Харажатлар камаяди, даромад эса ортади
  • 15 Ноябрь 2017

Харажатлар камаяди, даромад эса ортади

Энергетика — иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Бугунги тезкор тараққиёт даври ушбу жабҳада ҳам тежамкор усулларни қўллашни тақозо қилаяпти.

Бинобарин, Президентимизнинг жорий йил 26 майдаги “2017 — 2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада кўплаб вазифалар белгилаб берилган.

Гап энергияни тежаш ва ундан унумли фойдаланиш хусусида кетар экан, 2011 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида  амалга ошириб келинаётган “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳасига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Чунки ундан кўзланган асосий мақсад истеъмолчиларга йирик саноат корхоналарида энергия тежамкор технологияларни жорий этиш тажрибаси, бунинг фойда ва афзалликларини кўрсатишдан иборатдир.

— Лойиҳа доирасида 30 дан ортиқ саноат корхоналари Жаҳон банки қошидаги Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Ўзбекистон тижорат банклари ҳисобидан ажратилган имтиёзли кредитларга эга бўлди, — дейди  унинг раҳбари Алишер Алимбоев. — Айни пайтда республикамиз бўйича у 82 та сублойиҳани қамраб олган бўлиб, уларнинг муваффақиятли амалга оширилиши йилига 500 миллион кВт/соат электр энергияси ва 187,7 миллион куб метр табиий газни тежаш имконини беради.

Келинг, шу ўринда яқинда вазирлик томонидан энергия тежамкор ускуналарнинг ўрнатилиши эвазига эришилаётган натижалар, уларнинг аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ташкил қилинган медиатур мисолида фикримизни давом эттирсак. Ушбу тадбир доирасида Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги  оммавий ахборот воситалари ходимлари мазкур ҳудудлардаги бир қатор корхоналар фаолияти билан яқиндан таништирилди. Масалан, “Каттақўрғон ёғ-мой” акциядорлик жамияти лойиҳа сабаб ишлаб чиқаришда энергия ҳажмини сезиларли даражада камайтиришга эришган корхоналардан бири ҳисобланади. 

Жаҳон банки эксперти Умарбой Одамовнинг айтишича, ушбу жамиятда энергия ресурсларини бошқариш ISO 50001 стандарти асосида бажарилади. Бунда корхона Халқаро тараққиёт уюшмаси кредитидан самарали фойдаланиб, эски, талабга жавоб бермайдиган қозонхона ўрнига Италиядаги “IСI CAIDAIE S.p.A” фирмасининг замонавий ускуналари ўрнатилгани қўл келди. Натижада электр энергияси 7 — 9 фоизгача, табиий газ 23 — 25 фоизгача иқтисод қилинаяпти.

Худди шундай ижобий ўзгариш “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида ҳам кузатилмоқда. Ҳозирги кунда корхонада 8 та сублойиҳа рўёбга чиқарилаяпти. Модернизациялаш тадбирларининг умумий қиймати 17,6 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, 12 миллион доллардан ортиғи уюшма кредитидир. Айни пайтда ускуналарнинг асосий қисми ишга туширилди.

Завод мутахассисларининг дастлабки ҳисоб-китобларига қараганда, бу ерда ҳам йилига 20,3 млн. кВт/соат электр энергияси ва 18,8 млн. куб метр табиий газ тежалади. Бу кўрсаткичлар, ўз навбатида, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ва корхона даромадини оширишга олиб келади. 

Бундан ташқари, “Қизилқумцемент” акциядорлик жамиятида энергия ресурсларини тамомила янгича бошқариш стратегияси жорий қилинаётган бўлса, Навоий кон-металлургия комбинати тизимидаги қатор корхоналар, шу жумладан, унинг Шимолий кон бошқармаси сульфат ишлаб чиқариш цехига 6,3 МВт қувватига эга замонавий буғ турбинаси ўрнатилиши билан шу ернинг ўзида қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ўзлаштирилди.

Бу хусусда Навоий кон-металлургия бош энергетиги ўринбосари Алишер Ачилов шундай дейди: “Олдин сульфат ишлаб чиқариш цехида кўп миқдорда, аниқроғи, Учқудуқ шаҳрини уч ой мобайнида иситиб туришга сарфланадиган энергия ҳажмига тенг миқдордаги иссиқлик қуввати ҳавога учиб кетар эди. Буғ турбинасининг ўрнатилиши билан йўқотишнинг олди олинди. Бугунги кунда турбина ёрдамида 41,3 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, бутун цех эҳтиёжи қопланмоқда”.

Таъкидлаш жоиз, ускуна Ҳиндистоннинг “Triveni Turbine Limited”  корхонасидан келтирилган. Унинг умумий қиймати 1,8 миллион АҚШ долларига тенг. Бироқ бунинг учун сарфланган харажатлар икки ярим йилда ўзини қоплайди. 

Қашқадарё — юртимизнинг табиий газни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича кўплаб йирик корхоналарига эга ҳудуд. Лойиҳа доирасида “Шўртаннефтгаз” МЧЖ ва унинг “Шўртан” сиқув компрессор станциясида иккита сублойиҳа амалга оширилмоқда. Шулардан бири — “Паст босимли машъала газларни қайта ишлаш” сублойиҳаси. Унинг ноёблигини технологик жараёнлардан ажралаётган паст босимли газлар асосида ишловчи кичик электр станцияси вужудга келгани ҳам тасдиқлаб турибди. 

Мутахассислар фикрича, бундай компрессор станцияларида табиий газ босимини етарли даражагача кўтариб, бош иншоотдаги газни қайта ишлаш қурилмаларига етказиб бериш жараёнида газ конденсати ва қатлам сувлари таркибида “эриган” газлар ажралиб чиқади. Қизиғи шундаки, умумий жараёнга таъсир қилмасдан туриб, ушбу газларнинг бир қисмидан қўшимча электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланса бўлади. Бу компрессор станциясида ҳеч қандай харажатсиз қўшимча электр қуввати ишлаб чиқарилади, деганидир. Қолаверса, кичик станция машъала босимини пасайтириб, экологик жиҳатдан зарарли чиқиндилар ҳажмини ҳам камайтиради. 

Бундай сублойиҳалар водий  вилоятларининг қатор ишлаб чиқариш иншоотларида ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятидаги Хўжаобод газ сақлаш омбори корхонасида татбиқ этилаётган сублойиҳа алоҳида диққатга сазовор. Гап шундаки, унинг шарофати билан авваллари “ҳавога” кетадиган иссиқлик эндиликда ишлатилган иссиқликни электр энергияси ишлаб чиқаришига йўналтирувчи ускуна ёрдамида қайта ишланиб, қўшимча 2,8 млн. кВт/соат электр энергияси ҳосил қилинади. Бу эса корхонанинг электр энергиясига бўлган йиллик эҳтиёжини юз фоиз қоплайди.

Йирик саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш борасида жорий қилинаётган бундай тажрибалар иқтисодиётимиз тараққиёти барқарорлигини таъминлашда алоҳида ўрин тутади.

Обиддин МАҲМУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги масъул ходими.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn