Қулай меҳнат шароити ва экспорт
  • 10 Октябрь 2017

Қулай меҳнат шароити ва экспорт

2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий қайта ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш Дастури доирасида биргина Қорақалпоғистон Республикасида беш йил мобайнида умумий қиймати 758,7 миллион АҚШ долларилик 8 та йирик тўқимачилик корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.

Амударё туманидаги “Amudaryotex” масъулияти чекланган жамияти — шулардан бири. Йилига 6 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга ушбу корхонани -бунёд этиш учун 43,4 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди. Мазкур чора-тадбирлар туфайли жамият фаолияти тобора кенгаймоқда. Дастлаб 300 та иш ўрни яратилган бўлса, ҳозирги кунда бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар сони 430 нафарга етди. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардан иборат.

— Корхонамиз хорижнинг энг замонавий технологик ускуна ҳамда дастгоҳлари -билан жиҳозланган, — дейди жамият бош муҳандиси Руслан Холмуродов. — Яқинда халқаро ISO 9001 сифат менежменти тизими сертификатини қўлга киритдик. Муваффақиятларимиз салмоғи ҳам айтишга арзигулик. Хусусан, ўтган йили 2 миллион 222,1 минг АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилган бўлсак, жорий йилнинг тўққиз ойида ушбу кўрсаткич 2 миллион 990 минг АҚШ доллари атрофида бўлди.

Корхонадаги қулай меҳнат шароити иш унумдорлигини ошириш, тайёрланаётган калава ипнинг сифат кўрсаткичини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Натижада “Amudaryotex” ёрлиғи туширилган маҳсулотларга бўлган талаб тобора ортиб, жорий йилда унинг 80 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланган.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn