Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади
  • 20 Октябрь 2017

Савдо-иқтисодий муносабатлар янада мустаҳкамланади

Ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, келгусида ушбу кўрсаткични 5 миллиард АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган.

Бу ҳақда пойтахтимизда ўтказилган Ўзбекистон — Қозоғистон бизнес форумида маълумот берилди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Kazakh Invest” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат, фармацевтика, кимё, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган йирик компаниялари вакиллари, тадбиркорлик субъектлари қатнашди. 

Форумда сўзга чиққанлар икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар барча соҳа, хусусан, савдо-иқтисодий алоқалар ривожида ҳам муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар. Юртимизда Қозоғистон Республикаси капитали иштирокида 200 дан ортиқ корхоналар ташкил этилган бўлиб, улар кон-металлургия, машинасозлик, савдо, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, электротехника каби иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида фаолият кўрсатаяпти. 

— Ўзбекистон Қозоғистоннинг ишончли стратегик ҳамкорларидан биридир, — дейди “Kazakh Invest” миллий компанияси директори Аскар Аринов. — Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат анъаналари билан узвий боғланган. Бугунги анжуман иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, янги савдо йўлларини очиш ва истиқболли қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйишда мустаҳкам пойдевор яратади, деган умиддамиз.

Анжуманда ўзаро манфаатли меморандум ва шартномалар имзоланди.

— Бизнинг компаниямиз электр тақсимлагич ускуналарини ишлаб чиқариш, шунингдек, электр станцияларини лойиҳалаштириш ҳамда йиғиш билан шуғулланади, — дейди “Alageum Electric” компанияси савдо бўйича менежери Эльдар Бекмуратов. — Форум доирасида Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги улкан салоҳияти ҳақида атрофлича маълумотга эга бўлдик ва келишувга ҳам эришдик. Мисол учун, мамлакатингизда фаолият кўрсатаётган “Chirchiq Transformator Zavodi” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда умумий қиймати 6 миллион АҚШ долларилик юқори кучланишли электр тақсимлагич ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича меморандум имзоладик. 

Тадбир якунида республикамиздаги қатор компания ва корхоналар ҳамда қозоғистонлик ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида кооперация биржаси бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат тадбиркорлари ўзаро савдо айланмасини ошириш, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, янги қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш борасида келишиб олишди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn