Обод ва фаровон турмуш таровати
  • 12 Декабрь 2017

Обод ва фаровон турмуш таровати

Ўтган чорак асрдан зиёд вақт давомида мустақил Ўзбекистонимиз эришган ютуқларни, энг аввало, Асосий Қонунимиз билан боғлаймиз. Зеро, Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, Асосий Қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Бу қутлуғ сана муносабати билан жойларда бўлиб ўтган байрам тадбирлари, тақдирлаш маросимлари, янги-янги иншоотлар тақдимотлари чоғида яна бир бор ўз эътирофини топди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида олий ўқув юртлари, ўрта махсус ва умумтаълим даргоҳларида бўлиб ўтган илмий ҳамда назарий анжуманларда мамлакатимиз Конституциясининг мазмун-моҳияти, яратилиш тарихи хусусида батафсил тушунча берилди. Нукус шаҳридаги асосий шодиёналарда эса давлатимиз раҳбари Фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Ушбу мукофотга лойиқ кўрилганлар орасида “Қорақалпоғистон” нашриёти ходими Ўрозгул Қосназарова ҳам бор.

— Бу камтарона меҳнатимизга берилган юксак баҳо бўлди, — дейди у. — Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ юртда яшаш — чинакам бахт. Эътибор ва эътироф эса кучимизга янада куч қўшади. Маррани бундан-да баланд олишга чорлайди.

Гулистон шаҳридаги “Ёшлар маркази” ҳам байрам сурури билан тўлди. Бу ерда Олий Мажлис Сенати аъзолари, туман ҳамда шаҳар ҳокимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, ёшлар вакиллари иштирокида ўтган байрам тадбирида турли соҳаларда фаолият юритаётган илғорлар мукофотланди.

— Конституциямизнинг 25 йиллиги ҳаётимга янада файз киритди, — дейди Боёвут туманидаги “Боёвут тезкор мадад” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони соҳиби Сайдимқул Бегимқулов. — Қолаверса, фаолиятимизда ҳам кўплаб янгиликлар бўлиши кутилаяпти. Масалан, ҳадемай, замонавий агротехнологияли 10 гектарли иссиқхонамизда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстиришни бошлаймиз. 1000 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхонамиз ҳам ишга туширилиш арафасида. Шу билан бирга, томорқа эгалари ҳамда фермер хўжаликларига такрорий экин экиш ва уни парваришлаш жараёнида техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйганмиз. Улар томонидан етиштирилган мош ҳамда бошқа дуккакли экинлар ҳосилини экспорт қилаяпмиз. Буларнинг барчаси Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқий асослар самарасидир.

Конституциямизнинг 25 йиллиги шодиёнасига Навоий вилояти бунёдкорлари ҳам ўзига хос туҳфа ҳозирлашди. Хусусан, Учқудуқ туманининг олис овулларида учта мактабгача таълим муассасаси, шаҳару туман марказларида 210 хонадонли 5 та кўп қаватли арзон уй-жой, ўнлаб маданий-маиший иншоотлар фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 253 нафар ногиронлиги бор фуқаро махсус аравачалар билан таъминланди. Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ўтказилган асосий тантанада эса инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида юртимизда амалга оширилган ютуқлар алоҳида эътироф этилди.

Байрамни янги хонадонларда кутиб олишнинг ҳам завқи бўлакча. Президентимизнинг “2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси кўплаб оилаларга ана шундай қувонч бағишлади. Масалан, Бухорода 252 та квартирадан иборат етти қаватли олтита замонавий уй айнан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги арафасида ўз эгалари ихтиёрига топширилди. 

— Оилада тўрт кишимиз, — дейди янги хонадон соҳибларидан бири Шаҳзод Эргашев. — Арзон, замонавий ҳамда кўркам уй-жойлар барпо этиш ташаббускори бўлган давлатимиз раҳбаридан миннатдормиз. Биз ҳам уч хонали тураржой олдик. Шундай хонадонга эга бўлишни орзу қилгандик. Бу ерда ҳамма шароит бор. Ҳар бир квартира алоҳида иситиш қозони билан таъминланган. Болалар майдончалари қурилган. Уйлар 20 йил муддатга имтиёзли кредит асосида берилганини айтмайсизми?!

Термиз шаҳрида ҳам 210 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уй-жойларнинг фойдаланишга топширилиши Асосий Қонунимизнинг 25 йиллиги тантаналарига уланиб кетди.

— Ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган икки хонали уйда тўққиз киши яшардик, — дейди термизлик Малика Абдуллаева. — Мана, бугун ҳамма шароит ва қулайликка эга янги тураржойга кўчиб ўтдик. Набираларимнинг қувончи ичига сиғмайди. Энди уларнинг ўз бахт кошонаси бор!

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотларига кўра, воҳа марказидаги мазкур тураржойлар қурилишига 22 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бинобарин, ҳудудда автомашиналар тўхташ жойи ҳамда болалар майдончалари ҳам барпо этилди. Ҳадемай, бу ерда замонавий деҳкон бозори, бир қатор ижтимоий соҳа иншоотлари қад ростлайди. Келгуси йилда эса мазкур массивда яна 420 оила учун ана шундай кўп қаватли уй-жойларни фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.

Дарҳақиқат, имтиёзли кредитлар асосида бунёд этилаётган ушбу уйлар халқимиз, айниқса, ёш оилаларнинг турмушини янада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда. Буни Қарши шаҳридаги Рогузар маҳалласида 64 навқирон оилага мўлжаллаб бунёд этилган “Ёшлар уйлари” соҳиблари ҳам катта мамнуният билан таъкидлашди.

— Асосий Қонунимиз ҳар бир юртдошимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди, — дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Муҳриддин Ўткиров. — Бугун оиламиз учун унутилмас кун. Имтиёзли кредит асосида, бошланғич тўловларсиз берилган тураржойлардан бири бизга ҳам насиб этди. Бу файзли хонадонда эл-юрт корига ярайдиган фарзандларни камол топтирамиз. 

Эътиборли жиҳати, келгуси йилда вилоят марказида яна 3 та, Қарши ҳамда Чироқчи туманларида эса 1 тадан “Ёшлар уйлари” қурилиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги байрами мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ана шундай кўтаринки руҳда нишонланди.

«Халқ сўзи» мухбирлари

хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn