Металл ҳам зангламайди
XS.UZ
Президент қарори:“Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилди Меҳнат вазирлиги ҳамда Кичик ва ўрта бизнес конвергент ассоциациялари Уюшмаси (Корея) ўртасида меморандум имзоланди Тошкент – Сеул: Кореялик ишбилармонлардан интервью (Видео) Ўзбекистонда “Hyundai” автомобиллари ишлаб чиқарилади Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида қиймати 12,3 миллиард АҚШ долларидан зиёд бўлган 75 та ҳужжат “Evergreen Holdings” (Корея) Ўзбекистонда цемент заводи қурилиши учун 300 миллион доллар сармоя киритади “Ўзбекенгилсаноат” Корея билан 30 миллион долларлик 7 инвестицион лойиҳа имзоламоқчи Конституциямиз ҳақида қўшиқ куйланди Ўзбекистонда 12 та университет, 28 та мактаб ва лицейда корейс тили фан сифатида ўқитилади Ўзбекистон – Корея: мустаҳкам дўстликка асосланган, стратегик ҳамкорлик (инфографика) Кореянинг “Chung Hospital” шифохонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда тиббий муассаса қурилади Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик  Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасидаги сиёсий ҳамкорлик нималарда ўз ифодасини топган? “Тонг бокиралиги ўлкаси” ҳақида биз билган ва билмаган маълумотлар Олий Мажлис Сенати АҚШ Конгресси делегацияси билан учрашди Мирзиёевнинг Кореяга ташрифини ёритиш учун Сеулда матбуот маркази ташкил этилди Абдулазиз Комилов АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси аъзолари гуруҳи билан учрашди "ТС-АПТEКА" автоматлашган ахборот тизими яратилди Бош прокуратуранинг Олий ўқув курслари ҳамда Корея қонунчилик тадқиқоти институти ўртасида меморандум имзоланди Тижорат банклари томонидан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга имтиёзли кредитлар ажратилмоқда Ўзбекистон — Германия: савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик ривожланмоқда Депутатликка  номзодлар  рўйхатга олинди «Ўзбекистон фуқаросиман!» Қурилиш материаллари саноати ва манфаатли алоқалар Коммунал соҳа: хизмат сифати яхшиланмоқда Фермерлик ҳаракати: истиқболи амалиёт, муаммо ва ечимлар. Халқ қабулхонаси: ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири бор Юридик ёрдам кафолатланган Эзгу ғоялар, ёрқин таассуротлар Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда  маҳалла фаолларининг ролини ошириш — давр талаби
  • 18 Октябрь 2017

Металл ҳам зангламайди

Ўзбекистонда металлга қайноқ усулда рух қопламаси билан ишлов бериш технологияси муваффақиятли ўзлаштирилди.

Бу пойтахтимизда иш бошлаган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Bektemir Metall Konstruksiyalari” Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонасида амалга оширилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга қараганда, мазкур йирик лойиҳа доирасида биргина қурилиш инфратузилмасига импорт ўрнини босувчи металл конструкциялар етказиб берилиши эвазига йилига қарийб 58 миллион АҚШ доллари миқдорида валюта тежалиши кутилмоқда. Бу давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан саноатни диверсификация қилиш, рангли ва нодир металларни чуқур қайта ишлаш ҳисобига ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, экспорт ҳажмини кўпайтириш мақсадида олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир.

...Яқинда фойдаланишга топширилган Тошкент шаҳридаги Кичик ҳалқа йўли ва Фарғона йўли кўчаси кесишган жойдаги йўлўтказгич бўйлаб ҳаракатланаётган йўловчилар эътиборини кўча ёритиш устунлари тортмай қолмайди. У нафақат ташқи кўриниши, янгича дизайни ва ноодатий шакли, балки кумушдек товланаётган туси билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Аҳамиятлиси, ушбу ёритиш тиргаклари ҳеч қандай бўёқ билан бўялмаган, металл сиртига рух қопламаси билан ишлов берилган, холос.

Шу пайтга қадар, асосан, хориждан келтирилган бундай маҳсулотлар эндиликда ўзимизда, аниқроғи, “Bektemir Metall Konstruksiyalari” корхонасида ишлаб чиқарилмоқда.

“Уларнинг турдошларидан афзаллиги нимада?” деган савол туғилиши, табиий. Соҳа мутахассисларининг айтишича, оддий темир асосли устунлар ҳар мавсумда бўяб турилса-да, ўртача 10 — 15 йилгача фойдаланилиши мумкин. Сўнг, албатта, янгисига алмаштирилиши керак. Бу — қўшимча меҳнат ва катта харажат дегани.

Янги авлод маҳсулотлари-чи? Америка гальванизациячилар уюшмаси тадқиқотларининг кўрсатишича, рух қопламаси билан ишлов бериш металл буюмлардан фойдаланиш муддатини оширишнинг энг самарали усули ҳисобланади.

Гап шундаки, ушбу усулда тайёрланган металл конструкциялар саноат корхоналарида 65, шаҳар ҳудудида 85, шаҳар ташқарисида эса 120 йилгача зангламайди ҳам, чиримайди ҳам. Шу боис бугунги кунда дунёнинг ривожланган мамлакатларида нафақат иқтисодиёт тармоқлари, балки уй-рўзғор жиҳозларини ишлаб чиқаришда рух билан қопланган металлдан фойдаланилади.

— Янги технологияни ўзлаштиришда заводимиз учун 7 гектар ер майдонида ташландиқ бўлиб ётган бино-иншоотлар инвестиция киритиш шарти билан “ноль” харид қийматида сотилгани айни муддао бўлди, — дейди “Bektemir Metall Konstruksiyalari” қўшма корхонаси бош директори Бахтиёр Сабуров. — Тўғри, бу жойни олган пайтимиз биноларнинг қурилиши ҳали тугалланмаган, кўримсиз аҳволда эди. Аммо транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун ўта қулай бўлган объектнинг давлатимиз томонидан текин берилгани биз, тадбиркорлар учун катта ёрдам бўлди. Натижада инвестициянинг асосий қисмини мол-мулк сотиб олишга эмас, аксинча умумий ҳажми 17 минг квадрат метр бўлган янги бино-иншоотларни қуриб, хорижнинг энг замонавий технологик ускуналарини харид қилишга йўналтирилди. Бунинг эвазига қисқа фурсатларда замонавий завод бунёд этиб, қайноқ усулда рух қопламаси билан ишлов берилган металл конструкциялар тайёрлашни йўлга қўйдик. 

Корхона чиндан-да бугунги кун талабларига мос эканлигига ишлаб чиқариш цехларига кирган заҳотингиз амин бўласиз. Хорижнинг энг илғор ускуналари билан жиҳозланган. Айниқса, бу ердаги саранжом-саришталик ва озодаликни кўриб, металлга ишлов бериладиган жой эканлигига ишонгингиз ҳам келмайди.

Қўшма корхонанинг тижорат директори Азизбек Юсуповнинг айтишича, лойиҳа ижросида, энг аввало, экология ва ишчи-ходимларнинг меҳнат муҳофазаси масаласига жиддий эътибор қаратилди. Металлга шакл бериш, пресслаш, ҳатто, пайвандлаш ҳам чет эллардан келтирилган автоматлаштирилган ускуналар ёрдамида бажарилади.

— Бу станокда ишлаш жуда қулай, — дейди пайвандчи Баҳодир Йўлдошев. — Сабаби, иш унумдорлиги юқори. Мен бир сменада, масалан, 11 метрлик тиргаклардан 40 тагача пайвандлайман. Энг муҳими, сифати юқори. Қаранг, тайёрланаётган конструкциялар худди қолипда қуйилгандек, улангани билинмайди ҳам. Атрофимиз тоза-озода. 

Пайвандчилар қўлидан чиққан конструкциялар пешма-пеш рух билан ишлов бериш цехига ўтказилади. Бу жараён саккиз босқичдан иборат. Дастлаб металл сирти ёғсизлантирилади-да, кимёвий усулда ишлов берилади ва ювилади. Сўнгра флюслаш босқичидан ўтиб, 100 даража иссиқ ҳароратда обдон қуритилади. Шундан кейингина рух билан тўлдирилган ҳовузга туширилади.

Мутахассисларнинг айтишича, узунлиги 13, эни 1,8, чуқурлиги 3 метр бўлган ушбу ҳовузда 460 даража ҳароратда металл сиртига 40 дан 250 микронгача қалинликда рух эритмаси қопланади. Лекин шу билан иш битмайди. Тайёр металл конструкциялар совитилиб, пассивациялаштирилади. Энг асосийси, барча жараён ёпиқ шароитда Италиянинг “Bisol” компаниясининг яримавтоматлаштирилган технологик ускуналари кўмагида бажарилаётгани алоҳида диққатга сазовордир.

— Бугунги кунга қадар қарийб 48 миллион АҚШ доллари, шу жумладан,  28 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиб, зиммамиздаги инвестиция мажбурияти ортиғи билан бажарилди, — дейди Бахтиёр Сабуров. — 255 та иш ўрни яратилган бўлса, шундан салкам 60 тасига касб-ҳунар коллежлари битирувчилари жалб этилди. Келгусида фаолиятимизни кенгайтириб, вилоятларда ишлаб чиқариш заводларини очиш, янги иш ўринлари яратиш ниятидамиз.

Аҳил жамоа томонидан завод ишга туширилгандан буён ўтган қисқа давр ичида 45 минг погон метр йўл тўсиқлари, 1000 дан ортиқ кўча ёритиш устунлари ишлаб чиқарилди. Маҳаллийлаштириш даражаси эса 36 фоиздан зиёдни ташкил этаяпти. Корхона тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, йилига 65 минг тонна рух билан қопланган металл маҳсулотлари етказиб берилади. 

Бугунги кунда энергетика, кимё, нефть-газ, автомобиль ва темир йўллари, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳа каби иқтисодиётимизнинг муҳим тармоқларида рух билан қопланган металл материалларига талаб катта. Негаки, у асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифат кўрсаткичлари билан бемалол рақобатга кириша олади. Шу боис корхона   ҳозирданоқ юртимиз ва хорижлик ҳамкорлардан буюртмалар борасида музокаралар олиб бормоқда.

Бу юртимиз қайноқ усулда рух қопламаси билан ишлов берилган металл конструкциялар ишлаб чиқарадиган ва экспорт қиладиган давлатга айланганидан яққол далолатдир.

 

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР