Экспорт амалиётидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам берилмоқда
  • 15 Ноябрь 2017

Экспорт амалиётидаги тўсиқ ва чекловларга барҳам берилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш, ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга қўшимча эркинликлар бериш мақсадида қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш мақсадида видеоконференцалоқа орқали тадбир ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Марказий банк, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти мутасаддилари, божхона ходимлари ҳамда тадбиркорлар қатнашди.

— “Ўз бизнесимни йўлга қўйиб, ҳам оиламга, ҳам давлатга наф келтираман”, деган кишига бугун барча шарт-шароит муҳайё қилинган, — дейди Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Муталибжон Солиев. — Яқин вақт ичида давлатимиз раҳбарининг қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган кўплаб ҳужжатлари амалиётга татбиқ этилдики, уларнинг барчасида тадбиркорлар манфаати устувор қилиб белгиланган. Бугунги анжуманда Президентимизнинг 2017 йил 3 ноябрдаги “Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, шунингдек, экспорт контрактларини рўйхатга олиш ва импорт контрактларини экспертизадан ўтказишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, “Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 6 ноябрда имзоланган “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳияти, киритилган янги нормалар ҳақида ишбилармонларга тушунчалар берилди.

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида Давлат божхона қўмитаси томонидан тадбиркорлик субъектларига божхона тўловларида 15,5 трлн. сўм миқдорида енгиллик тақдим қилинди. Хусусан, биргина эркин иқтисодий зоналар иштирокчилари ана шундай имтиёздан фойдаланиши туфайли 260,9 млрд. сўм маблағ уларнинг ёнида қолди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 8,4 баробар кўп, деганидир. Юқорида қайд этилган ҳужжатлар эса ана шундай енгилликлар кўламини янада кенгайтирмоқда.

Гап шундаки, тегишли қарорга кўра, экспорт қилувчи корхоналар, уларнинг янги, жумладан, истиқболли хорижий савдо бозорларини фаол ўзлаштириши учун қулай шароитлар яратишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар жорий этилаётир. Хусусан, қонунчиликка киритилаётган янгиликлар тадбиркорларнинг экспорт-импорт операцияларини амалга оширишида мавжуд тўсиқлар ҳамда чекловларга барҳам беради.

Тадбирда вилоят студияларидан иштирок этган тадбиркорлар Фармон ва қарорлар доирасида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn