Валюта сиёсати: ноқонуний ва спекулятив операцияларга барҳам берилмоқда
  • 06 Декабрь 2017

Валюта сиёсати: ноқонуний ва спекулятив операцияларга барҳам берилмоқда

 

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш борасида изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ушбу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Ҳозирги пайтда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Шунга қарамай, баъзи бир электрон оммавий ахборот воситаларида валюта айирбошлаш масалаларига оид тарқатилаётган маълумотлар аҳоли ўртасида айрим тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Мухбиримиз уларга ойдинлик киритиш, қолаверса, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган янгиликлар, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига тақдим этилаётган қўшимча қулайликлар ҳақида суҳбатлашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг ўринбосари Ботир ЗАХИДОВга мурожаат қилди.

— Ботир Эркинович, суҳбатимизни валюта сиёсатини тубдан ислоҳ этиш бўйича қабул қилинган тарихий ҳужжатнинг иқтисодиётимиз ривожидаги аҳамиятидан бошласак...

— Албатта, Президентимиз белгилаб берган бундай катта, айни пайтда ўта муҳим ўзгаришга Марказий банк томонидан манфаатдор вазирликлар билан биргаликда қарийб бир йил давомида тайёргарлик кўрилди. Бинобарин, валюта соҳасини эркинлаштириш иқтисодиётни тубдан ислоҳ этишнинг узвий бир бўлагидир. Валюта сиёсатига маъмурий аралашув иқтисодиётимиз ривожига тўсқинлик қилувчи асосий омиллардан биттаси эди. Шу маънода, ушбу соҳадаги дастлабки масъулиятли қадам — хорижий валюта курсини белгилашда бозор тамойилларига ўтиш бўлди. Хорижий валюта курсининг ҳақиқий бозор қиймати белгиланиши тадбиркорлик субъектларининг молиявий аҳволини яхшилаш, ташқи савдо фаолиятини кенгайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг товар ва хизматлари рақобатдошлигини ошириш, аҳолининг банк тизимига бўлган ишончи ортишига катта шароит яратди. Бунинг амалий тасдиғини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчаларига кунига ўртача 35 — 40 минг нафар жисмоний шахс мурожаат этаётгани мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўтган қисқа муддат давомида республикамизнинг барча ҳудудида кенг қамровли валюта айирбошлаш шохобчалари тармоғи яратилди. Ҳозирги кунда тезкор ҳамда замонавий банк хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган бундай шохобчалар сони 900 дан ошди. Ўтган 3 ой давомида уларга жисмоний шахслар томонидан 727 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағлар сотилди. Шу даврда тижорат банкларининг конверсион бўлимлари орқали аҳолига чет эл валютаси сотилиши миқдори эса деярли 5 баробар ортиб, қарийб 34 миллион долларни ташкил қилди.

Бугунги кўрсаткичлар ҳали ишларнинг бошланиши. Аҳолига валюта айирбошлаш операциялари бўйича хизмат кўрсатиш кўламини, банк инфратузилмасини кенгайтиришга қаратилган тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

— Шу ўринда чет эл валютаси олди-сотдиси бўйича банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш учун Марказий ва тижорат банклари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Ушбу Фармоннинг тарихий аҳамияти шундаки, унга биноан, жисмоний шахсларга чет эл валютасини тижорат банкларининг валюта айирбошлаш шохобчалари орқали эркин сотиш ҳамда конверсион бўлимларидан эркин сотиб олиш, харид қилинган валюталарни чет элда ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиш ҳуқуқи берилди. Мамлакатимиз ҳудудида эса товар ва хизматлар (ишлар) учун чет эл валютасида тўловларни амалга ошириш буткул тақиқланди. Бу, ўз навбатида, миллий валютанинг ягона тўлов воситаси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Чет эл валютасини қонуний равишда эркин сотиб олишнинг янги тартиби ноқонуний ҳамда спекулятив операцияларга барҳам бермоқда. Конверсион карталардаги маблағлардан фойдаланишдаги чекловлар олиб ташлангани бунга кенг йўл очиб берди.

Гап шундаки, эндиликда хорижда банкоматлар орқали чекланмаган миқдорда нақд чет эл валютасини ечиш имконияти яратилди. Мавжуд кунлик ва ойлик чекловларнинг барчаси бекор қилинди. Яширишнинг ҳожати йўқ, илгари конверсион карталардан фойдаланишда айрим мамлакатлар ва хизматлар учун тақиқ қўйилганди. Ҳозирги пайтда бу чекловлар ҳам олиб ташланиб, ушбу карталар орқали дунёнинг исталган мамлакатида савдо дўкони, меҳмонхона, умуман, тўлов қабул қилиш имкони мавжуд бўлган нуқталарда олди-сотди ишларини амалга ошириш мумкин.

Шунингдек, конверсион карталардаги маблағларни ўзимизнинг банклар орқали тасдиқловчи ҳужжатлар (инвойс) асосида даволаниш, ўқиш ҳамда бошқа мақсадлар (транспорт ва меҳмонхона харажатлари) учун сарфлаш мумкин. Бу, айниқса, фарзандлари хорижда таҳсил олаётган ота-оналар, чет элга даволаниш мақсадида кетаётган юртдошларимизга катта енгилликдир.

— Фармонда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳам чет эл валютасини жисмоний шахсларга ўрнатилган тартиб асосида сотиб олишга рухсат берилди. Бу кутилган натижани бераяптими?

— Албатта. Фармон асосида истеъмол товарлари импорти билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорларга чет эл валютасини жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, банклардаги ҳисобварақлари орқали сотиб олишга рухсат берилди. Яъни харид қилинган чет эл валютаси банк ҳисобварағига ўтказилади ҳамда мижозга халқаро тўлов картаси тақдим этилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар чет эл валютасини чекланмаган миқдорда харид қилиб, уни ўз хоҳишига кўра, жорий халқаро операциялар (товар ва хизматлар импорти) тўловлари учун йўналтиришлари мумкин. Бунда хориж валютасини сотиб олиш савдо тушуми ҳамда банкка кирим қилинган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида уларга мамлакат ҳудудидан ташқарида халқаро тўлов карталари, шу жумладан, банкомат орқали нақд чет эл валютасини ечиб олиш имкони берилди. Кўрилаётган ана шундай пухта чора-тадбирлар туфайли ўтган 3 ой давомида хусусий тадбиркорлар билан 639 та битим тузилган бўлиб, уларга салкам 21 миллион доллар миқдорида маблағ сотилди.

Таҳлилларимиз ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари сони ўсиш тенденциясига эгалигини кўрсатмоқдаки, бу янгиланишлар биз кутган натижаларни бераётганидан далолатдир. Хусусан, биргина ноябрь ойининг ўзида мазкур хизматдан фойдаланувчи тадбиркорлар сони салкам 2,5 баробар ортиши кузатилиб, операциялар миқдори қарийб 13 миллион долларга етди.

— Кўпчиликни қизиқтираётган яна бир масала, бу — жисмоний шахсларга чет эл валютаси нақд шаклда сотилишининг йўлга қўйилишидир. Айтинг-чи, ушбу амалиёт республикамизда қачон жорий этилиши кутилмоқда?

— Аввало, шуни айтиш жоизки, бугунги ислоҳотларнинг туб замирида аҳоли манфаатлари, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришдек эзгу ният мужассам. Мақсадимиз — норасмий бозорда амалга оширилаётган операциялар ҳажмини иқтисодий чоралар кўриш орқали бартараф қилиш, уларни ҳам расмий бозорга жалб этиш, пировардида бозорнинг барча иштирокчисига тенг шароитлар яратиш. Шу боис аҳолининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларнинг нақд чет эл валютасига бўлган талабини тўлақонли қондириш учун янги банк инструментлари жорий қилинмоқда. Хусусан, конверсион карталар орқали меҳмонхона, авиачипталар, онлайн-дўконлардаги харидлар ва бошқа маҳсулот ҳамда хизматлар учун интернет-тўловларни амалга ошириш механизми йўлга қўйилди. Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги, шу жумладан, банк карталаридаги “сўм” маблағларини автоматик тарзда конвертациялаш ва конвертация қилинган чет эл валютасини хорижий давлатга пул ўтказмаси орқали юбориш амалиётига ўтилди.

Қисқача айтганда, валютанинг нақдсиз сотилиши ислоҳотлар аввалида чайқовчилик босимини, хорижий валютада амалга оширилаётган амалиётларнинг олдини олишга қаратилган вақтинчалик чорадир. Орадан бир оз фурсат ўтгач, валюта бозорининг барча иштирокчиси янги шароитга кўникиб, мувозанат ҳосил бўлгач, валютанинг нақд кўринишда сотилиши, албатта, жорий этилади.

— Ҳозирги кунда хорижий валюта олди-сотди операциялари бўйича ўрнатилган банк хизматлари нархлари мижозларга нечоғли мақбул тушмоқда?

— Валюта сиёсатидаги янги шарт-шароитлар, банклар ўртасида ўсиб бораётган рақобат муҳити, сўзсиз, банклар хизматлари нархига ҳам таъсир кўрсатади. Тижорат банклари кўпроқ мижоз жалб қилиш учун янгидан-янги хизматларни таклиф этмоқда. Ушбу соғлом рақобат, айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан банк хизматлари кўлами ҳамда сифатини тубдан яхшилаш борасида белгилаб берилган вазифалар ижросининг бир кўринишидир.

Натижада сўнгги пайтларда юридик ва жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш билан боғлиқ банк комиссияларининг ҳам пасайиш тенденциялари кузатилмоқда. Мисол тариқасида айтсам, бу сингари операцияларни ўтказишда банк комиссиялари конверсион карта орқали тўлов учун — 0,5-1,0 фоиз, юридик шахслар маблағларининг конвертацияси учун — 0,2-0,5 фоиз бўлса, жисмоний шахслардан чет эл валютасини сотиб олишда комиссия ундирилмайди. Эътибор берган бўлсангиз, мазкур нархлар валюта ислоҳотлари аввалида бирмунча юқори эди.

Таъкидлаш жоизки, валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича кўрилган дастлабки чора-тадбирлар, бу — бошланиши, холос. Олдимизда қилинажак ишлар бир талай. Мазкур жараёнда эътиборимиздан четда қолаётган жиҳатларни ўрганиш мақсадида тадбиркорлар ва аҳоли билан суҳбатлар уюштирилаяпти, келаётган мурожаатлар мунтазам ўрганилмоқда. Буларнинг барчаси келгусидаги иш режаларини белгилаб олиш, муҳим қарорлар қабул қилишда асос бўлаяпти. Ўйлайманки, олиб борилаётган тизимли ишлар самараси яқин орада янада яққолроқ сезилади.

Суҳбатимиз якунида яна бир нарсага тўхталиб ўтишни лозим, деб ҳисоблайман. Модомики, республика ҳудудида қонуний фаолият юритиш учун барча зарурий шарт-шароит яратилган экан, юридик ҳамда жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш ва сотиб олиши учун истисносиз тижорат банкларига мурожаат этишни тавсия қиламиз. Бу белгилаб олинган вазифаларнинг тўла-тўкис адо этилишига хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбири

Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn