Иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди
  • 14 Февраль 2018

Иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди

Пойтахтимизда иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича Ўзбекистон — Жанубий Корея биринчи қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг иқтисодий ҳамда молиявий тузилмалари раҳбарлари, хусусан, ташқи савдо, инвестиция, энергетика, автомобилсозлик, қурилиш, кимё, енгил саноат, тиббиёт, таълим, транспорт ва транспорт коммуникациялари, ахборот технологиялари ҳамда сайёҳлик соҳаларига масъул вазирлик ва идоралари, компания ҳамда концернлари мутасаддилари, етакчи ишбилармонлар қатнашди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов, Корея Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, стратегия ва молия вазири Ким Донг Ён ҳамда бошқалар мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбек ва корейс халқларининг маданияти, урф-одатлари бир-бирига ўхшаш. Шунинг учун ҳам, қайси соҳа ёки тармоқни олмайлик, алоқаларимиз ўзаро тенглик ҳамда ишончга асосланган. Икки мамлакат раҳбарларининг олий даражадаги учрашув ва музокаралари доирасида эришилган истиқболли келишувлар кўп қиррали ўзаро муносабатларни ривожлантиришга янгича суръат бағишлади. 

Айтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда Жанубий кореялик ишбилармонлар сармояси иштирокидаги 500 дан ортиқ корхоналар нефть-газ, кимё саноати, автомобилсозлик, қурилиш материаллари, электротехника, логистика, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт, таълим каби кўплаб соҳаларда фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг маҳсулот ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Мажлисда таъкидланганидек, ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард 360 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Келгусида барча имкониятни ишга солиш асносида мазкур кўрсаткични бир неча баробар ошириш режалаштирилган.

Анжуман доирасида томонлар Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Корея Республикаси ҳукумати ўртасида қабул қилинган Иқтисодий ҳамкорлик жамғармаси кредитлари тўғрисидаги шартнома доирасидаги 2018 — 2020 йилларга мўлжалланган лойиҳаларни амалга оширишнинг боришини кўриб чиқдилар. Бунинг учун 

500 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Йиғилишда Корея Республикасининг етакчи тиббиёт марказлари ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда хусусий тиббиёт муассасаларини ривожлантириш ва маҳаллий тиббиёт кадрлари малакасини ошириш марказини ташкил этиш, хусусан, ўзаро ҳамкорликда замонавий ва юқори хизмат кўрсатиш имкониятига эга кўп тармоқли болалар тиббиёт-соғломлаштириш марказини ташкил қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

— Ўзбекистон нафақат савдо-иқтисодий, балки соғлиқни сақлаш йўналишида ҳам кўплаб ютуқларни қўлга киритмоқда, — дейди Корея Республикаси Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлигининг Халқаро соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ли Мин Вон. — Бунга мамлакатингизга ташрифимиз доирасида яна бир бор амин бўлдик. Бугунги йиғилишда тиббиёт соҳасида янги лойиҳалар ҳақида ўзбекистонлик мутахассислар билан фикр алмашдик. Ҳамкорликдаги истиқболли лойиҳалар ўз самарасини бериши, шубҳасиз.

Корея Республикасининг илғор клиникалари ҳамда тиббиёт марказларининг диагностика, даволаш, сервис ва менежмент масалалари бўйича тиббий хизмат кўрсатишга оид тажрибасини ўрганиш ҳамда мамлакатимиз тиббиётига жорий этиш учун улар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида Корея Республикаси илғор технологиялар институти (KIAT) билан ҳамкорликда Ўқув-амалий тўқимачилик технопаркини ташкил этиш, Ўзбекистон — Корея бизнес маркази ҳамда Корея маданияти ва санъати уйини очиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 

Мулоқот чоғида томонлар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари ҳамда анъанавий яқин ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди. 

Йиғилиш якунида тиббий-соғломлаштириш мажмуаси қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандуми имзоланди. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn