Она заминга садоқатли, фидойи инсонлар доимо эъзозда
  • 12 Декабрь 2017

Она заминга садоқатли, фидойи инсонлар доимо эъзозда

 

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, соҳа вакилларини қутлагани ризқ-рўзимиз бунёдкорларига бўлган юксак эҳтиромнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Давлатимиз раҳбари қўлга киритилган ютуқларни чуқур таҳлил қилиб, олдинда турган устувор вазифаларга ҳам алоҳида тўхталди. Хусусан, аграр тармоқда бажарилиши зурур бўлган муҳим чора-тадбирлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга кўтариш, соҳа ходимлари меҳнатини улуғлашга қаратилган бундай эзгу ишлар, шубҳасиз, деҳқону фермерларнинг кўнглини шод этиб, янги марралар сари руҳлантиради.

Буни тантанали тадбирда қатнашган қишлоқ мулкдорлари бот-бот эътироф этмоқда.

— Президентимиз биз, қишлоқ хўжалиги ходимларини “қалбимга энг яқин инсонлар, қадрдонларим”, деб атагани кўнглимизни қувончга тўлдирди, ўз ишимизга бўлган меҳрни янада кучайтирди, — дейди Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лола Муротова. — Мустақиллик шарофати билан фермерликка асос солиниб, ер ҳақиқий эгасини топгач, илгари қаровсиз ётган экин майдонлари даромад манбаига айланди. Бунга ўз фаолиятимиз мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу боис ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш чора-тадбирларини сусайтирганимиз йўқ. Ҳозир деҳқончилик қилаётган экин майдонларимизнинг асосий қисми қумлоқ бўлгани боис далаларга фосфорга бой тупроқ олиб кириш орқали унинг унумдорлигини оширишга эришаяпмиз.

Фермерлик ҳаракатини сифат жиҳатидан ривожлантириш, айниқса, кўп тармоқли фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган ҳужжатлардан руҳланиб, хўжалигимизда чорвачилик тармоғини йўлга қўйиш, тикувчилик цехини ташкил этиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаб юбордик. Бу яна ўнлаб иш ўринлари очилиб, қишлоқдошларимиз бандлиги таъминланади, деганидир.

Бу йил мамлакатимизда илк маротаба ўтказилган Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни мен учун қўшалоқ байрам бўлди. Чунки Юртбошимизнинг Фармонига мувофиқ, “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланиб, ушбу юксак мукофотни Президентимиз қўлидан қабул қилиб олдим. Бу жуда катта шараф, айни пайтда улкан масъулият ҳамдир. Билдирилган ишончни оқлаб, иқтисодиётимиз юксалиши, халқимиз турмуш фаровонлиги ошишига муносиб ҳиссамни қўшишга ҳаракат қиламан.

— 35 йилдан буён пиллачилик билан шуғулланиб келаман, — дейди Бойсун туманидаги “Бойсун теракли” фермер хўжалиги пиллачиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Жумахол Чориева. — Охирги йилларда ҳар бир қутидан 75 — 80 килограммдан пилла олишга эришаяпмиз. Бу нимадан далолат? Юртимизда қишлоқ хўжалиги доимий эътиборда эканлиги, соҳа вакилларига эмин-эркин меҳнат қилишлари учун етарлича шарт-шароит яратиб берилаётгани самарасидир.

Кейинги пайтда пиллачиликда татбиқ этилаётган илғор тажрибалар ишимизга янада унум бағишламоқда. Мисол учун, бу йил пилладан икки марта ҳосил олишга эришдик. Хитой тажрибасини қўллаётганимиз эса ипак қурти озуқасини 35, ёқилғини эса 25 фоиз тежашда қўл келаяпти.

Президентимиз бу ҳақда ҳам алоҳида тўхталиб, пиллачиликда деярли йўқолиб бораётган анъаналар қайта тикланаётгани, такрорий пилла етиштиришни ривожлантириш, замонавий қайта ишлаш корхоналарини бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берди. Булар қишлоқ хўжалигининг қадимий тармоғини жонлантириш, кучайтиришда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Ҳаётдан жудаям миннатдорман. Тинч-осойишта юртда, оилам бағрида севган ишим билан шуғулланиб, обрў-эътибор топдим. Давлатимиз раҳбари томонидан камтарона хизматларим юксак эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан -тақдирландим. Бу оддий қишлоқ аёли учун катта бахтдир!

— Бугунги кунда қишлоқ хўжалигига инновацион технологиялар татбиқ қилиниб, мавжуд имкониятдан оқилона фойдаланилаётгани туфайли эътибордан четда қолаётган тармоқлар ҳам равнақ топмоқда, — дейди “Фарғонабалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Баҳодир Тешабоев. — Жумладан, балиқчиликда бу йил мақташга арзигулик натижалар қўлга киритилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан балиқчиликда Вьетнам технологияси қўлланилаётгани маҳсулдорликни ошириш, аҳолига парҳез гўшт етказиб бериш имконини кенгайтираяпти.

Шу йилнинг апрель-май ойларида Вьетнам Республикасида хизмат сафарида бўлиб, балиқчилик институти ҳамда хўжаликлари иш фаолияти билан якиндан танишиб қайтдим. Шундан келиб чиқиб, “қафас” усулида балиқ етиштиришни йўлга қўйдик. Натижада октябрь ойининг охирида 200 та қурилмада парваришланган балиқлар 300 тоннага етказилди.

Албатта, соҳада эришилаётган ютуқлар салмоқли. Шу билан бирга, қилинадиган ишлар ҳам кам эмас. Президентимиз ўз нутқида бу ҳақда батафсил тўхталиб, зарур йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берди. Шундан келиб чиқиб, ишга янгича ёндашиб, -интенсив технологияларни кенгроқ қўлласак, яна юқори натижаларга эришишимиз турган гап.

— Давлатимиз раҳбарининг “Деҳқон бу — ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди”, деган сўзлари кўнглимизни тоғдек кўтарди, — дейди Элликқалъа туманидаги “Тоҳир ўғли Боғибек” фермер хўжалиги раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳиби Фарҳод Отажонов. — Чиндан ҳам, дастурхонимиз файзу баракаси, бозорларимиздаги сероблик ҳамда арзончилик деҳқону чорвадорларнинг машаққатли меҳнати туфайлидир. Шунинг учун ҳам бу соҳа вакиллари доимо элимиз эъзозида. Мамлакатимизда махсус Қонун қабул қилиниб, Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонлангани эса ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

Бу йил бизнинг кўп тармоқли фермер хўжалигимиз учун ҳам омадли келди. Ярим гектар ерда балиқчилик тармоғини йўлга қўйдик, 10 сотих майдонда эса иссиқхона ташкил этдик. Пировардида яна 10 киши иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, ғалладан бўшаган майдонда такрорий экин сифатида шоли, сабзи, мош, картошка экиб, мўл ҳосил етиштирдик. Бу хўжалигимиз борган сари бойимоқда, деганидир. Шундай бўлиши ҳам керак-да. Чунки юртимизда ишлайман, деганга имкониятлар етарли. Ҳар бир эзгу ташаббусимиз қўллаб-қувватланмоқда.

— Фермерликни йўлга қўйганимга ўн тўққиз йил бўлди, — дейди Балиқчи туманидаги “Коинот” фермер хўжалиги раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Соҳиба Худойбердиева. — Хўжалигимизда пахта ва ғалладан ташқари, автосервис хизматини ҳам йўлга қўйганмиз. Иссиқхоналаримизда етиштирилган маҳсулотларимиз маҳаллий аҳоли дастурхонига файз бағишламоқда.

Бу йил пахта ҳосилидан 60 миллион сўм соф даромад кўрдик. Шунинг ҳисобидан хўжалигимиз фаолиятини кенгайтириб, қўшимча тармоқни йўлга қўйишни режалаштириб турибмиз. Мактаб, маҳалла кўчаларини ободонлаштиришга ҳам ҳиссамизни қўшаяпмиз. Мен буларни бежиз санаб ўтаётганим йўқ. Зеро, яратиб берилган шарт-шароитлар ҳамда кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, вазифамизга сидқидилдан интилсак, катта ютуқларга эришамиз.

Шу кунларда биз, фермерлар ҳаяжони бўлакча. Сабаби, юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётган “Ҳосил байрами” Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни шодиёналарига уланиб кетди.

Президентимизнинг бу соҳа меҳнати қанчалик шарафли, нони эса қанчалик тотли ва ширин бўлишини таъкидлаб, шаънимизга айтган илиқ сўзлари биз, фермерларнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшиб, келгуси йилда бундан-да юқори натижаларга эришишга руҳлантирмоқда.

«Халқ сўзи» мухбирлари

ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn