Самарқандда «Ҳосил байрами»
  • 28 Ноябрь 2017

Самарқандда «Ҳосил байрами»

 

Вилоят меҳнаткашларининг шу йил қишлоқ хўжалиги мавсуми якунларига бағишлаб, халқ сайли сифатида ташкил этилган ушбу байрамда деҳқону фермерлар, чорвадору боғбонлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари вакиллари, юртимизнинг бошқа ҳудудларидан келган меҳмонлар қатнашди.

Тадбирда жорий йилги мавсум ҳар жиҳатдан баракали бўлгани, барча тармоқда кўзланган натижаларга эришилгани алоҳида қайд этилди. Хусусан, вилоят меҳнаткашлари томонидан 218 минг 900 тоннадан зиёд пахта, 318 минг 734 тонна ғалла, 2 минг 829 тонна пилла тайёрланиб, йиллик шартнома режалари ортиғи билан бажарилгани таъкидланди.

Шу билан бирга, халқимиз дастурхони файзу баракасини таъминлаш мақсадида вилоятда 625 минг тонна картошка, 135 минг тонна полиз маҳсулотлари, 438 минг тонна мева, 585 минг тонна узум, 265 минг тонна гўшт, 1232 минг тонна сут, 1 миллиард 362 миллион дона тухум, 1045 тонна асал, 2239 тонна балиқ етиштирилди. Фермер хўжаликларининг 9700 гектардан ортиқ майдондаги интенсив боғларидан ҳам баракали ҳосил олиниб, маҳсулот ички бозордан ташқари, экспортга йўналтирилаётир.

Мавсум илғорларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросимда юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда вилоят пахта хирмонига салмоқли ҳисса қўшган Иштихон, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари ҳокимликларига “Дамас” автомашиналари топширилди. Шунингдек, бошқа туман ҳамда шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, агрофирмалар, илғор фермерлар, умуман, вилоят қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ҳисса қўшганлар рағбатлантирилди.

“Ҳосил байрами”да фермерлар, тажрибали томорқачилар, чорвадор ҳамда боғбонлар, ҳунармандлар, қайта ишлаш корхоналари маҳсулотлари кўргазмаси ҳам уюштирилди. Ҳудудларга хос миллий халқ ўйинлари, фольклор жамоаларининг чиқишлари, полвонлар беллашуви барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбирда вилоят ҳокими Т. Жўраев иштирок этди.

Ринат АБДУЛЬМАНОВ,

ўз мухбиримиз.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn