Тижорат банклари хизмат ҳақини янада арзонлаштиради 
  • 13 Декабрь 2017

Тижорат банклари хизмат ҳақини янада арзонлаштиради 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурининг ижроси юзасидан Ўзбекистон Банклар ассоциацияси тижорат банклари билан биргаликда амалдаги банк хизматларига белгиланган тарифларни қайта кўриб чиқди.

Бунда, асосий эътибор, банкнинг рационал даромадлилигини таъминлаган ҳолда тижорат банклари тариф сиёсатларини оптималлаштириш ва шу орқали банк хизматлари жозибадорлигини ошириш ва янги мижозлар жалб этишга, энг асосийси, мижозлар билан яқин ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга қаратилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, банк хизматлари бўйича Тавсиявий тарифлар ишлаб чиқилди ва мамлакатимиз тижорат банкларининг тариф сиёсатларини оптималлаштириш бўйича Банклараро келишув имзоланди.

Таъкидлаш лозимки, Банклараро келишувга асосан тижорат банклари банк хизматлари бўйича ўрнатилган тўловларни Тавсиявий тарифларда белгиланган миқдорлардан асоссиз равишда оширмаслик ва ортиқча тарифлар ўрнатилишига йўл қўймаслик ҳамда банклар томонидан тасдиқланган тарифларни ўзларининг расмий веб-сайтларида жойлаштириш белгиланди.

Тавсиявий тарифларга мувофиқ 187 та хизмат тури кўриб чиқилиб, 63 та хизмат тури бепул амалга оширилиши, 86 та хизмат ҳақи 15 фоиздан 95 фоизгача арзонлаштирилиши, шунингдек хорижий валютада ўрнатилган 7 та хизмат ҳақи миллий валютага ўтказилиши юзасидан келишувга эришилди.

Бепул амалга оширилиши белгиланган хизматларнинг 29 таси жисмоний шахсларга, 25 таси юридик шахсларга, 9 таси эса юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлардир (тижорат банклари томонидан ҳақ олинмайдиган хизматлар рўйхати иловада келтирилмоқда).

Жумладан, мижозлардан олинадиган кредит ажратиш бўйича 10 та, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва банк ҳисобварақлари очиш бўйича 12 та, хорижий валютадаги хизматлар бўйича 9 та, пластик карталарига хизмат кўрсатиш бўйича 11 та, жисмоний шахсларга кўрсатиладиган чакана банк хизматлари бўйича 17 та ва бошқа хизматлар бўйича 4 та хизмат ҳақлари бекор қилинди (илова).

Банк хизматлари ҳақларининг бекор қилиниши, ўз навбатида тижорат банклари томонидан мижозларга хизмат кўрсатилишида қўшимча қулайлик яратиш билан бирга, аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг пул маблағлари иқтисод қилинишига хизмат қилади.

Қайд этиш лозимки, Тавсиявий тарифларга кўра, тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг 18 таси 30 фоизгача, 23 таси 30 фоиздан 50 фоизгача, 24 таси 50 фоиздан 80 фоизгача, 21 таси 80 фоиздан 95 фоизгача арзонлашди.

Умумий тартибда миллий валютада жисмоний ва юридик шахсларга пластик карталар очиш, корпоратив картани алмаштириш, корпоратив карта йўқотилган ёки шикастланганда уни тиклаш, тўлови рад этилган ёки тўланмаган ҳужжатларни қайтариш, омонат дафтарчасини йўқотганлиги учун жарима ҳамда хорижий давлатлар элчихоналарига бериладиган маълумотномалар бўйича илгари хорижий валютада (евро, АҚШ доллари) белгиланган хизмат ҳақлари миллий валюта – сўмда белгиланадиган бўлди.

Банк хизматларининг сифатини ошириш мақсадида:

- банк хизматларини қатъий равишда мижоз билан тузилган шартнома шартларига асосан кўрсатиш (бунда, шартномада кўзда тутилмаган бошқа хизмат ҳақлари олинишига йўл қўймаслик);

- хизматлар кўрсатилишида шартномада белгиланган муддатларга амал қилиш;

- шартнома шартларига фақатгина мижознинг розилиги билан ўзгартиришлар киритиш;

- мижозлар фаолиятида юзага келган муаммоларни кўриб чиқишда уларнинг молиявий ҳолатининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда ёндашиш юзасидан тижорат банклари билан келишиб олинди.

Ушбу банк хизматлари бўйича ўрнатилган Тавсиявий тарифлар тижорат банклари ва уларнинг мижозлари ўртасидаги шартномавий муносабатларда 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тўлиқ тадбиқ этилади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn