Ўзбекистон—Тожикистон: юк ва йўловчи ташишда янги имкониятлар яратилади
  • 14 Февраль 2018

Ўзбекистон—Тожикистон: юк ва йўловчи ташишда янги имкониятлар яратилади

 

“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятида Тожикистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Иброҳим бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ачилбой Раматов иштирок этди. 

Акциядорлик жамияти матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон темир йўл тармоқлари ўртасида транзит юкларни ташиш, вагонларга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни изчил ривожлантириш, янги имкониятларни ишга солиш, ишончли ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокамаларнинг асосий мазмунини ташкил этди. 

Шунингдек, учрашувда локомотив ва вагонларни замон талаблари даражасида қайта таъмирлаш, юк ва йўловчи ташиш соҳасида ўзаро келишган ҳолда иш олиб бориш, транзит юкларни олиб ўтишда қўшимча имтиёзлар яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ҳар икки давлатда ҳам юк ва йўловчи ташишни кўпайтириш борасида янги имкониятлар яратилади. Ўзаро суҳбат чоғида амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди. 

Ташриф доирасида Тожикистон делегацияси аъзолари “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли қатор саноат қорхоналари ва ташкилотларида бўлиб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашишди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn