Хитой корпорацияси Ўзбекистонда газ қазиб олишни бошлади
  • 07 Декабрь 2017

Хитой корпорацияси Ўзбекистонда газ қазиб олишни бошлади

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) ўртасида 2006 йил июнь ойида тузилган битим доирасида Қоракўл инвестиция блокида Денгизкўл газ конденсати конининг Хўжасаят участкаси, Хўжадавлат ва Шарқий Олот газ конденсати конлари очилди.

Улардан саноат усулида фойдаланиш мақсадида томонлар ҳамкорлигида “New Silk Road Oil & Gas” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона барпо этилган эди.

Жорий йилнинг май ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи давомида эришилган ўзаро келишувлар ушбу лойиҳани амалга оширишни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Хусусан, 30 май куни мазкур объектда тамал тошини қўйиш маросими ўтказилди ҳамда бунёдкорлик ишларига фаол киришилди.

— Лойиҳага кўра, олти ой давомида 47 километр магистраль газ қувури, 15,7 километр шлейф газ қувури ётқизилди, — дейди қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича департаменти директори ўринбосари Соҳиб Мамадалиев. — Хўжасаят участкасини ободонлаштириш, 72 кишига мўлжалланган шаҳарча барпо этиш ишлари якунланди. 2 та янги қудуқ бурғиланди, учта қудуқ капитал таъмирланди, табиий газ қазиб чиқаришни назорат қилиш учун замонавий автоматлаштирилган бошқариш пульти қурилди. Табиий газ қазиб чиқариш бошлаб юборилди.

Бу йирик лойиҳанинг биринчи босқичи, холос. Истиқболда Хўжадавлат ва Шарқий Олот конларини ободонлаштириш, -саккизта янги қудуқни бурғилаш ҳамда аввал бурғиланган учта қудуқни таъмирлаш, 43 километр газ қувурини ўтказиш ишларига киришилади.

Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилиши муносабати билан Олот тумани ҳудудида жойлашган Хўжасаят участкасида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда хитойлик мутахассислар қатнашди.

Тадбирда сўз олган Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе, “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Баҳодир Сиддиқов ҳамда бошқалар бу лойиҳа икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилганидан далолат эканини таъкидладилар. Ҳар томонлама манфаатли алоқаларни мус-таҳкамлаш истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Иштирокчилар бу ердаги ишлаб чиқариш жараёни ва ишчилар шаҳарчасида -яратилган қулайликлар билан танишдилар.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn