Жиззах вилояти: Шижоат, бунёдкорлик ва янгиланиш
  • 28 Август 2014

Жиззах вилояти: Шижоат, бунёдкорлик ва янгиланиш

Дунё ҳамжамияти мустақиллик йилларида Ўзбекистонни тараққиёт йўлидан дадил бораётган мамлакат сифатида тан олди. Бундан барчамизнинг қалбимиз ғурур ва ифтихор туйғуларига тўлди. Зеро, ижтимоий-иқтисодий жабҳаларда эришаётган ютуқларимиз кўлами йил сайин кенгайиб, кўпчиликнинг ҳавасу ҳайратини оширмоқда.

Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизнинг қайси гўшасига борманг, янгиланиш ва улкан бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўласиз. Ҳар бир шаҳар ва туман, қишлоқ ёки маҳалла тобора чирой очмоқда. Меҳнаткаш халқимиз пешона тери билан топган даромадлари эвазига бири-биридан кўркам, ҳар томонлама қулай уй-жойлар қураётгани, ишбилармонларимиз эса юксак тадбиркорлик салоҳиятини намоён этиб, юқори иқтисодий натижаларни қўлга киритаётгани бу борада муҳим омил бўлаётир, албатта. Жиззах вилоятидаги ўзгаришлар ҳам ана шундан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, Буюк Ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган мазкур вилоят аҳли янги-янги марраларни эгаллаш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунга келиб, Жиззах йирик саноат марказларидан бирига айланаяпти. Вилоятда  2013 йилда  791,2 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 1995 йилдагига нисбатан  101,4 баробар ўсишга эришилгани бунинг тасдиғидир.
Энг муҳими, мустақиллик йилларида бу ерда саноатнинг мутлақо янги тармоқ ва  йўналишлари ривожланиши натижасида қурилиш ашёлари, енгил ҳамда озиқ-овқат саноати жадал тараққий этиши кузатилмоқда. Бундан 10 йил аввал вилоят бўйича атиги 428 та саноат корхонаси мавжуд бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони  бир ярим мингтадан ошиб кетгани бунга ёрқин мисол бўла олади.
Сир эмас, яқин-яқин йилларгача Жиззах заминида етиштирилган пахта ҳосилидан олинган толанинг бор-йўғи 9 фоизи шу ерда қайта ишланар эди. Бугун-чи? 35 фоиздан ортди. Бу, шубҳасиз, Президентимиз ўтган йил ёзида вилоятга ташрифи чоғида иқтисодиётнинг барча тармоқлари қаторида, тўқимачилик ва енгил саноатни ривожлантириш бўйича берган йўл-йўриқлари ҳамда маслаҳатлари асосида иш юритилгани самарасидир.
Эътиборли жиҳати, биргина жорий йилнинг ўзида вилоятда саноат салоҳиятини оширишга қаратилган дастур асосида яна умумий қиймати  402,2 миллион АҚШ долларилик 237 та лойиҳа, шу жумладан,  қиймати 75,6 миллиард сўмлик 64 та енгил саноат корхонасини фойдаланишга топшириш белгиланган. Ҳозирги кунга қадар эса уларнинг 30 дан зиёди рўёбга чиқарилди. Пировардида 1,3 минг кишининг бандлиги таъминланиши баробарида, “Jizzax Plastex”, “Jizzax kentex”, “Рустекс” каби корхоналарда йилига 25 минг тонна толани қайта ишлаш эвазига калава ип тайёрлаш, ундан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2016 йилга бориб, пахта толасининг 68,5 фоизини ҳудуднинг ўзида қайта ишлаш имкониятини яратиш кўзда тутилганини ҳисобга олсак, ушбу тармоқ ривожланишнинг ойдин йўлида турганини янада яққолроқ тасаввур эта оламиз.
Президентимиз ташаббуси билан “Жиззах” махсус индустриал зонасининг ташкил этилиши, айниқса, вилоятда хориж инвестициясини жалб қилган ҳолда,  саноат тармоқларини равнақ топтиришда янги босқични бошлаб берди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Негаки, мазкур зонада барпо этилаётган ва  фойдаланишга топширилиши кутилаётган  корхоналар шарофати туфайли қайта тикланувчи энергия, электроника, маиший техника, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши билан бирга, минглаб иш ўринлари яратилмоқда. Зафаробод туманида яқинда ишга туширилган заводда нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда биринчи бўлиб оқ  цемент тайёрланаётгани, унинг асосий қисмини эса хорижлик харидорлар сотиб олиш таклифини билдираётгани фикримизнинг исботидир.
Бундан ташқари, шу кунларда Жиззах шаҳридаги собиқ “Зилола текс” корхонаси ўрнида 15 млн. АҚШ долларилик инвестиция ҳисобига мато тўқиш ва тайёр кийим-кечаклар тикиш лойиҳасини амалга ошириш, ўаллаорол туманидаги бўш ётган бинода эса 12 млрд. сўм сармоя киритиш эвазига тикувчилик фабрикасини бунёд этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 
Шу йилнинг охиригача эса Жиззах шаҳрида ҳар бирининг қуввати 2 млн. жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришга мўлжалланган яна 3 та корхонанинг ишга туширилиши режалаштирилганки, бу ҳам вилоятнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Қолаверса, жиззахликларнинг ҳар бир туманда кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ташаббуси билан чиқиб, унинг рўёби йўлида саъй-ҳаракатлар кўрсатаётганликлари ҳам таҳсинга лойиқ. Натижада чекка ҳудудларда ҳам янги ишлаб чиқариш субъектлари яратилмоқда, аҳолининг даромади ортиб, турмуши тобора фаровон бўлиб бораяпти.
Давлатимиз раҳбари  ўтган йили вилоятга ташрифи чоғида, шунингдек, Жиззах шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бунинг учун унинг бош режасини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, бу шаҳар эндиликда бутунлай қайта қурилмоқда. Хусусан, Мустақиллик ва Навоий кўчалари равонлаштирилиб, икки четидаги пасқам ва кўримсиз иморатлар ўрнида 40 дан ортиқ уч қаватли тураржойлар, хизмат кўрсатиш мажмуалари бунёд этилмоқда. Шу билан бирга, Кичик ҳалқа йўли яратилаяпти, маҳаллаларда хиёбонлар ташкил этилиб, улар жиззахликларнинг ҳақиқий ҳордиқ чиқариш масканига айлантирилаётир. Қайтадан қурилаётган Эски шаҳар деҳқон ва буюм бозорлари, “Кўк бозор”ни эса бунёдкорлар энг улуғ ва энг азиз байрам — Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги шодиёналари арафасида аҳолига совға қилиш ниятидадирлар.
Шу ўринда шаҳар марказидаги эски стадион негизида 10 минг томошабинга мўлжалланган замонавий стадион, иккита ёпиқ манеж ва бассейндан иборат спорт комплекси ҳамда  9 гектарлик хиёбон қад ростлаётгани, ана шу  эзгу мақсадлар учун давлат бюджети ва ҳомийларнинг маблағлари ҳисобидан 56 миллиард сўм сарфланаётганини ҳам қайд этиш ўринлидир.
— Бундай қурилиш ва ободонлаштириш ишлари чекка туманларда ҳам кенг қулоч ёймоқда, —  дейди  “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясининг Жиззах вилояти филиали директори Шуҳрат Раҳимов. — Жумладан, кейинги йилларда қишлоқ аҳли учун намунавий лойиҳалар асосида салкам 2300 та уй-жой қурилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони яна 627 тага кўпаяди.
Вилоятда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, баркамол авлодни вояга етказиш, бунинг учун ўғил-қизларни спортга жалб этиш, вилоятнинг туристик салоҳиятини ошириш, ижтимоий инфратузилмаларни кўпайтириш ва кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Зомин ҳамда Бахмал туманларида сайёҳлик ва дам олиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, “Зомин” санаторийси ҳудудида, денгиз сатҳидан 1200 — 1400 метр баландликда ҳаваскорлар ва болалар учун тоғ-чанғи трассалари фойдаланишга топширилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасидир.
Мухтасар айтганда,  бугун Жиззах вилояти иқтисодиёти тобора тараққий этиб, аҳолининг турмуш даражаси ошмоқда. Жиззахликлар эса Мустақиллик туфайли тинч ва осойишта яшаётганларига шукроналар айтган ҳолда, қўлга киритилган муваффақиятларни янада мустаҳкамлаш пайидан бўлиб, Истиқлолимизнинг 23 йиллик тўйига муносиб тўёна ҳозирламоқдалар.                                                                

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn