«Ягона дарча»: Вақт ҳам, маблағ ҳам тежалади
  • 12 Октябрь 2017

«Ягона дарча»: Вақт ҳам, маблағ ҳам тежалади

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилиб, ҳал этилмоқда. Бунда, табиийки, “Ягона дарча” марказларининг ўрни катта бўлаётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 февралдаги “Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларга янгича қанот бағишлади.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Эндиликда белгиланган тартибда тўлдирилган ариза ва таъсис ҳужжатларининг ўзи кифоя. Давлат рўйхатидан ўтиш учун интернет тармоғи орқали мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди. 

“Ягона дарча” марказининг малакали мутахассислари тадбиркорлик субъектларига 16 турдаги давлат хизматини амалга ошираётган эдилар. Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб яна бешта янги хизмат тури амалиётга татбиқ этилди. Йил охирига қадар ушбу рўйхатга яна 13 та давлат хизмати киритилиши кўзда тутилган. Бу кўрсатиладиган хизматлар тури 34 тага етказилади, деганидир. 

Шу йилнинг биринчи ярмида Андижон шаҳрида 1 минг 900 га яқин янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. Уларнинг 1 минг 400 нафари якка тартибдаги тадбиркордир. Ўз навбатида, кичик бизнес субъектларига 1 минг 183 та давлат хизмати кўрсатилди. Бунинг самараси ўлароқ, янги ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 3 мингтадан зиёд иш ўринлари яратилди. 

Айтиш жоизки, келиб тушаётган мурожаатларнинг асосий қисми қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсатнома олиш, тураржойларни нотураржой тоифасига ўтказиш, шунингдек, ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланишга доир масалалардан иборат. Масалан, “Акмал фарм медикал” масъулияти чекланган жамияти директори Ҳамидулло Чўтбоев тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида марказимизга мурожаат қилди. Сўров шу жойнинг ўзида тез ва осон ҳал этилди. 

Яна бир янгилик. Жорий йилнинг 1 июлидан ҳудудларда фаолият бошламоқчи бўлган хорижий тадбиркорлар аввалгидек пойтахтга қатнаб, идорама-идора юриб, вақтини беҳуда сарфламайди. Эндиликда улар марказга зарур ҳужжатларни тақдим этиб, рўйхатдан ўтиши ва электрон ҳужжат алмашинуви орқали бу ишни амалга ошириши мумкин. 

Хитой Халқ Республикасидан хорижий ишчи кучини жалб этиш мақсадида шаҳримизга ташриф буюрган Аизези Мантурузининг “Marjan investment  group” корхонаси марказимизда ҳужжатлаштириш ишларини амалга оширди. Шунингдек, “Eko inter trade” корхонаси раҳбари Акмалбек Абдуллаев ҳам қисқа фурсатда зарур ва қулай хизматлардан фойдаланиб, ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бундай қулайликдан ишбилармонлар жуда мамнун бўлишаётир. 

Айни пайтда марказда интернет орқали кўрсатилаётган хизматлардан фойдаланиш ҳам кенгаймоқда. Натижада юридик ва -жисмоний шахсларнинг мурожаатлари масофадан туриб ҳал этилаётир. Ҳозирги кунда талаб юқори бўлган 86 турдаги лицензия ҳамда рухсатномаларни “Ягона дарча” марказлари орқали расмийлаштириш тизими босқичма-босқич амалга оширилаяптики, бу тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳисобга қўйиш жараёнини янада енгиллаштирмоқда.

Камолиддин ҲУРБОЕВ,
Андижон шаҳридаги тадбиркорлик
субъектларига давлат хизматлари
кўрсатиш «Ягона дарча» маркази директори.
 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Унумдорлик ошди Истиқболли лойиҳа самараси »