Коммунал соҳа: хизмат сифати яхшиланмоқда
  • 22 Ноябрь 2017

Коммунал соҳа: хизмат сифати яхшиланмоқда

 

Қаҳратон қиш кунлари коммунал соҳада у ёки бу муаммо юзага келса, ундан, энг аввало, аҳоли азият чекади. Жумладан, табиий газ, ичимлик суви, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, иситиш тармоғининг носозлиги каби ҳолатлар, шубҳасиз, одамларнинг кундалик турмушига салбий таъсир кўрсатади. Давлатимиз раҳбарининг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юқоридаги каби камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга қаратилган бўлиб, биргина Сурхондарё вилоятида 33 банддан иборат тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди. Хўш, унинг ижроси қай даражада амалга оширилмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати, Ҳисоб палатаси, тегишли вазирлик ҳамда идоралар мутасаддиларидан иборат Республика ишчи гуруҳи вилоятдаги мавсумга тайёргарлик ҳолатини атрофлича ўрганди. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Олис ҳудудлар аҳолиси билан бевосита мулоқотлар уюштирилиб, аниқланган камчилик ҳамда муаммолар жойида ҳал этилди.

Юқори Мачай қишлоғи вилоят марказидан 150 километр узоқликда жойлашган бўлиб, ишчи гуруҳи мавсумга тайёргарлик билан танишишни шу ердан бошлади. Эътиборли томони, шу куни “Ўзавтотранс” акциядорлик жамияти Сурхондарё вилояти ҳудудий газ таъминоти филиалига қарашли “Мачай” маиший газ баллонларини сақлаш ва тарқатиш маркази фойдаланишга топширилди. 800 дона маиший газ баллонини сақлаш ҳамда тарқатишга мўлжалланган ушбу марказ эндиликда тоғли ҳудуд аҳолисига узлуксиз хизмат кўрсатади.

— Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида тоғли қишлоғимиздаги кўплаб муаммолар ижобий ечим топаётганидан хурсандмиз, — дейди “Ўрта Мачай” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Моҳира Равшанова. — Авваллари газ баллони олиб келиш учун туман марказига боришимизга тўғри келарди. Қишлоғимизда иш бошлаган марказ ана шу қийинчиликка барҳам берди. Шугина эмас, ишчи гуруҳи аъзолари хонадонларда бўлишди, 10 оилага 5 тонна кўмир ёқилғиси, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Маҳалламиз ҳудудидаги 40-умумтаълим мактабининг иситиш тизими янгидан барпо қилинди. Шунингдек, мактаб зарур компьютер воситалари, дарсликлар ҳамда лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 2 километр масофадаги эскирган таянч устунлари янги бетон устунлар билан алмаштирилди.

Ҳозирги пайтга қадар вилоят аҳолисига 136 минг 162 дона маиший газ баллони етказиб берилган бўлса, ўрганишлар натижасида хонадонларга яна 1 минг 200 дан ортиқ маиший газ баллонлари ҳамда 201,4 тонна суюлтирилган газ тарқатилди. Аниқланишича, вилоятда яна 50 минг дона газ баллонига эҳтиёж мавжуд. Шундан келиб чиққан ҳолда, тез кунларда республика захирасидан қўшимча маиший газ баллони етказиб бериш вазифаси тегишли мутасаддиларга юклатилди.

— Мавсумга тайёргарлик кўриш мақсадида Сурхондарё вилояти бўйича 13,2 километрлик табиий газ қувурлари капитал таъмирланиб, 8,5 километрлик қисми реконструкция қилинди, — дейди Сурхондарё вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиали раҳбари Алишер Саъдуллаев. — Қолаверса, табиий газ билан таъминлаш имкони йўқ ҳудудлар аҳлига суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида вилоятимиз бўйича 9 та янги сервис марказини қуриб ишга туширдик. Маиший газ баллонлари олиб келиш ҳамда ҳудудларга етказиш учун яна 15 та махсус автотранспорт воситаси сотиб олишни режалаштирганмиз.

Ишчи гуруҳи кўмаги билан вилоят аҳолисига электр энергияси, ичимлик суви, кўмир ва брикет етказиб бериш, йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам бир қатор амалий ишлар бажарилди. Жумладан, 63 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ҳамда 5 дона трансформатор пункти янгидан қурилди. 14 дона трансформатор пункти ва 176 километр электр узатиш тармоғи жорий таъмирланиши натижасида 3 мингга яқин хонадонларнинг электр таъминоти яхшиланди.

Ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектлари ҳамда хонадонларнинг муқобил ёқилғига бўлган талаби инобатга олиниб, 3 минг 588 тонна кўмир етказилди, 132 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага 33,4 тонна кўмир бепул тарқатилди.

Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига қарашли кўп қаватли уйларнинг томи ва ертўла қисмларини таъмирлаш учун эса қўшимча 187 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, Сариосиё туманида 1600 метр масофага қувур тортилиб, 2800 нафар аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи қондирилди.

Шуни ҳам айтиш керакки, ишчи гуруҳи аъзолари 150 дан зиёд эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга озиқ-овқат, қишки кийим-кечаклар топширишди. 15 та қорамол тарқатилди. Қишки мавсум олдидан ўзгалар кўмагига муҳтож 12 нафар ҳамюртимизнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди.

— Биз каби оддий одамлар турмуш тарзи билан танишиб, муаммоларимизни бартараф этиш учун яқиндан кўмаклашаётганлардан миннатдормиз, — дейди Бойсун туманидаги Даштиғоз маҳалласида яшовчи Гулсоат Абдиева. — Моддий ҳамда маънавий ёрдамдан бошимиз осмонга етди.

— Тиббиёт муассасаларини мавсумга тайёрлаш даражасини яхшилаш мақсадида ишчи гуруҳи ёрдамида 4 та шифохонада қўшимча иситиш қозонхоналари ўрнатилди, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдусамад Норқобилов. — Бундан -ташқари, энг чекка 12 та қишлоқда истиқомат қилувчи 5 минг нафар эҳтиёжманд аҳоли қатлами, қария ва ногиронлар патронаж тиббий кўригидан ўтказилди. Шулардан 1511 нафарига туман тиббиёт бирлашмаларида, 113 нафарига вилоят тиббиёт муассасаларида ҳамда 8 нафарига республика клиникасида ётиб даволаниш учун йўлланмалар тақдим этилди.

Ишчи гуруҳи томонидан кўрилган амалий чора-тадбирлар натижасида икки кун мобайнида қишки мавсумга озиқ-овқат захирасини тўлдириш учун 390 тонна картошка, 353 тонна пиёз, 121 тонна сабзи, 37 тонна гуруч маҳсулотлари жамғарилди. Ўз навбатида, вилоятдаги аксарият деҳқон бозорларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ҳам ташкил қилинди.

Коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий тармоқларнинг мавсумда барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли талаб ва эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бундай саъй-ҳаракатлар халқ ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Илҳом РАҲМАТОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn