Фермерни бойитган хазина
  • 13 Октябрь 2017

Фермерни бойитган хазина

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, аҳолининг парҳез гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришда паррандачилик алоҳида ўрин тутади. Шу боис мамлакатимизда чорвачиликнинг мазкур тармоғини ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, паррандалар сони кўпайиб, ички бозор сифатли маҳсулотлар билан тўлдирилаётир.

Бундай ижобий натижа қўлга киритилишида ушбу жабҳада меҳнат қилаётган кўплаб тадбиркору фермерлар қаторида, Асака туманидаги “Шарқ Баҳодири” фермер хўжалигининг 63 кишилик жамоасининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Негаки, бу ерда 200 мингтадан ортиқ товуқлар парваришланаётган бўлиб, кунига 100 — 120 минг дона тухум олинмоқда.

Фермер хўжалиги раҳбари Ихтиёржон Бадалов давлатимиз томонидан яратиб берилган шароитлардан унумли фойдаланаётгани, жумладан, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Нидерландия каби мамлакатлар мутахассислари билан ўзаро тажриба алмашиб, амалиётга замонавий технологияларни татбиқ этгани туфайли катта муваффақиятларга эришаяпти.

Гап шундаки, бу ерда парранда боқиш жараёни компьютерлаштирилган дастур асосида амалга оширилмоқда. Уларга берилаётган озуқа вақти, миқдори, таркиби автоматик тарзда бошқарилади. Тухум конвейер усулида йиғиб олинади ва қадоқланади. Бунда Германиянинг “Salmet international GmbH” компаниясида ишлаб чиқарилган сўнгги русумдаги техник воситалардан фойдаланилаётгани қўл келаётир.

— Маҳсулотларимизни ички бозорга етказиб бериш билан чекланиб қолмасдан, экспортни ҳам йўлга қўйганмиз, — дейди фермер. — Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида афғонистонлик буюртмачиларга 7 миллион дона тухум жўнатдик.

Паррандачилик истиқболида гўшт ҳамда тухумни сифатли сақлаш муҳим аҳамиятга эга. Буни яхши англаган хўжалик жамоаси парҳез маҳсулотларни 6 ой давомида бенуқсон сақлаш борасидаги лойиҳага қўл урган.

— Юртимизда соҳани ривожлантириш учун барча имконият мавжуд, — дейди И. Бадалов. — Шу билан бирга, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, мутахассисларнинг етишмаслиги тизимдаги долзарб муаммолардан биридир. Тармоқда самарадорликнинг ортиши кўп жиҳатдан уларнинг билим ва тажрибасига боғлиқ. Шунинг учун ходимларимизнинг малакасини оширишга жиддий эътибор қаратаяпмиз.

Бугунги кунда республикамизга Германия, АҚШ, Россия ҳамда Нидерландия каби хорижий давлатлардан товуқлар олиб келиб кўпайтирилаётгани маҳсулдорликни 95 фоизгача етказиш имконини бераяпти. Мисол учун, бир йилда ҳар бир товуқдан уй -шароитида 270 та, саноат усулида эса 330 тагача тухум олиш мумкин.

Халқимизда паррандачилик етти хазинанинг бири сифатида алоҳида қадрланади. Зеро, озгина эътибор ва меҳнат туфайли у нафақат озуқа, балки муҳим даромад манбаига айланади

Саминжон ҲУСАНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Хурсандбек АРАББОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn