• 08 Август 2014

Изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар

самараси мамлакатимизда фармацевтика саноати индустриясининг янада ривожланишида ҳам яққол намоён бўлмоқда

Мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида юртимизда барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизими ҳам бутунлай ислоҳ этилди. Юз берган ижобий ўзгаришлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда даволаш муассасаларининг сифат жиҳатидан мутлақо янги ва мукаммал тизими яратилди.

Хусусан, биз айни пайтда тиббиётимиз қанчалик юксалганини биргина фармацевтика соҳасининг янги саноат тармоғи сифатида жадал ривожланиб бораётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Шуни айтиш лозимки, истиқлолгача дори-дармон ва тиббий буюмларнинг деярли барчаси четдан келтирилар, юртимиз фармацевтика бозоридаги маҳсулотларнинг атиги икки фоизигина маҳаллий корхоналар ҳиссасига тўғри келарди. Тизимда, бор-йўғи, иккита корхона фаолият кўрсатар, улар томонидан 20 га яқин турдаги дори воситалари ишлаб чиқариларди холос.

Мустақиллик туфайли мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантириш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилгач, бу борадаги кўрсаткичлар тубдан ўзгарди. Аввало, ушбу соҳанинг ҳуқуқий замини яратилди. Аҳолини безарар ва самарадор дори воситалари билан таъминлашни кўзловчи “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги каби қатор қонунлар қабул қилинди. Таъбир жоиз бўлса, ушбу ҳужжатлар дори воситалари муомаласини тартибга солиш ва уни такомиллаштиришга мустаҳкам замин яратди.

Шунингдек, соҳага инновацион технологиялар жорий қилиниб, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда Президентимизнинг 2007 йил 19 ноябрда қабул қилинган “2011 йилгача бўлган даврда фармацевтика тармоғи корхоналарини модернизация қилиш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш Дастури тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтади.

— Ушбу ҳужжат туфайли миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, тармоқда маҳаллийлаштириш дастурларини амалга ошириш, илмий тадқиқот фаолиятини кенгайтириш ва янги ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш борасида замонавий тизим шакллантирилди, — дейди республика соғлиқни сақлаш вазирлиги Бош бошқарма бошлиғи Ҳабибулло Жалилов. — Шунинг баробарида маҳсулот ишлаб чиқариш сифати ва салмоғи ошди. Тармоқ корхоналарини тубдан қайта қуриш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, чет эл инвестицияларини жалб этиш ишлари қизғин паллага кирди. 

Бугун юртимизда дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқариш ҳуқуқига эга 140 дан ортиқ маҳаллий фармацевтика корхоналари самарали фаолият кўрсатаяпти. Улар томонидан 2000 га яқин номдаги дори препаратлари, тиббий буюм ва тиббий техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Энг муҳими, айни пайтда 17 та маҳаллий фармацевтика корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган 45 турдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар қатор давлатларга экспорт қилинмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бир вақтлар эҳтиёжнинг, бор-йўғи, икки фоизини ўзида ишлаб чиқарган мамлакатимизнинг эндиликда жаҳон фармацевтика бозорида муносиб ўрин топиб, экспорт қилувчи давлатга айланаётганлиги диққатга сазовордир. Зеро, сармоядорлар учун яратилган қулай инвестициявий муҳит, имтиёз ва рағбат соҳага кўплаб ишбилармонларни жалб этмоқда. Ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг қадоқланиши, таркиби жаҳон стандартларига тўла жавоб беради. “Ўзфармсаноат” давлат-акциядорлик концерни таркибидаги 8 та корхонада GMP, 24 та корхонада ISО 9001 халқаро сифат кўрсаткичлари бўйича сертификациялаш амалга оширилганлиги бунинг яққол мисолидир. Ўз-ўзидан аёнки, бу маҳсулот турини кўпайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш имконини кенгайтирмоқда. Шу йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ишлаб чиқариш ҳажми 248,5 миллиард сўмни ташкил этди. Экспорт ҳажми эса 4808,6 минг АҚШ долларига тенг бўлди. 

— Тан олиш керак, бугун дунё фармацевтика саноатида рақобат юқори, кўп йиллик тажрибага эга бўлган рақобатчилар ҳам етарли, — дейди “Ўзфармсаноат” давлат-акциядорлик концерни бўлим бошлиғи Равшан Ортиқов. — Шундай бўлса-да, мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бизни ана шу майдонда ўз ўрнимизни топишимиз ва мавқеимизни янада мустаҳкамлашимизни тақозо этади.

Юртимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга талайгина қулайлик ва имтиёзлар яратилган. Бундай узоқни кўзлаб амалга оширилаётган тадбирлар миллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, тайёрланаётган маҳсулот ҳажмини ошириш баробарида, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилиши, шубҳасиз.

Шу ўринда республикамиз фармацевтика саноати ривожланишида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси ҳам ўз ўрнига эгалигини таъкидлаш жоиз. Зеро, компания фармацевтика бозорида ишонч билан фаолият юритиб келаётган ва изчил ривожланаётган, республика аҳолиси ҳамда даволаш-профилактика муассасаларини кенг турдаги сифатли дори воситалари билан таъминлаётган йирик корхоналардан бири ҳисобланади. 

Ҳозир компания таркибида 8 та акциядорлик жамияти ва 10 та шўъба корхона, 17 та дорилар омборхонаси, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида жами 1300 дан ортиқ дорихона муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу дорихоналарнинг аксарият қисми қишлоқ жойларда, шу жумладан, 707 таси қишлоқ врачлик пунктларида жойлашган.

Бундан тўрт йил муқаддам компаниянинг ҳудудий бўлинмалари томонидан махсус жиҳозланган 14 та изотермик автомобилларда кўчма дорихоналар фаолияти йўлга қўйилган эди. “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида бу борадаги ишлар кўлами янада ортмоқда. Яқинда ушбу муассаса томонидан яна бир ижтимоий лойиҳа амалга оширилди. Гап шундаки, чекка ҳудудларда яшайдиган аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашни янада яхшилаш мақсадида махсус жиҳозланган “Damas” автомобиллари негизида қўшимча кўчма дорихоналар ташкил қилинди. 

Бунинг учун “GM Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамияти мутахассислари билан биргаликда кўчма дорихонанинг экспериментал модели яратилди. Уларнинг ички жиҳозланиши маъқулланганидан сўнг  50 та махсус автомобиль ишлаб чиқарилиб, тегишли равишда жиҳозланди. Яъни автомашина ичига дори воситалари ва тиббий буюмларни жойлаштириб, савдони амалга ошириш учун жавон ҳамда музлаткичлар ўрнатилди.

Мазкур кўчма дорихоналар мамлакатимизнинг энг олис ҳудудларидаги аҳолини сифатли ва арзон нархдаги дори воситалари билан таъминлашни янада яхшилаш ҳамда аҳолининг дори воситаларига бўлган талабини узлуксиз равишда қондиришга хизмат қилади. Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида “Дори-дармон” акциядорлик компанияси томонидан махсус жиҳозланган 50 та “Damas” автомобили Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларга етказиб берилди. 

— Ҳар бир кўчма дорихона орқали 500 турга яқин сифатли дори-дармонларни арзонлаштирилган нархларда Оролбўйи аҳолисига етказиб бераяпмиз, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Дори-дармон” акциядорлик жамияти раҳбари Гулистон Собирова. — Уларда, асосан, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган дори воситалари, шифобахш ўсимликлардан тайёрланган дамламалар мавжуд. Кўчма дорихоналар хизматидан дастлаб Мўйноқ, Элликқалъа, Беруний ва Нукус туманлари аҳолиси баҳраманд бўлди.

Табиийки, бу эзгу ташаббус мамлакатимиз раҳбари бошчилигида юртимизда инсон саломатлигини асрашга бўлган юксак эътибор ва чексиз ғамхўрликнинг амалий ифодасидир. Қолаверса, республикамиз фармацевтика бозорини маҳаллий дори-дармонлар билан тўлдириш мақсадида соҳа учун кимё-технолог, биотехнолог, муҳандис каби қатор мутахассислар тайёрлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда клиник тадқиқотларнинг ривожланган мустаҳкам базаси мавжуд. Янги дори воситалари ва фаол таъсир қилувчи моддаларни яратиш соҳасида тадқиқотларни амалга оширувчи қатор илмий тадқиқот институтлари ва марказлар фаолият кўрсатмоқда. Энг муҳими, маҳаллий хом ашёдан табиий шифобахш дори-дармонлар ишлаб чиқариш ҳажми ошди. Фақат охирги уч йилда ўзимизнинг фармацевт олимларимиз томонидан 40 дан ортиқ янги дори воситалари кашф этилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинганлиги мамлакатимизда ушбу саноат тармоғининг нақадар ривожланиб, юксалиб бораётганидан далолатдир.

Бу каби ижобий натижаларнинг барчаси истиқлол йилларида тиббиёт соҳасида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар самарасидир. Бугунги кунда мутахассисларимиз томонидан маҳаллий хом ашёдан сифатли, табиий ва самарали дори воситалари ишлаб чиқарилиб, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида янада чуқурроқ изланиш, тажриба ва таҳлиллар олиб борилмоқда. Зотан, мамлакатимиз раҳбари бошчилигида яратилаётган имкониятлар, юртимизда инсон саломатлигини асрашга бўлган эътибор ва чексиз ғамхўрлик фармацевт мутахассисларимизни ана шундай фидойиликка ундамоқда.

 

Фурқат САНАЕВ.

Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.