Илмий салоҳият ва бой тажриба
XS.UZ
Президент фармони: “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди Ўзбекистон — жонажон Ватанимиз «Профилактика куни» умумхалқ ҳаракатига айланмоғи шарт Табиий экотизимларни муҳофаза қилиш — давр талаби Тадбиркорлар учун Бизнес маркази Ҳаётимизнинг гўзал саҳифаси Асл мусиқа беғубор қалб оламида яралади Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро билимлар олимпиадасида 49 медални қўлга киритди Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида Жиззахдан бир олам таассуротлар билан Наманганда харидорларга чек бермаётган сотувчилар аниқланди Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль қатнови бўйича баённома кучга кирди Ўзбекистонда 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори ошади Даъвогарлар минг нафар, совринлар эса чекланган Январь — октябрь ойларида 141 минг 682 нафар қишлоқ жойларда яшовчи фуқаро иш билан таъминланди Шўрчида йилига 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади Марказий Осиёдаги энг қадимий ёзув Қорақалпоғистондан топилган Австрия банки ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар тақдим этади Ўзбекистон чемпионати: олтин, кумуш ва бронза медаллари эгалари маълум Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилади “Амалиёт эътирофи — 2017” ёш журналист кадрлар рағбатлантирилди Тошкентга АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация келади  Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилади Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир Ўзбекистон — Корея Республикаси: Икки томонлама муносабатлар тараққиётида янги босқич Асосий Қонунимиз тарихига бағишланган кўргазма Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак»
  • 30 Май 2014

Илмий салоҳият ва бой тажриба

хорижлик мутахассисларнинг мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасига бўлган қизиқишини оширмоқда

Жорий йилнинг 5-6 июнь кунлари Тошкентда “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Жаҳоннинг кўплаб давлатларидан олимлар, экспертлар, инвесторлар, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилаётган бу йирик анжуман Ўзбекистон иқтисодиётига нисбатан қизиқиш тобора ортиб бораётганининг амалий ифодаси, шунингдек, унинг етакчи соҳаларидан бири бўлган қишлоқ хўжалигида қўлга киритилаётган ютуқларнинг юксак эътирофидир. 

Дарҳақиқат, мамлакатимиз деҳқончиликда бой тажриба, юксак илмий салоҳиятга эга. Бунинг самараси ўлароқ, кейинги йилларда жаҳонда кузатилаётган мураккаб табиий-иқлим шароитларига қарамай, барча қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирилаётир. Муҳим озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёж тўлиқ таъминланиши баробарида, экспорт кўрсаткичлари ҳам муттасил ўсиб бормоқда. Ўтган йили ғалла етиштириш ҳажми 2000 йилдагига нисбатан 2 баробар, картошка — 3,1, сабзавот — 3,2, мева — 3,5, узум — 2, гўшт ва сут — 2,1, тухум — 3,4 марта ошгани бунинг яққол далилидир.

Қишлоқ хўжалиги, айниқса, боғдорчиликда самарадорликнинг юқори бўлиши кўп жиҳатдан парваришланаётган дарахт навларига боғлиқ. Шу боис республикамизда серҳосил, саноатбоп, касалликларга чидамли, энг асосийси, фойдали дармондориларга бой мева берадиган навлар яратиш, улар орасидан энг истиқболлиларини районлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаяпти. Натижада истиқлол йилларида юртимиз боғу роғларга бурканиб, шириндан-шакар неъматларимиз довруғи дунёга ёйилди. Шубҳасиз, бунда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти жамоасининг муносиб ҳиссаси бор. Зеро, бу ерда юртимиз боғбону соҳибкорлари орзу қилган истиқболли навларни етказиб бериш йўлга қўйилган.

Институт директори Шермуҳаммат Юсуповнинг айтишича, мевали дарахтларнинг янги навларини яратиш бўйича селекция ишлари ҳамда маҳаллий ва интродукция қилинган навларни ўрганиш бўйича илмий тадқиқот олиб бориш мазкур муассаса жамоаси зиммасидаги устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Ана шу масъулиятни чуқур ҳис этиб, фидокорона меҳнат қилинаётгани туфайли муайян ютуқларга эришилаяпти. Институт ва унинг жойлардаги филиал ҳамда тажриба хўжаликлари томонидан кўп йиллик тадқиқотлар натижасида 175 дан ортиқ янги мева-узум навлари яратилгани, ҳозирги кунда улардан 70 дан зиёди Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалиги Давлат реестрига киритилгани шундай дейишимизга асос бўла олади. 

Мустақиллик эпкинлари нафақат институт ҳаёти, балки бу ерда меҳнат қилаётган селекционер олимлар фаолиятида ҳам бурилиш ясаб, янги даврни бошлаб берди. Пировардида илмий изланишлар кўлами кенгайиши билан бирга, самараси ҳам яққол сезила бошлади. Охирги 10 йил ичида олма, нок, беҳи, шафтоли, ўрик, олхўри, анор, хурмо ва узумнинг 53 та янги нави республика Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш давлат комиссиясига топширилгани бунинг исботидир.

— Кейинги йилларда дунё бўйича иқлим ўзгариши оқибатида юзага келаётган экологик омиллар селекционерлар олдига янги талабларни қўймоқда, — дейди институт директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Равшан Абдуллаев. — Яъни илмий асосланган, тажрибада синалган, сув танқислиги ва қурғоқчил шароитга мослашувчан, ҳар хил зараркунанда ва касалликларга чидамли, серҳосил навларни кўпайтиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Буларнинг барчаси институтимиз илмий жамоасининг диққат-эътиборида турибди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, фаолиятимиз республикамиз ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, серҳосил, сифатли навларни яратиш, уларнинг пакана ва яримпакана кўчатларини кўпайтириш билан чекланиб қолаётгани йўқ. Боғларда тежамкор технологияларни татбиқ этиб, тупроқ унумдорлигини ошириш, тоғ ва тоғолди ҳудудларини ўзлаштириб, боғ-токзорлар барпо этиш, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш чоралари устида ҳам мунтазам равишда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, мамлакатимизда боғдорчилик ва токчиликни янада ривожлантириш мақсадида интенсив технология асосида боғлар яратишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. 2011 — 2014 йилларда 13,5 минг гектар майдонда шу усулда янги боғлар бунёд этилгани, бунинг учун керакли миқдорда пакана ва яримпакана дарахт кўчатлари дастлаб хориждан келтирилган бўлса, эндиликда тўлиқ ўзимизда етиштирилаётгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир. 

— 2011 йилнинг баҳорида Украинадан уруғ мевали дарахтларнинг пакана ва яримпакана пайвандтагларидан 400 минг туп кўчат олиб келиниб, филиал ҳамда тажриба хўжаликларига бўлиб берилди, — дейди Шермуҳаммат Юсупов. — Шу тариқа оналик пайвандтаг кўчатхоналари ташкил этилди. Ҳозирги вақтда ушбу кўчатхоналарда етиштирилган ниҳоллар интенсив боғлар барпо этилаётган фермер хўжаликларига етказиб берилаяпти. Масалан, 2012 йилдан бошлаб кўкламги экин-тикин мавсумида маҳаллий навлардан ташқари, ўртача 500 минг тупдан зиёд пакана ва яримпакана олма кўчатлари буюртмачиларга тақдим этилмоқда. 

Институтга ташриф буюрган киши бу ердаги ўзгаришлар, айниқса, илмий тажриба майдонидаги янгиликларни кўриб, ҳайратга тушади. Чунки олимларнинг машаққатли меҳнати эвазига қўлга киритилаётган ютуқлар чиндан-да эътирофга лойиқ. Хусусан, мева маҳсулотларини эрта етиштириш мақсадида иситиш тармоқларисиз 5 та кичик ҳажмдаги иссиқхона ташкил этилган бўлиб, уларда Хитой тажрибаси асосида гилос, шафтоли, лимон ва ток кўчатлари парваришланаётир. 

Янги илмий ишлардан яна бири мевали дарахт кўчатларини тувакларга экиб, улардан тез ва юқори ҳосил олишга қаратилгани билан ажралиб туради. Бугунги кунга қадар 1500 дона тувакка пакана пайвандтагга уланган олма, нок, гилос, олхўри кўчатлари ўтқазилиб, тадқиқот ишлари олиб борилаяпти. Ўтган йили уларнинг ҳар тупидан 5 донадан 18 донагача мева олингани қувонарли ҳол, албатта. 

“Ҳаракатдаги боғ” деб номланган мазкур технология ёрдамида ҳар бир хонадон соҳиби, ҳатто кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган кишилар ҳам тувакларга ниҳол экиб, ҳосил олиши мумкин. Чунки янги технология бўйича парваришланаётган дарахтлар 3-йилдан бошлаб ўртача 5-8 килограммдан ҳосил бера бошлайди.

Мутахассислар фикрича, интенсив боғларни республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этиб бўлмайди. Чунки турли даражада шўрланган ерларда пакана дарахтлар ниҳоллари кутилган натижани бермайди. Институтда бу муаммони ҳал этиш бўйича ҳам илмий изланишлар олиб борилаётир. Бунинг учун кучли пайвандтагларга пакана дарахт нави пайванд қилиниб, сўнгра унга керакли мева нави уланади. Ана шунда кўчатнинг шохлари баланд ўсмасдан тез ҳосилга киради. Бундай кўчатлар айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида синовдан ўтказилмоқда.

Қисқаси, юртимиз олимлари томонидан яратилаётган мевали дарахт навлари ташқи кўриниши билангина эмас, балки мазалилиги, саноатбоплиги, энг муҳими, экологик тоза ва табиийлиги билан ном қозонган. Шу боис заминимизда етиштирилган мева-чеваларга ташқи бозорда талаб ниҳоятда катта. Янги боғларга шундай хусусиятларга эга бўлган серҳосил навлар экилаётгани эса ички эҳтиёжни таъминлаш баробарида, экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Саид РАҲМОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР