Тошкент метрополитени: Ривожланишнинг дадил одимлари
  • 23 Ноябрь 2017

Тошкент метрополитени: Ривожланишнинг дадил одимлари

 

Бундан қирқ йил муқаддам Тошкент шаҳри транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ноёб лойиҳага қўл урилди. Гап шундаки, мураккаб бир даврда мамлакатимизнинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов ташаббуси билан Ўрта Осиёда ягона Тошкент метрополитени бунёд этилди. Машаққатли меҳнат маҳсули бўлган ер ости йўлида 1977 йилнинг 7 ноябрь куни қатъий жадвал бўйича поездлар ҳаракатлана бошлади.

“Темир йўлчилар” марказий маданият саройида бўлиб ўтган тантанали тадбир ана шу санага, яъни метрополитеннинг қирқ йиллигига бағишланди. Унда тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, темир йўлчилар, метрополитен фахрийлари ҳамда ишчилари, санъат, маданият соҳаси вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Анжуманда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ўринбосари — “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси бошлиғи Ойбек Худойқулов ва бошқалар қайд этганидек, ўтган даврда Тошкент метрополитени жадал ривожланди, унинг янги йўналишлар ҳисобига кенгайиши, шубҳасиз, истиқлол йилларига тўғри келади.

Пировардида мураккаб муҳандислик мажмуасининг дастлабки узунлиги 12,2 километрни ташкил қилиб, ўз ичига 9 та бекатни қамраб олган бўлса, айни пайтда умумий узунлиги 39 километрга, бекатлар сони эса 39 тага етказилди. Поездлар 3 та — Юнусобод, Чилонзор ҳамда Ўзбекистон йўналиши бўйича ҳаракатланиб, кунига 180 — 200 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатилмоқда.

Мустақиллик йилларида, аниқроғи, 2001 йилда шаҳарнинг аҳоли зич ҳудудларидан бири — Юнусобод туманида узунлиги 7,6 километр ва 6 та бекатдан иборат бўлган Юнусобод йўналишининг дастлабки босқичи ишга туширилди. Бу билан Тошкент шаҳрининг Шимолий ҳамда Жанубий қисмини марказ орқали бирлаштирувчи транспорт йўлаги яратилди.

2016 йилда Юнусобод йўналишида 3 та бекат ва Сергели йўналишида узунлиги 7 километрдан зиёд бўлган ер усти метро линияси қурилишига киришилди.

Бугунги кунда Тошкент метрополитенида аҳолига кенг қулайликлар яратиш, йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш мақсадида изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги қарори билан “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибига киритилди.

Жорий йилнинг 28 октябрь куни давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳри туманларида бўлганида, пойтахтимизда ер усти ҳалқа метро линиясини барпо этиш бўйича бошланган ишлар билан ҳам яқиндан танишди. Мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Ер усти ҳалқа метро линиясини барпо қилиш бўйича амалга ошириладиган лойиҳага кўра, унинг умумий узунлиги 54 километр бўлиб, 51 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади, 2 километри эса ер устида қурилади. Мазкур лойиҳа беш босқичда бажарилиб, 2020 йилда тўлиқ фойдаланишга топширилади.

— Бугун биз, соҳа ходимлари учун қувончли кун, — дейди “Тошкент метрополитени” унитар корхонасининг Электромеханика хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Игамбердиев. — Ҳамма кўтаринки кайфиятда. Байрам тадбири жуда қизғин ўтмоқда. 300 нафардан ортиқ малакали ишчи-ходимлардан иборат жамоамизнинг асосий вазифаси метрополитеннинг совуқ ҳамда иссиқ сув тармоқлари, вентиляция ва ер ости сув ҳайдаш қурилмалари, эскалаторларнинг соз ҳолатда бўлишини таъминлашга қаратилган.

Қайд этиш жоизки, Тошкент метрополитени айёми яна бир муҳим анжуманга тўғри келди. Гап шундаки, кеча пойтахтимизда “Метро” халқаро уюшмаси аъзолари Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳам ўтказилди.

1992 йилнинг февраль ойида ташкил қилинган мазкур уюшма бугунги кунда МДҲда фаолият кўрсатаётган 16 та метрополитенни ўз ичига олади. Унда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Тошкент метрополитени бошқа шаҳарлардагига қараганда бекатлари тозалиги, мўътадил иқлими ҳамда хавфсизлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Кенгаш йиғилишида метро транспорти хизматини янада яхшилаш, йўловчиларга яратилаётган қулайликларни кенгайтириш, янги линияларни барпо этишда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида ўзаро фикр алмашилиб, ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Байрам тантанаси давомида Тошкент метрополитенининг бир гуруҳ ходимларига фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди.

Дилшод УЛУўМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn