг ўтган даврида 16,5 миллион АҚШ долларилик маҳсулотни чет эллик буюртмачиларга етказиб беришди. 
Чунончи, Шеробод туманидаги “Хомкон Шеробод Тараққиёт” фермер хўжалиги ана шундай амалий кўмак туфайли ўз фаолиятини тобора кенгайтириб бораяпти.
— Юртимизда тадбиркорлар учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган, — дейди мазкур хўжалик раҳбари И. Мардаев. — Мана, вилоятимизда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси филиали ташкил этилиши билан имкониятларимиз кўлами янада кенгайди. Яқинда ушбу филиал кўмагида Ҳиндистонга 180 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш юзасидан шартномалар имзоладик. Қисқа муддатда буюртманинг 53,8 минг АҚШ долларилик қисми бажарилди. Келгусида экспорт жуғрофиясини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Дарҳақиқат, юксак эътибор ва рағбат — улкан муваффақиятларнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Шу маънода, жамғарма филиали томонидан вилоятдаги экспорт салоҳиятига эга корхоналарга хом ашё базасини шакллантириш ва маҳсулотларини хорижга сотиш учун фоизсиз маблағлар ажратилиши улар фаолиятининг янада жадал ривожланишига хизмат қилиши, шубҳасиз.

Н. ХУДОЙБЕРДИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn