Мавсумга тайёргарлик: муаммолар бартараф этилмоқда
  • 24 Ноябрь 2017

Мавсумга тайёргарлик: муаммолар бартараф этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи томонидан Қашқадарё вилоятида қиш мавсумига тайёргарлик, аҳолини электр ва иссиқлик энергияси, табиий ҳамда суюлтирилган газ, кўмир, ичимлик суви билан таъминлаш тизими, қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди.

Ҳар бир одамнинг ўз ҳаётидан мамнун бўлиб, келажакка комил ишонч билан яшаши кўп жиҳатдан хонадонларда қорли-қировли кунларни кўнгилдагидек ўтказиш ва бу борада давлат идораларининг халқимизга кўрсатаётган хизматига боғлиқ. Шу мақсадда мамлакатимизда кўп қаватли уй-жойлар, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тўлиқ тайёрлаш ишларини секторлар тизимида амалга оширишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Бунда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 22 июндаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлаётир.

Мазкур ҳужжатда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида вилоятда 1 минг 291,6 километрлик электр тармоғи ҳамда 625 та трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилиб, ўта юқори кучланиш билан ишлаётган пунктларга 20 та катта қувватли трансформатор ўрнатилди.

— Натижада 102 маҳаллада яшовчи 75 мингга яқин аҳолининг электр таъминоти яхшиланди, — дейди “Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбари Анвар Музапов. — Шунингдек, республика ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг август ойида жойларда аниқланган камчиликлар бўйича 14 трансформатор пункти ва 15,5 километрлик электр тармоғи қурилиши ишлари якунига етказилди.

Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ҳамда Халқ қабулхоналарига келиб тушган аризаларнинг асосий қисми коммунал хизмат соҳасига оид. Шу кунгача ҳудуд аҳолиси томонидан мазкур йўналишда 3 минг 470 дан ортиқ мурожаатлар қилинган бўлиб, уларнинг 1 минг 250 таси тўла қаноатлантирилган. Айни пайтда республика ишчи гуруҳи томонидан 120 та мурожаат ўрганилиб, аниқланган камчилик ва муаммолар жойида бартараф этилган. Натижада Косон туманининг Хўжақудуқ, Олачабоп, Бўрихона, Яккасарой, Уйрот, Карракли, Раим Сўфи, Ёдгор, Олатўн қишлоқлари аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган масала — электр энергияси таъминоти яхшиланадиган бўлди.

Жорий йилнинг 20 декабрида ишга туширилиши режалаштирилаётган янги нимстанция қурилиши “Ўзбекэнерго” АЖ тасарруфидаги “Қарши махсус энергомонтаж” МЧЖ қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, умумий қиймати 30 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ қилингач, Косон ҳамда Чироқчи туманларидаги 20 мингдан кўпроқ аҳоли хонадонлари, “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли нефть қудуқлари ва ҳудуддаги 100 дан ортиқ ташкилот ҳамда идораларга электр энергияси узлуксиз етказиб берилади.

Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Деҳқонобод ва Қамаши туманларидаги 33 та қишлоқ аҳолиси тоғли ҳудудларда яшайди. Ўрганишлар давомида ёғин-сочинли кунларда автомобиль бора олмайдиган мазкур ҳудудларга 2 ойлик захира газ баллонлари етказиб бериш эҳтиёжи мавжудлиги аниқланиб, қўшимча 5 мингта газ баллони олиб келинди. Айни пайтда ушбу тоғли ҳудудлардаги 24 минг 851 хонадонга захира газ баллонлари тарқатилмоқда. Эътиборлиси, мазкур жараёнда ёрдамга муҳтож, ногирон ва боқувчисини йўқотган оилаларга бепул газ плиталари ҳамда газ баллонлари ўрнатиб беришга алоҳида аҳамият қаратилаётир. Шунингдек, аҳолига суюлтирилган газдан хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳам тушунтирилаяпти. Умуман, вилоятдаги жами 717 минг 325 хонадоннинг 545 мингдан зиёди айни пайтда суюлтирилган газдан фойдаланмоқда.

Шунингдек, кунлар совиб кетганда кўмирга талаб ошиши табиий. Ҳисоб-китобларга қараганда, қиш мавсумида вилоят бўйича 53,9 минг тонна қаттиқ ёқилғига эҳтиёж бор. Бугунги кунга қадар унинг қарийб 75 фоизи таъминланган.

— Вилоятда 8 та кўмир тарқатиш шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ “Темирйўлёнилғитаъмин” бошқармаси Қарши бирлашган ёнилғи омбори раҳбари Хуршид Нуралиев. — Шунингдек, 6 та цехда брикет ишлаб чиқарилаяпти. Бу маҳсулотлар қатъий нархларда, аҳоли учун мақбул тўлов усулида сотилаяпти. Эндиликда Қарши шаҳрида ҳам кўмир омбори фаолият кўрсата бошлади. Бу нафақат ушбу шаҳар, балки Қарши, Касби ҳамда Миришкор туманлари аҳолиси учун анча қулайлик туғдирди.

Бу йилги қиш мавсуми учун вилоятда 39 минг 779 тонна картошка, пиёз, сабзи, гуруч ва қишлоқ хўжалигининг бошқа маҳсулотларини ғамлаш белгиланган бўлиб, шу кунгача мазкур маҳсулотларнинг 49 фоизи жамғарилди. Ушбу вазифани 1 декабрга қадар тўлиқ адо этиш учун тижорат банкларининг 493 миллион сўмлик кредитлари йўналтирилмоқда.

Республика ишчи гуруҳининг уч кунлик фаолияти давомида ҳудудлар аҳолисини кўп йиллардан бери қийнаб келаётган бир қатор муаммолар ўз ечимини топди. Хусусан, Деҳқонобод тумани аҳолисидан Президент Халқ қабулхонасига тумандаги Кичикўра дарёси устидан ўтувчи кўприк яроқсиз аҳволга келиб қолгани, бу эса қарийб 10 минг аҳолига ноқулайликлар туғдираётгани ҳақида мурожаат қилинган эди. Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан қарийб 100 метр узунликдаги кўприк қисқа муддатда таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Касби тумани марказидан 70 километр узоқликда жойлашган “Чўлқувар” қишлоқ фуқаролар йиғинида тўпланиб қолган муаммоларга ҳам амалий ечим топилди. Ҳудуд аҳолисининг талаб ҳамда таклифларига кўра, Чўлқувар марказий кўчаси таъмирланиб, тунги чироқлар ўрнатилди. Қишлоқдан туман марказига қулай жадвал асосида автобус қатновининг йўлга қўйилгани эса барчани мамнун этди. Ушбу тадбирлар доирасида қишлоқ врачлик пунктига махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси ҳам топширилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан энг чекка ҳудудлардаги чўпонлар ҳолидан хабар олинди. 200 дан зиёд чўпон хонадонлари газ баллони ва газ плиталари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Албатта, аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Зеро, мавсумга тайёргарликда ҳар бир кун ғанимат. Ундан унумли фойдаланиб, белгиланган ишларнинг вақтида ҳамда сифатли бажарилиши қишни беталафот ўтказишга хизмат қилади.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn