“Ўзагроэкспорт” АЖ бир килограмм гилосни 24 минг сўмдан харид қилади
  • 19 Январь 2018

“Ўзагроэкспорт” АЖ бир килограмм гилосни 24 минг сўмдан харид қилади

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибидаги “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти жорий йил ҳосили учун фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган гилос мевасини илк бор Фьючерс шартномалари орқали харид қилишни бошлади.

Эндиликда юртимизда етиштирилаётган гилос “UzAgro” бренди остида экспорт қилинади.

Айтиш жоизки, ушбу сархил мева экспорти билан шуғулланадиган мамлакатлар саноқли. Ўзбекистон бу борада жаҳонда 5-ўринда бормоқда.

— Аммо бу кўрсаткич билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз, — дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бўлим бошлиғи Умид Рўзиев. — Ўзбек гилоси экспорти бўйича дунёда пешқадамликни қўлга киритиш учун астойдил бел боғлаганмиз. Бунинг учун имкониятимиз ҳам, салоҳиятимиз ҳам етарли. Қолаверса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ана шундай нозу неъматларни хорижлик буюртмачиларга етказиб бериш билан боғлиқ барча масалада имтиёз ва шарт-шароитлар яратиб берилди. Буларнинг барчаси кўзлаган маррани забт этишда пойдевор вазифасини ўтайди.

Миришкорларимиз меҳнати эвазига етиштирилаётган экологик тоза ва инсон саломатлиги учун фойдали бўлган гилоснинг 1 килограмми қуйидаги тоифалар асосида харид қилинади: I тоифа, яъни “олий нав” — 24 000 минг сўм, II тоифа, “ўрта” — 16 000 минг сўм, III тоифа, “оммабоп” — 8000 минг сўм.

Компания жамоаси деҳқон, фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтиришга қулайликлар яратиш, жаҳон бозорларида уларнинг рақобатдошлигини ошириш мақсадида янги ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn