Келажагимиз бунёдкорлари
  • 14 Декабрь 2017

Келажагимиз бунёдкорлари

Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида илк маротаба ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар республика кўргазма-савдо ярмаркаси ташкил этилди.

“Ёшлар — келажак бунёдкори” шиори остида ўтказилган мазкур тадбирда 200 нафардан ортиқ йигит-қизлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар билан қатнашди.

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А. Икрамов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари О. Таджиев ҳамда бошқалар Президентимиз раҳнамолигида навқирон авлодни тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва фермерлик ҳаракатига кенг жалб қилиш, уларда бозор иқтисодиёти шароитида самарали фаолият олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Ушбу тадбир ёшларнинг ишбилармонлик қобилиятларини янада ривожлантириш, бизнес ғоя ҳамда ташаббусларини рағбатлантириш, улар ўртасида ўзаро кооперацион алоқаларни мустаҳкамлашда айни муддаодир.

Кўргазма-савдога қўйилган кулоллик, каштачилик, гиламдўзлик, ёғоч ўймакорлиги, кийим-кечак ва трикотаж буюмлари ўзининг нафислиги, сифатлилиги ҳамда бежиримлиги билан киши эътиборини тортади. Деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва сут маҳсулотлари эса табиийлиги, замон талаблари асосида қадоқлангани туфайли нафақат ички бозорда, балки дунёнинг исталган давлатидаги савдо расталарида ҳам ўз ўрнини топиши муқаррар.

Тадбир доирасида ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда фермерлар учун малакали мутахассислар иштирокида маҳорат дарслари ўтказилди. Якунда энг яхши бизнес лойиҳаси эгаларига тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар берилди.

Кўргазмага келганлар намойиш этилаётган маҳсулотлар билан нафақат танишиш, балки уларни арзон нархларда харид қилиш имконига эга бўлди.

Дилшод КАРИМОВ.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn