Фойдали қазилмалар ҳамкорликда қидирилади
  • 07 Декабрь 2017

Фойдали қазилмалар ҳамкорликда қидирилади

Пойтахтимизда Ўзбекистон қаттиқ фойдали қазилмаларининг инвестициявий салоҳиятига бағишланган “ЎзГеоинвест — 2017” X халқаро анжумани бўлиб ўтди.

Юртимизда геология ва минерал-хом ашё ресурсларини ўзлаштириш, ер ости бойликларини аниқлаш, қазиб олиш ҳамда улардан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Натижада Ўзбекистон минерал-хом ашёларни қазиб олиш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой эгаллади. 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра, юртимизда 1931 кон очилган бўлиб, шундан 1043 таси истиқлол йилларида топилгани диққатга сазовор.

Президентимизнинг 2017 йил 24 майдаги “Қаттиқ фойдали қазилмаларнинг стратегик муҳим турларини геологик ўрганиш ва конларини ўзлаштиришга чет эл инвестицияларини жалб қилишни жадаллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада янги босқични бошлаб берди. Сабаби, мазкур ҳужжатга мувофиқ, соҳага чет эл инвестициялари жалб этилиб, геология-қидирув ишларини кенгайтириш, нодир маъданлар қазиб олиш бўйича кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Аъзам Қадрхўжаевнинг таъкидлашича, ер қаъридан фойдаланувчиларга жами 1014 та лицензия берилган. Шу билан бирга, сармоядорларга қаттиқ фойдали қазилмаларнинг 30 га яқин конлари ҳамда 110 дан ортиқ истиқболли майдонлар таклиф этилаётир. Табиийки, бундай чора-тадбирлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Мисол учун, шу йил 12 та истиқболли майдонни геологик ўрганиш ва 6 та конни ўзлаштириш бўйича Канаданинг “В2 Gold”, Россиянинг “РосГеоПерспектива”, Жанубий Кореянинг “Shindong Resources”, Туркиянинг “Тумад” ва бошқа компаниялар билан ўзаро келишувларга эришилди.

“ЎзГеоинвест — 2017” халқаро анжумани ана шундай тенг манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш имконини берди.

— Давлатингиз раҳбари ташаббуси билан соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, хорижий инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани таҳсинга лойиқ, — дейди Канаданинг геология-қидирув ишлари олиб бориш, олтин конларини ўзлаштиришга ихтисослаштирилган “B2 Gold” компанияси бош геологи Даглас Маклохлин. — Бу эса ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлаяпти. Хусусан, бугунги анжуманда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича инвестициявий битим имзоладик. Унга кўра, яқин даврда қиймати қарийб 2 миллион АҚШ долларилик геология-қидирув ишларининг дастлабки босқичини бошлаймиз. Кон топиш истиқболига қараб 20 — 30 миллион АҚШ доллари ва ундан ортиқ инвестицияларни жалб қилишни мўлжаллаяпмиз.

Жанубий Кореянинг “Shindong Resources” компанияси президенти Ким Ён Гунинг айтишича, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаб, бу юрт ишбилармонларининг Ўзбекистон иқтисодиётига бўлган қизиқишини янада оширди. Геология ҳамда тоғ-кон салоҳиятини ривожлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш бўйича қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари бунга яққол мисолдир.

Россиянинг “РосГеоПерспектива” компанияси ҳам фойдали қазилмаларни излаб топишга қаратилган турли мураккабликдаги геология-қидирув ишларини бажаришга ихтисослаштирилган. Компания ўз фаолияти давомида Россия ва МДҲ давлатларида Михеевск ҳамда Томинск мис конларини топган. Тадбир давомида ўзаро ҳамкорликка оид истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш борасида инвестициявий битим имзоланди.

Халқаро анжуман якунида хорижий ҳамкорлар билан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича учта инвестициявий битим тузилди. Унга биноан, дастлаб геология-қидирув ишларини ўтказиш учун 8 миллион АҚШ доллари ва кейинчалик кон топиш истиқболлари аниқланганидан сўнг 30 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, соҳага оид қўшма корхоналар ташкил этиш, қидирув ишларига замонавий технологияларни қўллаш, пировардида минерал-хом ашё негизида юқори қўшимча нархли рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришда муҳим ўрин тутади.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn