Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари
XS.UZ
Президент фармони: “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига тенглаштирилди Ўзбекистон — жонажон Ватанимиз «Профилактика куни» умумхалқ ҳаракатига айланмоғи шарт Табиий экотизимларни муҳофаза қилиш — давр талаби Тадбиркорлар учун Бизнес маркази Ҳаётимизнинг гўзал саҳифаси Асл мусиқа беғубор қалб оламида яралади Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро билимлар олимпиадасида 49 медални қўлга киритди Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида Жиззахдан бир олам таассуротлар билан Наманганда харидорларга чек бермаётган сотувчилар аниқланди Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль қатнови бўйича баённома кучга кирди Ўзбекистонда 1 декабрдан иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори ошади Даъвогарлар минг нафар, совринлар эса чекланган Январь — октябрь ойларида 141 минг 682 нафар қишлоқ жойларда яшовчи фуқаро иш билан таъминланди Шўрчида йилига 3 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади Марказий Осиёдаги энг қадимий ёзув Қорақалпоғистондан топилган Австрия банки ўзбекистонлик ёш тадбиркорларга имтиёзли кредитлар тақдим этади Ўзбекистон чемпионати: олтин, кумуш ва бронза медаллари эгалари маълум Ўзбекистон ва Япония терма жамоалари ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилади “Амалиёт эътирофи — 2017” ёш журналист кадрлар рағбатлантирилди Тошкентга АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги делегация келади  Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг сув бўйича ҳамкорлигига бағишланган халқаро конференция ўтказилади Ўзбекистонда корейс миллатига мансуб юртдошларимиз истиқомат қилаётганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига Одамларнинг бунёдкорона меҳнатини қадрлаб, уларга муносиб турмуш шароити яратиш — энг муҳим вазифамиздир Ўзбекистон — Корея Республикаси: Икки томонлама муносабатлар тараққиётида янги босқич Асосий Қонунимиз тарихига бағишланган кўргазма Жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда Истиқлолимиз ва истиқболимиз тимсоли «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак»
  • 20 Октябрь 2017

Илғор тажрибалар ва бозор механизмлари

аграр соҳа истиқболида нурли уфқларни очади

Халқимиз она каломини энг муқаддас неъматларгагина қўшиб қўллайди: она-Ватан, она-табиат, она-тупроқ...

Дарҳақиқат, ер — бебаҳо бойлик. Аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши, дастурхонимиз файзу баракаси ундан нечоғли оқилона фойдаланилишига боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ислоҳ қилиниб, соҳага бозор муносабатларини жорий этиш, хусусий мулкчилик шаклини ривожлантириш, экин майдонларини ҳақиқий эгасига беришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилаяпти. Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда шу йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқаётир.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги: ислоҳотларнинг янги босқичи” мавзуидаги анжумани мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аграр тармоқда эришилаётган ютуқлар, бой берилаётган имкониятлар таҳлилига бағишланди.

 

Ернинг ҳақиқий эгаси ким?

Шубҳасиз, бу — фермер. Чунки республикамизда деҳқончилик қилинадиган 3,5 миллион гектар ер майдони 166 мингта фермер хўжалиги ихтиёрига берилган. Давлатимиз томонидан яратилган қулай шарт-шароит, барқарор таъминот тизими уларнинг қишлоқдаги етакчи куч сифатида шаклланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.

— Илгари ер майдонларидан бир ёқлама фойдаланилгани оқибатида озиқ-овқат маҳсулотларининг тақчиллиги кузатиларди, — дейди Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Бахадир Тажиев. — Бунга истиқлол йилларида барҳам берилиб, пахта майдонлари босқичма-босқич камайтирилиши эвазига ғалла ҳамда бошқа озиқ-овқат экинлари ерлари кенгайтирилди. Натижада жуда қисқа даврда дон мустақиллигига эришдик. Бугун фермерларимиз томонидан етиштирилган нафақат дон, балки мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари ва бошқа ноз-неъматлар ички эҳтиёжимизни тўлиқ таъминлаб, экспорт ҳам қилинаётгани соҳадаги энг катта ютуқларимиздандир.

Чиндан ҳам, деҳқону фермерлар бугун аграр соҳа ҳамда у билан боғлиқ бўлган бошқа тармоқларни ривожлантиришда етакчи кучга айланган. Эндиликда улар шартнома мажбуриятини бажариш билан кифояланиб қолмасдан, маҳсулот тайёрлаш сарф-харажатларини камайтириш эвазига таннархни арзонлаштириш, сифатни янада яхшилаш устида изланаётгани диққатга сазавор. Бироқ айрим фермерлар фақат пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ваҳолонки, қўшимча тармоқларни йўлга қўйиш эвазига кўпроқ даромад топиш, янги иш жойлари яратишни замоннинг ўзи тақозо қилаётир.

 

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шарти

— Экин майдонларидан оқилона фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади, — дейди Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Баҳодир Юсупов. — Шу боис Фармонда қишлоқ мулкдорлари, яъни деҳқонлар, фермерлар ва томорқачиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятини рағбатлантириш баробарида, масъулиятини ошириш вазифаси ҳам белгилаб берилди. Бундан буёғига кимки ер майдонларидан самарасиз фойдаланса, экинларни тўлиқ экмаса ёки агротехника тадбирларини ўз вақтида бажармаса, унга нисбатан ер участкасига эгалик қилиш ҳуқуқи бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — ер бўш турмасин, одамлар даромад олсин. Бир мисол, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда ғалладан бўшаган 1 миллион гектардан ортиқ майдонга такрорий озиқ-овқат экинлари экилгани ҳисобига деҳқонларимиз мўмай даромад кўраяпти.

Мутахассисларнинг айтишича, юртимиз иқлим шароитида қишлоқ хўжалигининг барча тармоғини ривожлантириш имконияти бор. Ахир японлардек сув устига, хитойликлардек қум устига тупроқ ташлаб, деҳқончилик қилинмайди. Ёки Исроилдаги фермерлар сингари хориждан унумдор тупроқ келтиришга ҳам ҳожат йўқ. Заминимиз унумдор, сувимиз — зар. Қуёш йил — ўн икки ой ўз тафтини аямайди. Ана шундай қулай тупроқ-иқлим шароити туфайли ерга сепилган уруғ бехато униб чиқади. Шу маънода, фермер хўжаликларининг аксарият қисми бир йўналишда фаолият юритаётгани жиддий ўйлантирадиган масаладир. Бундай дейишимизнинг боиси ҳозирги пайтга қадар 40 мингта фермер хўжалиги кўп тармоқли фермер хўжалигига айлантирилган, холос. Қолганлари-чи?

Фармонда 2018 — 2021 йилларда барча фермер хўжаликлари босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантирилиши белгилаб берилган.

— Фармондан келиб чиқиб, олтита қонун ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилмоқда, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров. — Масалан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар мавжуд бўлса-да, кўп тармоқли фермер хўжалигининг мақоми белгиланмаган, деҳқон хўжаликларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари аниқ ва муфассал ифодасини топмаган. Шу нуқтаи назардан қонунчилигимизнинг такомиллаштирилиши ерга бўлган муносабатнинг тубдан ўзгаришига хизмат қилади.

 

Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ

Ички бозорни ноз-неъматлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини оширишда 480 минг гектар томорқадан йилига уч мартагача ҳосил олаётган 4,5 миллион томорқачининг ҳиссаси катта, албатта. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан томорқа эгаларига қулай шарт-шароит, қўшимча имкониятлар яратиб берилаётгани ушбу жабҳа истиқболида нурли уфқларни очмоқда. Сабаби, томорқа ерларидан оқилона фойдаланиш, яъни таъминот, сервис ва савдо хизматларини тизимли йўлга қўйиш орқали озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини 2 баробар кўпайтириш мумкин экан.

Баҳодир Юсуповнинг айтишича, бугун мазкур йўналишда юқори натижаларга эришаётган ҳудудлар тажрибасини оммалаштириш чора-тадбирлари кўрилаётир. Олтинкўл туманидаги “Уйшун” МФЙ деҳқонларининг бугунги муваффақиятлари бунга мисол бўла олади.

Мазкур ҳудудда 500 дан ортиқ хонадонлар бўлиб, деярли барчасида агрофирмаларнинг молиявий кўмагида бир сотихли иссиқхона ҳамда ихчам товуқхона бунёд этилиб, аҳолининг доимий даромад манбаи яратилган. Чунки улар эҳтиёжидан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини агрофирмалар сотиб оладиган тизим йўлга қўйилган.

Бугун ҳаётга татбиқ қилинаётган ана шундай янги бозор механизмлари одамларга кафтдек ердан мўмай фойда кўриш имконини туҳфа этаяпти. Бинобарин, жойларда очилаётган комплекс хизмат кўрсатиш марказлари, сайёр лабораториялар фаолияти ҳам, энг аввало, томорқачиларга ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР