Президент фармони: “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди
  • 21 Ноябрь 2017

Президент фармони: “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди

Шавкат Мирзиёев 2017 йил 17 ноябрь куни “Ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳунармандчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди.

Унга кўра, 2017 йил 1 декабрдан “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо ҳунармандчилик субъектлари:

– ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этилади; 

– ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади; 

– қишлоқ туманларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди. 

“Ҳунарманд” уюшмаси Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида кирди, уюшма раисининг мавқеи Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди.

Шу билан бир қаторда, ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, жумладан, банк ҳисобрақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Бунда хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, фестиваль, ярмаркаларда ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт шартномаларини тузмаган ҳолда сотиш мумкин, бунда олинган даромад экспорт тушуми ҳисобланмайди. Шу билан бирга, ҳунармандларга ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда маҳаллий бюджетга тўланиши белгиланган тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз бериш жорий этилмоқда. 

Шунингдек, Фармон билан мамлакатимизда 2018-2019 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш дастури ва комплекс чора-тадбирлари тасдиқланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn