XS.UZ
Ўзбекистон Президенти Бирлашган Араб Амирликлари ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирини қабул қилди Ташқи ишлар вазирлигида учрашув Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ўнинчи ялпи мажлисининг очилиши тўғрисида Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида «The Washington Times»: Ўзбекистондаги диний бағрикенглик бошқа мамлакатлар учун намунадир Сайёр қабуллар самараси Миллатлараро муносабатлар янада мустаҳкамланади «Баркамол авлод — 2017» машъаласи Жиззахга йўл олди Грузия маданияти кунлари Ўзбекистон Президенти Россия ички ишлар вазирини қабул қилди Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Бош вазири Тереза Мэй Жаноби Олияларига Владимир Колокольцев: Ўзбекистон ички ишлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳайратдамиз Ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлинмалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди БМТ халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистонда давлат дастурининг амалга оширилиши билан таништирди Сарҳад билмас дўстлик Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда янгича ёндашув Файзулла Муллажонов Очиқлик, ошкоралик  ва масъулият Қурилиш саноатида йирик лойиҳа Бебаҳо маданий мерос ва сайёҳлик салоҳияти  Мурувват тадбирлари давом этмоқда Ўзбекистон — Туркманистон: Қардошлик ришталари мустаҳкамланиб, ҳамкорлик юксак натижалар бермоқда Тинчлик ва барқарорлик — тараққиётнинг муҳим омили Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Мамлакатларимиз тараққиётига йўналтирилган дадил қадамлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мажлиси тўғрисида ахборот Ўзбекистон — Европа Иттифоқи: парламентлараро алоқалар кенгаймоқда Президент соврини — илғорларнинг илғорларига
  • 09 Июнь 2014

Мамлакат тараққиёти, иқтисодиёт барқарорлиги ва фаровонликнинг мустаҳкам асоси

Кеча Тошкент шаҳридаги муҳташам Симпозиумлар саройида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. 

Халқаро форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

Халқаро конференцияда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки каби нуфузли халқаро ташкилотлар ва молия институтлари вакиллари, дипломатик миссия раҳбарлари, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Буюк Британия, Франция, Германия, Австрия сингари қирқдан ортиқ мамлакатдан етакчи эксперт ва ишбилармонлар иштирок этди.

Бу йирик анжуман жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига талаб тобора ортиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланиши ва рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланган қишлоқ хўжалиги ҳамда қайта ишлаш саноатини тараққий эттириш, озиқ-овқат дастурини амалга ошириш борасида эришган ютуқларни ўрганиш, халқаро ҳамжамият ва хорижлик экспертларни ана шу қўлга киритилган муваффақиятлар билан яқиндан таништиришга бағишлангани жиҳатидан аҳамиятлидир.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Жозе Грациану да Силва Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича глобал жараёнда фаол иштирок этаётгани ва 2000 йилда бўлиб ўтган Мингйиллик саммитида дунё мамлакатлари олдига қўйилган, хусусан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги вазифаларни режа асосида амалга ошираётганини таъкидлади.

Маълумки, Ўзбекистон — қишлоқ хўжалигида кўп йиллик бой тажриба ва юксак илмий салоҳиятга эга мамлакат. Бу, айниқса, истиқлол йилларида Юртбошимизнинг ташаббуси билан соҳа истиқболига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли янада яққолроқ намоён бўлиб, давлатимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги, дастурхонимиз тўкин-сочинлиги, экспорт салоҳияти ошишига хизмат қилаётир. Аграр сектордаги юксак натижалар эса ҳақли равишда барчанинг ҳавасини келтириб, чет эллик инвесторларнинг қизиқишини оширмоқда. Зеро, бугунги кунга келиб, мамлакатимизда бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш ҳажми истиқлолнинг дастлабки йилларидагига нисбатан қарийб 8 баробар, сабзавот — 2,5, картошка — 6,4, мева — 4,4 баробар ошган бўлса, қорамоллар бош сони 4,6, қўй-эчкилар сони эса 3,5 марта кўпайди.

Дунё ҳамжамияти томонидан ривожланишнинг “ўзбек модели” дея эътироф этилаётган ўзимизга хос тараққиёт йўлини танлаганимиз, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини юксалтириш мақсадида чуқур ўйланган, кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни, аввало, иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлмиш қишлоқ хўжалигидан бошлаганимиз мана шундай ютуқларга асос бўлмоқда.

Чиндан ҳам, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий қилиш ва хусусий мулкчилик шаклини ривожлантиришга йўналтирилган изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, фермерлик ҳаракати кенг йўлга қўйилди. Айни пайтда улар етарлича экин майдонига эга бўлган, юксак самарали замонавий техника ва илғор технологиялар билан таъминланган йирик хўжаликларга айланиб, таъбир жоиз бўлса, қишлоқларимизнинг таянч устунига айланди. Мамлакатимизда етиштирилаётган ғалла, пахта, пилла, мева, сабзавот, полиз ва бошқа маҳсулотларнинг асосий қисми ушбу ҳаракат ҳиссасига тўғри келаётир.

Ер юзида аҳоли нуфусининг йил сайин ўсиб бориши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабни тобора кучайтирмоқда. Шу боис жаҳонда озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга устуворлик берилиб, инсоннинг тўйиб овқатланишига эришиш, “истеъмол савати”нинг мақбул тузилмасини шакллантириш, замонавий агротехнологияларни қўллаш орқали экинлар ҳосилдорлигини кўпайтириш мақсадида аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти. Бироқ иқлим ўзгариши туфайли рўй бераётган табиий офатлар, сув тақчиллиги, қурғоқчилик каби ҳолатлар вазиятни янада мураккаблаштираётир. Оқибатда дунё бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда. Бу муаммо эса 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози таъсирида янада ўткир тус олди. 54 мамлакатда оилалар моддий аҳволи даражасининг пасайиши кузатилгани, 20 дан зиёд давлат аҳолисининг асосий қисми очликдан қийналаётгани, 12 та мамлакатда аҳолининг ўртача умр кўриши қисқаргани бунинг яққол далилидир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотлари ҳам шунга ҳамоҳанг. Унга кўра, сўнгги йилларда дунё аҳолисининг 840 миллиондан ортиғи очликдан азият чекаяпти.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон энди мустақилликка эришган кунлар, яъни 1991 йилда республикамизда атиги 940 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 17 центнерни ташкил этган эди, холос. Шу боис илгари аҳоли эҳтиёжи учун зарур дон ва ун маҳсулотлари четдан келтирилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бугунги муваффақиятлар замирида давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб олиб борган доно сиёсати мужассам эканлиги аён бўлади. Бинобарин, деҳқон ва фермерларимизнинг самарали меҳнатлари эвазига ўтган йиллар мобайнида ғалла ҳосилдорлиги 3, ялпи ҳосил 

7 баробардан зиёдга кўпайди. Бу нафақат ўз эҳтиёжимизни таъминлаш, балки хориж давлатларига дон экспорт қилиш имконини берди.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгаришлар чуқурлаштирилиб, бошоқли дон ва озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонлар кенгайтирилгани, ҳосилдорлиги оширилаётгани натижасида тарихан жуда қисқа муддатда озиқ-овқат ва ғалла мустақиллигига эришилди.

Президентимизнинг 2008 йил 20 октябрдаги “Озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни оптималлаштириш ва уларни етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, айниқса, соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжатга биноан, пахта экиладиган майдонлар қарийб 100 минг гектарга қисқартирилиб, бўшаган майдонларга сабзавот, полиз, картошка ва бошқа озуқа экинлари жойлаштирилди. Пировардида буларнинг бари, ҳатто, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози тўлқинлари кўтарилган ўша йилларда ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигини камайтириш, уларнинг нархлари ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил бўлди.

Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари, айрим давлатлардагидек, фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, аксинча ҳосилдорликни кўтариш орқали ҳам мустаҳкамланаётир. Буни тасаввур қилиш учун мана бу рақамларни келтиришнинг ўзи кифоя, назаримизда. Агар 1991 йилда боғларнинг ҳар гектаридан ўртача 36,9 центнер мева, токзорлардан 50,4 центнер узум, сабзавот экинларидан 188,3 центнер, картошкадан 86,9 центнер ҳосил йиғиштириб олинган бўлса, мазкур кўрсаткич 2013 йилда тегишли равишда 110, 113, 278, 210 центнерга етди.

Шу ўринда савол туғилади: бунинг боиси нимада? Гап шундаки, давлатимиз раҳбарининг 2006 йил 11 январдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 219 та ширкат хўжалиги негизида мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган 40 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ташкил этилди. Ислоҳотларнинг кейинги босқичида, яъни 2008 — 2010 йилларда ушбу фермер хўжаликларининг ер майдонлари мақбуллаштирилди, боғдорчилик ва узумчилик, сабзавот ва полизчилик тармоқларидаги фермер хўжаликлари эса сараланган ҳолда, йирик субъектлар сифатида шакллантирилди. Шу тариқа боғ-роғлар асл соҳибкорлар қўлида файзу барака масканига айланди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги мутахассисларининг таъкидлашича, боғдорчиликда жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий технологиялар татбиқ қилинаётгани туфайли ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам муттасил ўсиб бораяпти. Интенсив технология асосида боғ яратиш — шулардан бири. 2011 — 2014 йилларда 13,5 минг гектар майдонда ана шундай усулда янги боғлар бунёд этилди.

Аслида, интенсив технология юртимиз боғбонлари учун янгилик эмас. Маълумотларга қараганда, мазкур усул дастлаб ўтган асрнинг бошларида, сўнгра 50 — 60-йилларида академик М. Мирзаев номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтида синовдан ўтказилган. Муассаса музейида сақланаётган экспонатлар, хусусан, пакана дарахтлардан таркиб топган боғлар суратлари билан танишган киши бунга комил ишонч ҳосил қилади. Шунинг учун ҳам, аксарият давлатлар учун янгилик бўлган ана шу технологияни ўзлаштириш республикамиз шароитида қийинчилик туғдирмади.

Интенсив боғларга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётгани бежиз эмас. Чунки пакана ва яримпакана дарахтлар иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради. Аниқроғи, ўша йили гектарига 2-5 тоннагача, учинчи йилда 5-10 тоннагача, 4-5 йилларда эса 40-50 тоннадан зиёд мева беради. 

Боғлар ҳосилдорлиги юқори бўлишининг омиллари кўп, албатта. Қулай табиий иқлим, замонавий инфратузилма, етарли шарт-шароит мавжудлиги шулар жумласидандир. Мутахассислар фикрича, яна бир муҳим жиҳат борки, бу ҳам бўлса, селекция ишлари тўғри йўлга қўйилиб, янги маҳсулдор навлар яратилишидир.

Ўзбекистонда бу омиллар барчаси муҳайё қилингани алоҳида эътиборга лойиқ. Натижада серҳосил, саноатбоп, касалликларга чидамли, энг асосийси, экологик тоза маҳсулот берадиган навлар яратилиб, улар орасидан энг истиқболлилари районлаштирилмоқда.

М. Мирзаев номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти нафақат юртимиз, балки бутун Ўрта Осиёдаги энг тўнғич илмий муассаса бўлиб, бу ерда яратилган янги навларга қўшни давлатларда ҳам талаб ниҳоятда катта. Бунинг боиси, кўп йиллик тадқиқотлар натижасида 175 дан ортиқ янги мева-узум навлари яратилган бўлиб, ҳозирги кунда улардан 70 дан зиёди республика ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги Давлат реестрига киритилганидир.

Мустақиллик институт ҳаёти, унинг селекционер олимлари фаолиятида туб бурилиш ясаб, янги даврни бошлаб берди. Илмий изланишлар кўлами янада кенгайиб, фақат охирги 10 йил ичида олма, нок, беҳи, шафтоли, ўрик, олхўри, анор, хурмо ва узумнинг 53 та янги нави республика Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш Давлат комиссиясига топширилгани ана шундан далолат беради.

Конференцияда қайд этилганидек, кейинги йилларда дунё бўйича иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган экологик омиллар селекционерлар олдига янги талабларни қўймоқда. Илмий асосланган, тажрибада синалган, сув танқислиги ва қурғоқчил шароитга мослашувчан, ҳар хил зараркунанда ҳамда касалликларга чидамли, юқори ҳосилли навларни кўпайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. 

Ҳозирги таҳликали замонда айрим давлатларда аҳолини табиий, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб муаммога айланиб бораётган мураккаб бир пайтда мамлакатимиз изчил тараққиётга эришаётгани, бозорларимизда йил давомида сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари сероблиги ва арзонлиги таъминланаётгани, халқимиз фаровонлиги юксалиб бораётгани қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдиради. Бунда захира маҳсулотларини жамғариш, уларни тўғри ва сифатли сақлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаёт-гани муҳим омил бўлмоқда. “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси айни шу мақсадда ташкил этилган.

Мазкур уюшма тизимида 57 та ҳудудий улгуржи савдо базаси ва корхона фаолият юритаяпти. Деҳқону боғбонларнинг машаққатли меҳнати эвазига етиштирилган ноз-неъматлар харид қилиниб, ана шу корхоналарда сифатли сақланади ва элимиз дастурхонига арзон нархларда пешма-пеш тортиқ қилинади. Бунинг учун уларда 116 минг квадрат метр совитилмайдиган ва 60 минг тонналик совутқичли омборхоналар ишлаб турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелда қабул қилинган “2011 — 2015 йиллар даврида мева-сабзавот маҳсулотларини сақлашнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса республикамизнинг барча ҳудудларида замонавий совитиш иншоотлари барпо этиш кўламини кенгайтириб юборди. Бунинг самараси ўлароқ, ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 38 минг 440 тонналик замонавий совутқичли омборхоналар ишга туширилиб, 2013/2014 йиллар қиш-баҳор мавсумида 65 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захираси яратилди. Жорий йилда 70 минг тоннадан зиёд захира жамғариш режалаштирилаётир.

Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, унинг тармоқларида илғор ва тежамкор технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам дала неъматлари етиштириш ҳажмини муттасил кўпайтирмоқда. Бу, ўз навбатида, саноат корхоналарини хом ашё билан узлуксиз таъминлаш, экспорт салоҳиятини юксалтириш, энг асосийси, аҳолининг турмуши ободлигига хизмат қилаяпти.

Юртимиз фермерлари деҳқончилик билан чегараланиб қолмай, қўшимча тармоқларни ҳам ўзлаштираётгани эса халқаро миқёсда ҳавас уйғотмоқда. Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, қишлоқ мулкдорларига берилаётган имтиёз ва преференциялар уларни шундай марраларни забт этишга руҳлантираётир. Чунки ушбу ҳужжат асосида ўтган қисқа давр мобайнида фермер хўжаликларининг моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, уларнинг мулкий муносабатларини ишончли ҳимоялаш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, соҳага самарали замонавий технологияларни жалб этиш, консалтинг марказлари тармоғи, шунингдек, кооперациясининг турли шаклларини ташкил қилиш ва кенгайтириш бўйича мисли кўрилмаган ишлар рўёбга чиқарилди. Пировардида юртимизда фаолият кўрсатаётган 73 мингдан зиёд фермер хўжаликларининг 28 мингтадан ортиғи кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилди. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган гўшт-сут, макарон ва ун ёки бошқа халқ истеъмоли моллари ўзининг юқори сифати билан ташқи бозорда ҳам мустаҳкам жой эгалламоқда.

Озиқ-овқат саноати корхоналари сони чекка ҳудудларда ҳам барпо этилаётган замонавий хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобидан тобора кўпайиб бораяпти. Иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг асосий қисми, биринчи навбатда, ишлаб чиқариш объектларини қуриш, уларни энг илғор ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилаётир. Пировардида соҳада фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш субъектлари сони қарийб 

7 мингтага етди. Бунинг самараси ўлароқ, илгари импорт эвазига таъминланган айрим турдаги маҳсулотлар аллақачон маҳаллийлаштирилиб, эндиликда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан экспорт қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси тизимидаги корхоналарнинг ўзида мингдан зиёд турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилгани бунга яққол мисол бўла олади.

Ялпи мажлисда сўзга чиққан Осиё тараққиёт банки вице-президенти Вен Сай Чжанг, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Януш Херман, Ислом тараққиёт банкининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти директори Демба Ба ва бошқалар Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган иқтисодий ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини, чунончи, қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ этиш ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш ҳисобидан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараларини юксак баҳолади.

Халқаро конференциянинг шўъба мажлисларида, шунингдек, жаҳон озиқ-овқат саноатини ривожлантириш, инсоннинг тўйиб овқатланишига эришиш, “истеъмол савати”нинг мақбул тузилмасини шакллантириш, замонавий агротехнологияларни жалб этиш, мева-сабзавотчиликда маҳсулдорликни ошириш, инфратузилма ва логистика тизимларини такомиллаштиришга оид лойиҳаларни бажаришда халқаро молия институтлари, инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда бошқа масалалар муҳокама этилди.

Буларнинг бари келгусида жаҳон озиқ-овқат саноатида янги уфқларни очиши, одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтиришдек эзгу мақсад-муддаоларга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Конференция натижалари бўйича якуний ҳужжат қабул қилинди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Сарвар ЎРМОНОВ ва

Аъло АБДУЛЛАЕВ (ЎзА)

олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган