Ёғочи санъат, мағзи синоат
  • 05 Декабрь 2017

Ёғочи санъат, мағзи синоат

 

Халқимизнинг ажойиб фазилати бор: кафтдек бўш ер топса, ўша жойга, албатта, кўчат экади. Ҳатто, дўпписида сув ташиб бўлса-да, уни кўкартириб олади. Ниҳолни алоҳида эътибор билан парваришлайди. Боғбон меҳридан яшнаган дарахт эса саховатини аямайди. 

 Шу маънода айтганда, мамлакатимиз боғдорчилигида қувонарли натижалар қўлга киритилаяпти. Соҳибкорларнинг тажрибаси ортиб бормоқда. Аммо муҳим бир йўналиш эътибордан озроқ четда қолиб келаётган эди. Бу — ёнғоқчилик! 

Кейинги пайтда қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилиниб, боғдорчиликни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётгани туфайли ниҳоят ушбу тармоқни жонлантириш масаласи ҳам кун тартибига киритилди. Бу эса унинг истиқболида янги саҳифалар очилишига катта туртки бўлди. 

Боғбон қушлар 

Айтишларича, ҳакка пишиқчилик пайтида 40 тагача ёнғоқ жамғариб, тупроқ остига кўмиб қўяр экан. Бу захира, айниқса, қаҳратон забтига олиб, ерни қалин қор қоплаган, егулик топиш маҳол бўлган пайтларда битта қуш жон сақлаши учун кифоя қилади. Ҳайратланарлиси, бу ҳисобдон қушлар 38-39 та ёнғоқ мағзини чаққач, саноқда адашиб кетаркан. Натижада тупроқ остида қолган мева кўкламда ниш отиб, кўкариб чиқади. Шу тариқа ҳаккалар ўзларига озуқа берадиган ёнғоқ дарахтлари кўпайишига муносиб ҳисса қўшади. 

Юртимизда табиий ёнғоқзорлар кўплигини инобатга оладиган бўлсак, бу ҳикоят замирида ҳам ҳақиқат борлигига ишонгинг келади, киши. 

— Хўжалигимиз ҳудудида 200 гектардан ортиқ табиий ёнғоқзорлар бор, — дейди Бўстонлиқ туманидаги “Бурчмулла” ўрмон хўжалигининг бош ўрмонбеги Бахтиёр Шораҳмедов. —  Бу серхосият дарахтларни сақлаш билан бирга, шу йилнинг ўзида 134 гектар майдонда маданий ёнғоқзор, 29 гектарда бодомзор барпо этдик. Яна 2 гектар майдонда бодомзор ташкил этиш тараддудидамиз. Бунинг учун керакли миқдордаги кўчатлар хўжалигимизнинг ўзида етиштирилгани ишимизга унум бағишламоқда.

Дунё бозорида харидоргир

Ёнғоқ мевали дарахтлар орасида узоқ йиллар мева бериши билан алоҳида ажралиб туради. Шунинг учун ҳам боғбон халқимиз азал-азалдан бу серҳосил дарахтни кўпайтириш пайидан бўлади. Чунки ёнғоқзор бунёд этган инсоннинг номи ҳам барҳаёт бўлади. 

Чорвоқ сув омбори соҳилига туташ болалар оромгоҳларида бўлган киши эътиборини улкан ёнғоқ дарахтлари тортмай қолмайди. Улар бундан 150 йил аввал Янгиқўрғон қишлоғилик Раҳим ота, набиралари тили билан айтганда, Ёнғоқ бобо томонидан экилган. Ҳозир ҳам қоп-қоп мева берадиган ушбу наботот намуналари ҳақида гап кетганда, албатта, Раҳим отанинг боғбончиликдаги ибратли ишлари эсга олинади.

Қибрайлик Абдутолиб Бозорбоевнинг рўзғори ҳам ушбу серҳосил дарахт ортидан бут, оиласи эса фаровон. Унинг томорқасида атиги икки туп ёнғоқ бор. Тарвақайлаб ўсган дарахтларнинг ҳар биридан ўн қопдан мева териб олади. Томорқачи ҳосилини машинасига ортиб, бозор изламайди. Тайин ва доимий мижозлари бор. 

Тўғри, ёнғоқ меваси қуригач, унча тош босмайди. Шундай бўлса-да, ҳар қопи 20 килодан кам келмайди. Шу ҳисобда Абдутолиб ака ҳар йили ўртача 400 килограмм ҳосил олади. Бу йил бозорда унинг баҳоси 10 минг сўмдан юқори. Демак, боғбоннинг қўшимча даромади чакки эмас. 

Чиндан ҳам, ёнғоқчилик энг сердаромад тармоқлардан бири ҳисобланади. Маркетинг тадқиқотлари кўрсатишича, ҳозирги кунда жаҳон бозорида биринчи навли ёнғоқнинг тоннаси 4-5 минг долларгача баҳоланади. Агар саккиз йиллик -дарахт ўртача 40 килограммгача, 15 — 20 йилликлари эса 180 килограммгача ҳосил беришини назарда тутадиган бўлсак, боғдорчиликнинг мазкур йўналиши иқтисодий тарафдан ўта фойдали эканлиги ойдинлашади. 

Тармоқдаги йирик лойиҳа

Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эътибордан четда қолган мазкур тармоқ ривожига кенг йўл очиб берди. Унга кўра, Андижон, Қашқадарё, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида умумий майдони 10 минг гектар ёнғоқзорлар барпо этилади. Бунинг учун халқаро молия институтларининг 50 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредитлари жалб қилиниши кўзда тутилган.   

— Айни пайтда табиий-иқлим шароитимизга мослаштирилган ёнғоқнинг серҳосил замонавий плантацияларини яратиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси раиси Камол Абдуллоев. — Бу жараёнда ёнғоқ етиштиришнинг илмий асосланган усулларини, ресурс тежовчи технологияларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Мисол учун, бу йил Жомбой туманидаги 500 гектар майдонга АҚШ ва Туркиядан олиб келинган кўчатлар ўтқазилиб, янги боғ томчилатиб суғориш тизими билан жиҳозланди. 

Мутахассисларнинг айтишича, ёнғоқ ер танламайди. У нафақат суғориладиган ёки тоғли ҳудудларда, балки лалми майдонлар, қир-адирларда ҳам тезда тутиб кетади. Шу боис юртимизда ёнғоқзорларни бунёд этишда, асосан, шу пайтгача фойдаланилмай келинган лалмикор майдонлар танлаб олинаяпти. Масалан, Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Пайариқ, Ургут туманларида ёнғоқзорлар учун шундай ер майдонлари ажратилган бўлса, Булунғур туманида “SagАgroBulungur” масъулияти чекланган жамияти томонидан 

1200 гектар майдонда замонавий боғ бунёд этиш ишлари якунига етказилмоқда. Бундай лойиҳалар Бўстонлиқ ва Оҳангарон туманларида ҳам рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган. 

Тоғ ёнбағридаги 10 гектарлик лалми ерда бодом парваришлаётган Бўстонлиқ туманилик фермер Дилмурод Ковиловнинг қайд этишича, ҳудудларда мевали боғлар яратишнинг икки карра самараси бор: биринчидан, тупроқ эрозиясининг олди олинади, иккинчидан, ташқи бозорда харидоргир бўлган маҳсулот етиштирилади.  

Чиндан ҳам, ёнғоқ, бодом, писта каби данак мевали дарахтлар тоғолди ҳудудларида, айниқса, яхши ривожланади. Совуққа, сувсизликка чидамли. Ёнғоқ қишловдан кеч уйғонгани туфайли кўкламдаги об-ҳаво инжиқликлари ҳосил салмоғига айтарли таъсир кўрсатмайди. 

Бу йил пойтахт вилоятидаги мавжуд 9 та ўрмон хўжалиги томонидан ёнғоқнинг пўсти юпқа навидан  125 минг туп кўчати етказиб берилган бўлса, келгуси йилда бу кўрсаткич янада ортади. Чунки хориждан эрта ҳосилга кирувчи навлар олиб келиб кўпайтирилмоқда. 

Кўчатнинг сараси ўзимизда

Ёнғоқнинг кечроқ ҳосилга кириши унга нисбатан эътиборни пасайтиргани бор гап. Чунки бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳамманинг ҳам қадалган ниҳол мева беришини 5-6 йил кутишга тоқати йўқ. Тезроқ даромад кўриш пайидан бўлади. Бу эса кўчатчиликда интенсив технологияларни қўллаш, тез ва харидоргир мева берадиган навларни кўпайтиришни тақозо қилаётир. Юртимизда шу жиҳатга жиддий эътибор қаратилаётгани қувонарлидир. Бунинг самараси эса ҳозирданоқ кўзга ташланаяпти.

Гап шундаки, ёнғоқнинг жаҳон бозорида энг талаб катта бўлган “Chandler” нави кўчатларини етиштириш йўлга қўйилди. 

Асл ватани Калифорния бўлган мазкур нав бугунги кунда Туркия, Эрон, Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Франция, Руминия, Болгария, Украина, Австралия, Чили каби дунёнинг турли давлатларида катта майдонларда парваришланиб, мўл ҳосил олинмоқда. Унинг афзалликлари кўп. Хусусан, дарахт май ойида уйғонади. Бу Ўзбекистон шароитида ҳосилни совуқ урмайди, деганидир. Қолаверса, ўта ҳосилдор бўлиб, мевасининг мағзи тўқ ва ўта хуштаъм. Ҳосили сентябрь ойи охирларида йиғиб олинади. 

Илгари бундай кўчатлар хориждан келтирилган бўлса, эндиликда бунга ҳожат қолмади. Туркиянинг “Efes Tarim Fidancilik” ширкати билан ҳамкорликда ташкил этилган “Mevali plants” компанияси кўчатчиликка ихтисослаштирилган. 

— Мамлакатимизда ёнғоқ етиштиришга бўлган юксак эътибор жамоамизни ташаббус кўрсатишга ундади, — дейди “Mevali plants” компанияси таъсисчиси Улуғбек Холматов. — Натижада “Chandler” навли ёнғоқ кўчатлари етиштириш йўлга қўйилди. Бизнинг корхона мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган Марказий Осиёдаги дастлабки компания саналади. Бугунги кунда ёнғоқ билан бирга, интенсив боғлар учун бодом, гилос, шафтоли, олхўри, ўрик, нок, беҳи, анор каби ўндан зиёд мевали дарахтлар ниҳолларини етказиб бераяпмиз. Кўчатларимизга қўшни давлатларда ҳам қизиқиш катта. Тез орада экспорт амалиётларини бажариш ниятидамиз. 

Боғдорчилик бошқа соҳаларга қараганда бирмунча мураккаб. Чунки унга киритилган сармоя ўртача 3 йил, ёнғоқчиликда эса 5 йилдан сўнг қайта бошлайди. Аммо ҳеч бир тармоқ тадбиркорга боғдорчиликдагидек узоқ йиллар давомида барқарор даромад келтириб, юқори рентабелликни таъминламайди. Бу ҳаётий ҳақиқатни азал-азалдан англаб етган халқимиз боғ яратишга доимо эътибор билан қараган. 

Саломатликнинг мустаҳкам қўрғони

Халқимизда ёнғоқ алоҳида қадрланишининг яна бир сабаби, унинг шифобахшлигидир. Халқ табобатида турли хасталикларни даволашда ёнғоқ мағзи, мағзи ораларидаги юпқа пўстлоқ деворлари, пўчоғи, ҳатто баргларидан фойдаланилади. Замонавий тиббиётда эса унинг меваси бактерицид, яра ва жароҳатларни битирувчи, умумий мустаҳкамловчи ва турли гижжаларга қарши курашувчи дори-дармонлар тайёрлашда ишлатилади.

— Ёнғоқ хотирани мустаҳкамлайди, қабзиятни даволашда қўл келади, — дейди доришунос Мирзамир Мирзашарипов. — Таркибида тўйинган ёғ кислоталари мавжудлиги туфайли у гипертония, атеросклероз, юрак-қон томир касалликларида тавсия этилади. Ундан олинган ёғ эса буйрак касалликларида шифобахш омил ҳисобланади. Агар ёнғоқ асалга аралаштириб истеъмол қилинса, сил касаллигидан фориғ бўлишда ёрдам беради. Тери касалликларини тез ва фаол даволашда ёнғоқ баргига тенг келадиган восита бўлмаса керак. Темиратки ва қичима (экзема)ни даволашда ёнғоқнинг қуритилган барглари қайнатмаси билан ванна қилиш кифоя. 

Шифокорлар ҳам кунига 3-4 та ёнғоқ истеъмол қилишни тавсия этади. Зеро, у саломатликнинг қалқони бўлиб, иммунитетни ошириш, қон томирлари деворларини мустаҳкамлашда катта наф беради. 

Энг сифатли хом ашё

Ёнғоқнинг хусусиятлари ҳақида гап кетганда, унинг ҳунармандчилик ва  мебелсозлик саноатидаги ўрнини алоҳида қайд этиш зарур.  Сабаби, энг нафис халқ амалий санъати буюмлари, ҳашамдор мебель жиҳозлари, асосан, ёнғоқ ёғочидан тайёрланади. 

— Чунки у пишиқ ва ўта мустаҳкам, — дейди қибрайлик ҳунарманд, “Ташаббус — 2013” кўрик-танловининг “Энг ёш тадбиркор” номинацияси ғолиби Шавкат Юсупов. — Шунинг учун ҳам қадимда ўғир, эгар, эшик, ром ва бошқа буюмлар ясашда ушбу дарахт ёғочидан фойдаланилган. Мен ҳам, асосан, ёнғоқ ишлатаман. Чунки унинг ўзгача жозибаси бор. Шунданми, ёнғоқдан тайёрланган лавҳ, лаган, курси, қутичалар, шахмат тахтаси каби маҳсулотларим 20 га яқин халқаро кўргазмалар, айниқса, Жанубий Корея, Россия, Туркия, Қозоғистон каби мамлакатларда бўлиб ўтган анжуманларда юқори баҳога сазовор бўлди. Айтмоқчи бўлганим, юртимизда боғдорчиликнинг бу тармоғи равнақига қаратилаётган юксак эътибор биз, ҳунармандларнинг айни дилимиздаги гап, кўнглимиздаги иш бўлди. 

Бунёдкорликнинг тотли меваси 

Давлатимиз раҳбари шу йилнинг апрель ойида Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Қўшработ туманидаги “Оқтепа” қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашувда 2017-2018 йилларда тоғолди ҳудудларида ёнғоқзорлар барпо этиш, экспортбоп маҳсулот етиштиришни кўпайтириш масалаларига алоҳида тўхталди, мутасаддиларга топшириқлар берди. -Шундан келиб чиқиб, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Пастдарғом, Пайариқ, Самарқанд, Ургут ва Қўшработ туманларида 4 минг 211 фермер хўжалиги ташкил этилиб, уларда 5,7 минг гектар ёнғоқзор барпо этиш режалаштирилган. Шундан 2,5 минг гектари 2017 йилнинг ўзида ташкил қилингани қувонарлидир.

Ёнғоқзорлардан бири Қўшработ туманидаги “Оқтепа унумдор замин” фермер хўжалигида барпо этилди. Аҳамиятлиси шундаки, бу ерга Президентимиз томонидан ёнғоқ кўчати ўтқазилди. Ушбу замонавий боғлар тез орада ҳосилга кириб, ўзининг тотли меваларини бера бошлайди. Зотан, эзгу ташаббус, яхши ният элни фаровон, юртни обод қилади. 

Саид РАҲМОНОВ,

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn