Ер — халқимизнинг бебаҳо бойлиги
  • 13 Декабрь 2017

Ер — халқимизнинг бебаҳо бойлиги

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи кенг жамоатчилик томонидан қизғин ўрганилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўз  нутқида қўли меҳнатда тобланган миришкор деҳқон ва фермерлар, сувчи ҳамда ирригаторлар, механизатор ва агрономлар фаолиятини юксак баҳолади. Соҳани мамлакат иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан бирига айлантириш бўйича олдимизда турган долзарб вазифалар белгилаб берилди. Тантанада қатнашган ҳар бир юртдошимиз давлатимиз раҳбарининг сўзларини юксак дахлдорлик туйғуси билан тинглади.

Мамлакат тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги таъминланиши, экспорт салоҳияти ошишида иқтисодиётнинг етакчи тармоғи бўлмиш қишлоқ хўжалигининг роли ниҳоятда катта. Шу боис соҳага бозор муносабатларини жорий этиш, мулкдорларнинг янги синфини шакллантириш, уларнинг амалда мустақиллиги ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Истиқлолнинг дастлабки йилларида қабул қилинган “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар наинки жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган фермерлик ҳаракатини йўлга қўйиш, деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш, балки уларнинг аграр тармоқдаги асосий куч сифатида тўлиқ шаклланишига мустаҳкам пойдевор яратди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизидан ортиғи уларнинг улушига тўғри келаётгани бунинг яққол тасдиғидир.

Дарҳақиқат, мазкур жабҳада тўпланган кўп йиллик бой тажриба, мавжуд юксак илмий салоҳиятдан оқилона фойдаланилаётгани муваффақиятлар эшигини кенг очмоқда. Бу йил, Президентимиз нутқида эътироф этилганидек, мамлакатимиз ғаллачилиги тарихида илк бор 8 миллион 377 минг тонналик дон хирмони яратилгани, табиат инжиқликларига қарамасдан, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилгани бунинг яққол далилидир.

Бундай юксак натижалар барчанинг ҳавасини келтираётгани, чет эллик инвесторларнинг эътиборини тортаётгани айни ҳақиқат. Чунки кейинги йилларда кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида унумдор ер майдонлари қисқариб кетаётгани, сув ресурслари танқислиги кузатилаётгани қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Қолаверса, ер юзида аҳоли сони йил сайин ўсиб, истеъмол товарларига бўлган талаб ҳам тобора ортмоқдаки, бу озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига муҳим истеъмол товарларини узлуксиз етказиб беришда қийинчиликларни юзага келтираяпти. Бу эса амалиётга замонавий ҳамда интенсив агротехнологияларни қўллаш, ресурслардан тежаб-тергаб фойдаланиш орқали экинлар ҳосилдорлигини ошириш, пировардида инсоннинг тўйиб овқатланишига эришиш, “истеъмол савати”нинг мақбул тузилмасини шакллантиришни тақозо қилаётир.

Бу каби омиллар инобатга олинган ҳолда, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги тубдан ислоҳ этилмоқда. Хусусан, фақатгина 2017 йилнинг ўзида 5 та Қонун, 20 дан ортиқ Фармон ҳамда қарорлар қабул қилиниб, соҳа равнақида тамомила янги босқич бошланди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фаолияти такомиллаштирилди, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши сифатида қайта ташкил қилинди, шунингдек, иккита янги қўмита ҳамда учта уюшма тузилди.

Президентимизнинг жорий йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур ҳужжат қишлоқ -мулкдорларининг ҳуқуқ ҳамда ваколатларини кенгайтириш, ер-сув ресурслари ва яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан унумли фойдаланиш, қишлоқни жадал ривожлантириш ҳамда ободонлаштириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини таъминлашда уларнинг ролини кучайтириш имконини бермоқда.

Фармонга мувофиқ, 2018 йилдан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб борилади. Бундан кўзланган мақсад — бир қарич бўлса ҳам, экин майдони бўш турмасин, у халқимиз учун муҳим даромад манбаига айлансин. Шундан келиб чиқиб, 2018 — 2021 йилларда фермер хўжаликлари босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилиши кўзда тутилган.

Маълумотларга қараганда, республикамизда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 75 мингтаси кўп тармоқли субъектга айлантирилди. Эндиликда улар хом ашё етиштириш билан чекланиб қолмасдан, замонавий технологиялар ёрдамида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни муваффақиятли ўзлаштирмоқда. Шунингдек, транспорт, техник ва маиший хизматлар кўрсатиш каби қўшимча йўналишларни йўлга қўйиб, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, даромадини оширишга муносиб ҳисса қўшаётгани қувонарлидир.

Давлатимиз раҳбари қайси вилоятга ташриф буюрмасин, қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар билан учрашиб, мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, кўпроқ даромад келтирадиган тармоқларни ривожлантириш, ташқи бозорда харидоргир маҳсулот етиштириш ҳақида йўл-йўриқ ҳамда кўрсатмалар беради. Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, экин майдонларини оптималлаштириш зарурлигини уқтиради. Натижада 2016-2017 йилларда қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни диверсификациялашга доир қабул қилинган ҳужжатларга асосан, қарийб 90 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, бўшаган ерларда картошка, сабзавот, мойли ҳамда озуқа экинлари етиштирилди, янги боғ ва токзорлар бунёд этилди. Бунинг самараси ўлароқ, мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёж таъминланиши баробарида, дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатларига экспортга чиқарилаётир.

Деҳқончилигимизда кузатилаётган сифат ўзгаришларини поёнига етган қишлоқ хўжалиги мавсумида ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экин етиштирилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Гап шундаки, Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, илк бор бир миллион гектардан ортиқ ерда такрорий экинлар жойлаштирилди. Бу бежиз эмас, албатта. Ҳисоб-китобларга кўра, -анъанавий экинларнинг бир гектаридан 4-4,5 миллион сўм даромад олинса, такрорий экин сифатида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларидан ундан 3-4 баробар кўп, яъни ўртача 15 — 20 миллион сўм даромад топиш мумкин экан.

Яна бир жиҳати, такрорий экин жойлаштирилган майдонлар янада маданийлаштирилади, ерга қайта ишлов бериш орқали бегона ўтлар йўқотилиб, тупроқ унумдорлиги ортади. Энг асосийси, аҳолимизни йил давомида витаминларга бой сабзавот, полиз ҳамда картошка маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Шундай бўлаяпти ҳам. Бир миллион гектардан ортиқ майдонда парваришланган сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлардан 5,5 миллион тоннадан ортиқ маҳсулот йиғиштириб олинди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ қилинган тадбирлар боғдорчиликда ҳам янги йўналишларни ўзлаштиришга кенг йўл очмоқда. Негаки, кейинги пайтда эътибордан четда қолаётган ёнғоқчиликни ривожлантириш, унаби боғларини яратиш, заъфарон, ковул сингари доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг -Хоразм вилоятига сафари чоғида унаби етиштиришни кўпайтириш бўйича берган кўрсатмаларидан сўнг қарийб 560 минг туп унаби кўчатлари экилди.

Ҳудудларнинг табиий имкониятидан келиб чиққан ҳолда, яратилаётган бундай боғ-роғлар одамларнинг қўшимча даромад манбаини шакллантириш, фармацевтика корхоналарини қимматбаҳо хом ашёлар билан таъминлаш, энг асосийси, экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бундай лойиҳалар чорвачилик соҳасида ҳам изчил татбиқ этилиб, янги-янги балиқчилик, асаларичилик, паррандачилик, эчкичилик, қорамолчилик, қуёнчилик хўжаликлари ташкил қилинаяпти. Бу каби пухта ўйланган чора-тадбирлар инсон соғлиғи учун ўта муҳим, витаминларга бой маҳсулотларга бўлган эҳтиёжнинг барқарор таъминланишида қўшимча имкониятлар эшигини кенг очмоқда.

Мавсумдаги энг катта ютуқлардан бири, шубҳасиз, бу интенсив технологиялар асосида такрорий пилла етиштириш муваффақиятли ўзлаштирилганидир. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 29 мартдаги қарорига мувофиқ, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ташкил этилиб, пиллачилик тубдан ислоҳ қилинди. Пировардида мазкур тармоқ иқтисодиётимизнинг сердаромад соҳаларидан бирига айланаяпти. Бу жараёнда, айниқса, пиллачилар моддий манфаатдорлиги оширилиб, бир мавсумда ишлаган даврлари пенсия тайинлашда бир йил меҳнат стажига ўтиши соҳага бўлган қизиқишни янада кучайтирди. Бу эса, дастлабки йилдаёқ кузги мавсумда ҳам сифат кўрсаткичлари баҳордагисидан қолишмайдиган 424 тонна саноатбоп пилла етиштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Юртимиз иқлим шароити мавсумда 2-3 марта эмас, балки йил давомида ипак қурти парваришлаш имконини беради. Шу боис такрорий пиллачиликни ривожлантириш орқали “кумуш тола” етиштириш ҳажмини муттасил кўпайтиришга қаратилган “занжирсимон усул” амалиётга изчил жорий қилинаяпти.

Президентимиз соҳанинг чуқур билимдони сифатида қишлоқ хўжалигининг барча тармоғида янада юксак натижаларга эришиш мақсадида қатор долзарб вазифаларга алоҳида эътибор қаратди. Ердан унумли фойдаланиш ва уни талон-торож этишнинг олдини олиш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, коллектор ҳамда дренаж тармоқларини босқичма-босқич тозалаш, сув омборлари тармоғини кенгайтириш, аҳолини сифатли гўшт, сут, тухум ва балиқ маҳсулотлари билан етарлича таъминлаш, мева-сабзавот етиштиришни янада кўпайтириш, уни сифатли тарзда аҳолига етказиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш бўйича аниқ ечимларни ўртага ташлади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги техника паркини бутунлай янгилаш, соҳада илм-фан ютуқларидан унумли фойдаланиш, пахта ва ғалла экилаётган паст рентабелли майдонларни йилдан-йилга қисқартириб, уларнинг ўрнига интенсив боғлар, ёнғоқзор ҳамда токзорлар барпо этиш зарурлиги уқтирилди.

Юртбошимиз бот-бот таъкидлаганидек, бутун халқимизни боқадиган, кийин-тирадиган қишлоқ хўжалигини изчил ривожлантириш, соҳа равнақи учун бор имконият, саъй-ҳаракатларни ишга солиш барчамиз учун устувор аҳамиятга эга. Шу маънода айтганда, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш учун барча даражадаги раҳбарлар, айниқса, туманлардаги 4 та сектор раҳбарлари билан бир қаторда, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ўз-ўзидан сенаторларнинг масъулиятини кучайтириш талаб қилинади. Ҳаммамиз қишлоқ хўжалиги масалалари, яъни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташаббус кўрсатиб ишлашимиз, энг муҳими, натижадорликка эришмоғимиз айни заруратдир. Айниқса, уйма-уй юриб, аҳолига томорқадан самарали фойдаланиш юзасидан кенг тушунтириш ишларини олиб боришда фаоллик кўрсатишимиз лозим.

Бахадир ТАЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Олий Мажлиси Сенати 

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва 

экология қўмитаси раиси ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn