Уч марта ҳосил берувчи ўсимлик андижонлик фермерларга мўмай даромад келтирмоқда
  • 24 Ноябрь 2017

Уч марта ҳосил берувчи ўсимлик андижонлик фермерларга мўмай даромад келтирмоқда

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Андижон вилояти бўлими тавсияси билан ғалладан бўшаган майдонларга тариқ эккан фермерлар мавсумни кутилганидан зиёд даромад билан якунлашмоқда.

Гап шундаки, мазкур экин уруғи сепилганидан то ҳосили йиғиштириб олингунига қадар атиги 2,5 ой керак, холос. Бу эса мамлакатимиз шароитида бир йилда уч марта ҳосил олиш имконини беради. Қолаверса, унинг унумдорлиги юқори бўлиб, гектарига ўртача 100 центнерни ташкил этади.

— Ўтган йили 2 гектар майдонда тариқ етиштирган эдик, — дейди Асака туманидаги “Файзли ҳосил унумдорлиги” фермер хўжалиги раҳбари Дилмуроджон Меҳмонов. — Бу экиннинг афзал жиҳатлари кўп экан. Масалан, сувни кам талаб қилади. Икки-уч марта суғорилса, кифоя. Ҳосили эса 50 — 55 кунда пишиб етилади. Шу боис жорий мавсумда ҳам 2 гектар майдонда ушбу экинни парваришладик. Ҳосилни ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйиш мақсадида Жанубий Кореядан олиб келинган технологик линия ёрдамида тариқ ёрмаси ажратиб олишни йўлга қўйдик.

Тариқдан олинган ун, асосан, қандолатчиликда ишлатилади. Кепаги эса чорвачиликда фойдали озуқа ҳисобланади. Шу боис вилоятда тариқ етиштираётган фермерлар сони йил сайин кўпаймоқда.

— Бу йил ғалладан бўшаган 79 минг 400 гектар майдонда такрорий экинлар жойлаштирилди, — дейди вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош мутахассиси Абдумуталиб Сулаймонов. — Мош, соя, ловия, помидор, ерёнғоқ қаторида тариқ ҳам экилди.

Айтиш жоизки, такрорий экиннинг иқтисодий аҳамияти жуда катта. Мисол учун, буғдойдан бўшаган ҳар бир гектар майдонда бир кишининг фаолият юритишини инобатга олсак, мавсумда қарийб 80 минг киши уч ойлик меҳнат фаолиятига эга бўлди.

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn