Самарқандда 12,2 километрлик трамвай йўли қуриб битказилди
  • 14 Февраль 2018

Самарқандда 12,2 километрлик трамвай йўли қуриб битказилди

 

Самарқанд шаҳрида умумий узунлиги 34,8 километрни ташкил этувчи трамвай йўллари қурилишининг биринчи босқич иккинчи йўналиши ҳам ниҳоясига етказилди. 

Ўтган йилнинг 15 апрель куни узунлиги 7,2 километрдан иборат биринчи босқичнинг илк йўналиши Темир йўл вокзали — Саттепа оралиғидаги линия ишга тушган эди. Куни кеча биринчи босқичнинг иккинчи йўналиши бўлган Темир йўл вокзали — Сиёб бозори оралиғидаги узунлиги 5 километрдан иборат трамвай линиясида ҳам қурилиш ишлари якунланди. 

Янги йўналиш 18 та бекатдан иборат бўлиб, унда 8 та трамвай аниқ жадвал асосида тонгги соат 06:00 дан тунги 23:00 га қадар ҳаракатланиши режалаштирилган. Қатнов оралиғи 7 дақиқани ташкил этади. 

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Самарқандда 1948–1973 йилларда трамвай қатнови мавжуд бўлган. Эски трамвайлар қатнови атиги битта йўналишдан иборат бўлиб, айнан Темир йўл вокзали —  Сиёб бозори бекати бўйлаб йўловчиларга хизмат кўрсатган. 

Кейинги йилларда шаҳарнинг Рудакий ва Беруний кўчаларида реконструктсия ишлари олиб борилиши натижасида йўллар сезиларли даражада кенгайтирилди ва трамвай ҳаракатланиши учун шароит яратилди. Эндиликда ушбу қурилган трамвай линияси аҳоли зич жойлашган массивларни бирлаштириб, уларнинг транспортга бўлган эҳтиёжини қондиради. 

Трамвайларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида лойиҳа доирасида 6 та махсус электр тортиш станциялари қурилди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун йўналиш бўйлаб лозим бўлган йўл белгилари ва светофорлар талаб доирасида ўрнатилди. Рудакий ҳамда Гагарин кўчалари кесишмасида трамвайларга техник хизмат кўрсатиш депоси ҳам бунёд этилмоқда.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn