Банкларнинг барқарорлиги қандай омилларга боғлиқ?
  • 18 Январь 2018

Банкларнинг барқарорлиги қандай омилларга боғлиқ?

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ўтган йили макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқлари рақобатдошлигини кучайтириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилдики, уларнинг самараси кундалик турмушимизда ўз аксини топмоқда.

Молия-банк соҳасини ислоҳ этиш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар, айниқса, диққатга сазовордир. Натижада 2017 йил охирида республикамиз олтин-валюта захираси 26,6 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу 2017 йил бошидагига нисбатан 1,4 миллиард доллар кўпдир.    

Марказий банк Матбуот хизматидан маълум қилишларича, валюта курсининг либераллаштирилиши туфайли молия муассасалари  кассаларида нақд пул айланмаси сезиларли даражада кўпайди. Дастлабки ярим йилликда банклардаги нақд пул айланмаси 4,8 триллион сўмни ташкил этган бўлса, йил охирига келиб, бу кўрсаткич 2 баробар ошиб, 9,4 триллион сўмга етгани бунинг тасдиғидир. 

Бундай ижобий кўрсаткичлар пул-кредит сиёсатида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, бир йил давомида банклар активлари ҳамда кредит қўйилмалари 2 баробар ўсиб, мос равишда 166,6 триллион ва 110,6 триллион сўмга етди. Мижозлар томонидан тижорат банкларига 58,7 триллион сўм миқдорида омонатлар қўйилган. Бу аввалги йилдагига нисбатан 61 фоиз кўпдир. 

Банкларнинг барқарорлиги уларнинг устав капиталида намоён бўлади, албатта. Шу -маънода, йирик молия муассасаларимиз капиталига қўшимча равишда 670 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ киритилгани, пировардида банк тизими умумий капитали 1,6 баробар ортиб, 23,7 триллион сўмга етказилгани бунда муҳим аҳамият касб этди. 

Банк тизимидаги ислоҳотлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилиб, унинг ривожланиши ва барқарорлигини таъминлаш мақсадида бир қатор янгиликлар жорий этилади. Жумладан, қатъий пул-кредит сиёсати давом эттирилиб, у биринчи галда, монетар омилларнинг инфляцияга таъсирини бартараф этишга қаратилади. Шунингдек, пул массаси ўсиши суръатларини 12 — 14 фоиз даражасида ушлаб қолиш режалаштирилмоқда.

Миллий валютадан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида йирик номиналдаги банкнотлар чиқариш ҳамда майда купюраларни 50, 100, 500 сўм номиналдаги тангалар билан алмаштириш, 200 сўмлик тангалар чиқариш масаласи кўриб чиқилаяпти. Банк соҳасидаги миллий қонунчилик “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилиниб, миллий қонунчилигимиз янада -такомиллаштирилади.

Бундан ташқари, хорижий валюталар олди-сотдиси билан боғлиқ операцияларга бир қатор илғор ишланмалар татбиқ этилиши режалаштирилган. Масалан, хориж валютаси олди-сотди операцияларини масофадан туриб амалга ошириш механизмлари жорий қилинади. Мамлакат ҳудудида тегишли банкоматлар тармоғини кенгайтириш орқали конверсион тўлов карталаридан нақд хориж валютасини ечишга рухсат бериш мўлжалланмоқда. Буларнинг барчаси келгусида банк тизими хизматларини янада замонавийлаштириш ва такомиллаштириш орқали иқтисодиётимиз барқарорлиги ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлардир. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn