Фермерлик ҳаракати: истиқболи амалиёт, муаммо ва ечимлар.
  • 22 Ноябрь 2017

Фермерлик ҳаракати: истиқболи амалиёт, муаммо ва ечимлар.

Бугунги кунда республикамизда 160 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. Кейинги пайтда улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан чекланиб қолмасдан, қишлоққа саноатни олиб киришда фаоллик кўрсатишаяпти. Жорий -йилнинг ўтган даврида 23 мингга яқин фермер хўжаликларида қўшимча тармоқлар ташкил этилиб, сервис хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилгани бунинг ёрқин мисолидир.

Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб масалалари: -амалиёт, муаммо ва унинг ечимлари” мавзуида ўтказилган давра суҳбатида ана шулар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда сенаторлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши мутасаддилари, фермерлар, профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчи олимлар, талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Президентимизнинг шу йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, шунингдек, 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон -хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори фермерлик ҳаракатини, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги поғонага олиб чиқиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва манфаатларини қонуний ҳимоялашда алоҳида аҳамият касб -этаётгани таъкидланди.

— Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам фермер хўжаликлари, хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш ҳамда рағбатлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган, — дейди -Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Бахадир Тажиев. — Қолаверса, ҳар йили ҳудудлар кесимида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш дастурлари қабул қилиниб, ижроси изчил таъминланаяпти. Натижада 4 мингдан зиёд фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг гектарга яқин майдонда интенсив боғ ҳамда токзорлар барпо этилиб, 8 мингдан зиёдида чорвачилик тармоқлари йўлга қўйилган бўлса, 600 дан кўпроқ фермер хўжаликларида иссиқхона, 570 тасида гўшт, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сақлаш бўйича лойиҳалар амалга оширилди. Бунинг эвазига 95 мингдан ортиқ янги иш ўринлари очилди.

Давра суҳбатида, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш борасидаги муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўп тармоқли фермер хўжаликларининг мақоми, уларни ташкил қилиш шартлари ҳамда мезонлари, рўйхатга олиш тартиби аниқ белгиланмагани, кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўядиган фермер хўжаликлари учун молиявий-иқтисодий рағбатлантириш механизми жорий этилмаганлиги айтиб ўтилди. Шу боис ушбу тармоқ фаолиятини тартибга соладиган амалдаги қонун ҳужжатлари ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тайёрлаш учун ишчи гуруҳи тузиш лозимлиги таъкидланди.

Анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент давлат аграр университети қошидаги Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот ва ўқув-тажриба станцияси фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, бу ерда олиб борилаётган тадқиқот ишлари асосида ўзаро тажриба алмашишди. 30 гектар майдонни ўз ичига олган ушбу ўқув-тажриба станциясида картошка, пиёз, ерёнғоқ, карам, саримсоқпиёз, қулупнай каби қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари етиштирилаётир. Улар тажрибадан муваффақиятли ўтказилгач, фермер хўжаликларига тавсия қилинади. Бунда университет тадқиқотчиларининг Жанубий кореялик мутахассислар билан амалга ошираётган лойиҳалари ўз самарасини бераётир.

Тадбирда гидропоника усулида помидор етиштириш, унинг ҳосилдор дурагайларини танлаш борасидаги ишлар ҳам қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, улар махсус ажратилган майдонда ветеринария соҳасини такомиллаштириш, хусусан, чорвачилик, туячилик, паррандачилик каби тармоқлар равнақи йўлида олиб борилаётган тадқиқотлар, эришилаётган ютуқлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn