Кластер усулига асосланган лойиҳа. У кутилган самарани бераяптими?
Кластер усулига асосланган лойиҳа. У кутилган самарани бераяптими? Бахтиёр АКРАМОВ /«Халқ сўзи»/ олган сурат.
  • 13 Февраль 2018

Кластер усулига асосланган лойиҳа. У кутилган самарани бераяптими?

Инновация — давр талаби. Бундай иш тутуми ҳар бир соҳа ривожини таъминловчи омил эканлиги бугун ўз исботини топмоқда. Шу маънода, Президентимиз томонидан юртимизда жорий йилнинг “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб номланиши ҳамда ушбу йўналишда кўплаб дастурий вазифалар белгилаб берилгани нурли уфқларни очмоқда.

Айтиш жоизки, илғор ишланмалар тадбиркорлик соҳасида ҳам ҳаётий заруратга айланаяпти. Чунки ҳозирги кунда ишбилармонларимиз жаҳонга чиқиб, ташқи бозорларга жадал кириб бораётир. Шундай экан, фаолият ҳам халқаро меъёрларга мос бўлиши керак-да.

Эътиборлиси, мамлакатимизда бундай тадбиркорлик субъектлари кам эмас. Шулардан бири — пойтахтимиздаги “Global Invest Import” масъулияти чекланган жамияти. Корхона жамоаси айнан замонавийликка урғу бераётгани боис унинг “Premium Agro Product” брэнди остидаги маҳсулотларига Австрия, Туркия, Германия, Бельгия каби давлатларда ҳам талаб тобора ортиб бораётир.

Гап шундаки, мева-сабзавотларни қуритиб, қадоқлашга ихтисослаштирилган мазкур жамият маҳсулотлари харидорларга юз фоиз табиийлиги сақланган ҳолда етказиб берилади. Цехлар эса энг охирги русумдаги ускуналар билан жиҳозланган. Бу амалга оширилаётган лойиҳанинг биринчи босқичи, холос.

Эндиликда жамият мутасаддилари ҳосилни етиштиришдан тортиб, экспортга тайёрлашгача бўлган жараённи зиммасига олаяпти. Яъни тадбиркорлик субъектида кластер усули жорий қилинмоқда. Шу мақсадда Тошкент вилоятидан 250 гектар ер олинди. У ердан илк ҳосил эса шу йилнинг март ойида тўпланади. 

— Европа минтақаси давлатларида саримсоқпиёз, турли кўкатларга талаб юқори, — дейди жамият раҳбари Неъматулло Ҳасанов. — Шунинг учун дастлаб уларни етиштиришни йўлга қўйдик. Тез орада сабзавотлар экамиз. Мевали боғ ҳам ташкил қилинади.

Корхона жамоаси шу йилнинг март ойигача 3 минг тонналик универсал совитиш мажмуасини бунёд этиш ниятида. У орқали нафақат цехлар ҳарорати, балки мева-сабзавот ва кўкатлар, қисқача айтганда, ҳар бир маҳсулот олти ойдан бир ярим йилгача сархил ҳолида сақланади.

Лойиҳанинг учинчи босқичида барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тезкор музлатувчи замонавий линия харид қилиб ўрнатиш мўлжалланган. Натижада узум, қовун, ўрик, қулупнай, шафтоли сингари маҳсулотларни Хитой, Япония ва бошқа мамлакатларга сотиш имконияти яратилади. Бу ҳам амалга ошиши турган гап. Чунки юртимиз заминида етилган ширин-шакар меваларимизга дунё миқёсида талаб юқори, буюртмалар кўп. Корхона жамоаси томонидан жорий йил учун 1 миллион долларлик экспорт шартномаси имзолангани ана шундан далолат беради. Муҳими, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси тизимида бундай лойиҳалар кўплаб амалга оширилмоқда.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ /«Халқ сўзи»/

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn