Жанубий Корея технологияси асосида иссиқхона. У қандай афзалликларга эга?
  • 13 Февраль 2018

Жанубий Корея технологияси асосида иссиқхона. У қандай афзалликларга эга?

Тадбиркор Зокир Давлатов томонидан барпо этилган замонавий иссиқхонада экинларга зарур озуқа шприц орқали берилади.

— Мажмуамиз Жанубий Корея технологияси асосида ишлайди, — дейди Ромитан туманидаги “Қаҳрамон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи тадбиркор. — У экинни инновацион усуллардан фойдаланган ҳолда парвариш қилади. Зарур ҳарорат мўътадиллиги беш-олти қатор тортилган қувурлар эмас, балки ихчам радиаторлар орқали таъминланади. Бу табиий газ ва сувни уч баробаргача тежаш имконини беради. Ҳаво алмашинуви яхшиланади. Натижада помидор ниҳолларининг илдиз чириши ҳамда замбуруғ касалликларига чалиниш эҳтимоли камаяди. Иссиқхона том қисмидаги оқ парда газ босими пасайганида ҳароратни меъёрида сақлаб туришда асқатади. Қора парда эса қуёшли кунларда экинни офтоб нурининг тик тушишидан асрайди. Бундан ташқари, биз, ҳатто томчилаб суғоришдан ҳам кўра қулай ва фойдали бўлган усулни қўллаяпмиз. Яъни экинга керакли озуқа унинг илдиз ўзагига шприцлар воситасида берилаяпти. Бу ҳосилдорликнинг ошишига хизмат қилади.

Айтиш керакки, айни пайтда ушбу маҳалла ҳудудидаги 50 гектар ерда З. Давлатов каби ишбилармонлар томонидан иссиқхоналар барпо этилган. Етиштирилган маҳсулотнинг асосий қисми экспортга чиқарилаётир.

Истам ИБРОҲИМОВ /«Халқ сўзи»/

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn