Фермерлик ҳаракати
  • 28 Август 2014

Фермерлик ҳаракати

аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда алоҳида ўрин тутади

Бугун комил ишонч билан айтиш мумкинки, мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кутилган натижаларини бермоқда. Бу ўз-ўзидан бўлиб қолаётгани йўқ, албатта. Ўзбекистон мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий соҳаларни либераллаштириш йўлидан дадил бориб, кенг миқёсли ўзгаришларни рўёбга чиқараётгани бу борада муҳим омил бўлаётир. Пировардида юрт тараққиёти йўлида фидойилик кўрсата оладиган авлод шаклланди, яъни одамларнинг атроф-муҳитга, ҳаётга бўлган муносабати тубдан ўзгарди.
Йилдан-йилга тадбиркорлар, хусусий мулк ва кичик бизнес эгалари сони тобора ортиб бораётгани ҳам ушбу саъй-ҳаракатларнинг ҳаётий ифодасидир. Хусусан, қишлоқ хўжалиги таркибий ўзгартирилиб, кўп тармоқли жабҳага айлантирилгани амалда қандай самара бераётгани ҳеч кимга сир эмас.
Айтиш жоизки, бу йўналишда эришилаётган муваффақиятлар негизида, аввало, Юртбошимиз раҳнамолигида иқтисодиётнинг аграр соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар беқиёс аҳамият касб этди. Мамлакатимизда бозор муносабатлари жорий этилиши натижасида қишлоқ жойларда фермерлар асосий кучга айланди. Бугун фермерлар ички ва ташқи бозорда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни ўз зиммасига олмоқда. Бу Ўзбекистоннинг юқори навли пахта ҳамда сифатли мева-сабзавотларни экспорт қилувчи етакчи мамлакатлардан бирига айланишига замин яратди.
Шундай қилиб, истиқлол шарофати билан қишлоқ хўжалигининг янги мулкдорлари шаклланди. Бугун фермерлар нафақат ердан мўл ҳосил олиш ҳадисини олган, балки иқтисодиётдан хабари бор, ўз ҳуқуқларини талаб қила олади, шартнома тузишнинг ҳуқуқий жиҳатларини яхши тушунади. Айни чоғда қишлоқ мулкдорлари жойларда инфратузилмани ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда, ўз хўжаликларида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш ҳисобига иш ўринлари яратиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини бажаришда фаол қатнашмоқда.
Фермерларнинг самарали фаолият юритиши учун барча шарт-шароит яратилганини ҳам айтиш зарур. Хусусан, тегишли норматив-ҳуқуқий асос шакллантирилган. Уларда нафақат фермер мақоми ва фаолияти кафолатлари, балки уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмлари ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда жамиятни демократлаштиришни чуқурлаштириш, иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш ва либераллаштириш, мамлакат аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантиришнинг, аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим бўғини сифатида фермер хўжаликлари роли ва аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермерлар кенгаши ташкил қилинган бўлиб, улар самарали фаолият олиб бормоқда.
Мазкур Фармон билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуни, Солиқ кодекси ва бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, эндиликда фермерлар кенгашлари фермер хўжаликлари манфаатларини кўзлаб, даъво аризаларини тақдим этиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, уларнинг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизликлари) устидан судга давлат божи тўламасдан шикоят қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Қолаверса, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган фермерлар беш йилга ягона ер солиғини тўлашдан озод қилинди.
Албатта, бундай шарт-шароит ва имкониятлар биз, фермерларни замон билан ҳамнафас бўлиб қадам ташлашга ундамоқда. Бугун мамлакатимизда 73 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари бўлиб, уларнинг 35 мингтаси кўп тармоқлидир. Улар эндиликда қишлоқ хўжалигининг бир йўналиши, дейлик, ҳосилни йиғиштириш билан машғул бўлиб қолмай, балки маҳсулотни қайта ишлаш корхоналарини ҳам ташкил қилмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов “Ўзбекистонда Озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида қайд этганидек, фермер хўжаликларига барча турдаги зарур хизматлар кўрсатадиган ишончли бозор инфратузилмасининг ташкил этилгани қишлоқ хўжалиги самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. Сўнгги йилларда юртимизда гўшт, сут, мева-сабзавот ва бошқа маҳсулотларни қайта ишлашга ихтисослаштирилган янги линиялар ишга туширилмоқда, совутқичли омборлар барпо этилиб, хизмат кўрсатиш шохобчалари очилмоқда. Фермерлар чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик ҳамда бошқа тармоқлар ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизнинг суверен тараққиёт йилларида фермерлик иқтисодиётнинг мустақил, айни чоғда етакчи тармоқларидан бири сифатида шаклланди. Бугун фермерлар аҳоли фаровонлигини ошириш, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш,  узоқ қишлоқ жойларда инфратузилмани яхшилашда фаол иштирок этаяпти. Бу эса пировардида мустақил давлатимиз салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Азим ЛАТИПОВ,
Бухоро вилоятидаги «Азим Шофиркон юлдузи» фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn