Сифат менежменти тизими: хориж бозорларига фаол кириб боришнинг муҳим шарти
  • 07 Октябрь 2017

Сифат менежменти тизими: хориж бозорларига фаол кириб боришнинг муҳим шарти

Маҳсулотни сифатли, рақобатдош ва халқаро стандартларга мос равишда ишлаб чиқариш — бозорнинг асосий талабларидан бири. Айтиш мумкинки, бу ҳолат бугунги кунда республикамизда нафақат ишлаб чиқарувчи, балки унга хизмат кўрсатувчи ташкилотлар олдига ҳам ўзига хос талаблар қўймоқда. 

Айни пайтда жаҳоннинг қатор давлатлари бозорига ўзбек деҳқони меҳнати эвазига етиштирилаётган, тадбиркори ишлаб чиқараётган юзлаб маҳсулотлар кириб бораяпти. Бу эса ана шу товарлар учун дунё стандартларини янада кўпроқ жорий қилишни талаб этмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ҳам айни шу жиҳатлар долзарб вазифа сифатида белгилаб берилган. Жумладан, унда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий қилиш орқали маҳсулотларнинг мувофиқлигини таъминлаш, айниқса, сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини корхоналарда амалга кенг татбиқ этиш орқали миллий сертификатлар ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини хориж бозорларига йўналтириш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг учун 2017 — 2020 йилларда “Ўзстандарт” агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурининг қабул қилиниши ишларни тизимли тарзда олиб бориш имконини бераяпти. Дастурга мувофиқ, 2020 йилгача агентлик таркибидаги синов лабораториялари ва ҳудудий марказларни замонавий, юқори аниқликдаги ўлчаш ҳамда синов ускуналари билан жиҳозлаш ишлари олиб борилади. 

2 мингдан ортиқ халқаро стандартларни босқичма-босқич қабул қилиш билан стандарт-лаштириш бўйича уларнинг меъёрий ҳужжатлар миллий фондидаги улуши икки баробар оширилиши кўзда тутилган. 9 мингдан ортиқ корхоналарда халқаро стандартларга мос келадиган сифат менежменти тизимлари жорий этилиши эса мамлакатимиз экспорт салоҳияти янада ортишига сабаб бўлади. Асосийси, қарорда агентликнинг таркибий тузилмаси ҳам тубдан қайта кўриб чиқилиб, бугунги кун талабига мослаштирилди. Масалан, агентликнинг “Штрихли кодлаш” бўлими “Штрихли кодлаш ва ахборот технологиялари маркази” давлат корхонасига айлантирилди. Дунёнинг бир қатор давлатлари тажрибасига кўра, агентлик қошида Ўзбекистон миллий метрология институти ташкил этилиши эса соҳа равнақига янада кенг йўл очади. Чунки республикамизнинг бир қатор вазирлик ва идоралари билан ўзаро ҳамкорликда халқаро ҳужжатларга қўшилиш масаласини ўрганиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш, мавжудларига ўзгартиришлар киритиш бўйича ҳукуматга таклифлар бериш вазифалари ҳам қарор билан агентлик зиммасига юклатилган. Шу боис ҳам янгидан ташкил этилган Ўзбекистон миллий метрология институти давлат корхонасига истисно тариқасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда, эталонларни тайёрлашга ихтисослаштирилган етакчи хорижий метрологик ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали эталонлар ва энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини харид қилишга рухсат берилгани соҳа ривожига катта ҳисса қўшади. Бунинг исботи сифатида 2017 — 2021 йилларда Давлат бюджети ҳисобидан қарийб 4 млн. АҚШ доллари миқдоридаги эталонлар харид қилинишининг ўзи ҳам ҳар томонлама замонавий, илғор технологик ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар фаолиятини йўлга қўйишга замин яратади. Бундан ташқари, масса лабораториясини “BIPM” талаблари асосида аккредитация қилиш имкониятини яратади.

Ўрганишлар натижаси ваколатли давлат бошқаруви идораси сифатида агентлик фаолияти билан боғлиқ ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлигини кўрсатмоқда. Айни шунинг учун ҳам Президентимизнинг мазкур қарорида агентликнинг ташкилий тузилмаси халқаро талабларга мос эмаслиги, юкланган вазифаларнинг самарали бажарилишини таъминлаб беришга тўсқинлик қилаётгани кўрсатиб ўтилган. Биргина мисол: мамлакатимизда дунё тан олган ISO халқаро стандартларини қабул қилиш борасидаги фаолият лозим даражада йўлга қўйилмагани, стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатлар миллий фондида ушбу ташкилот стандартлари атиги 13 фоизни ташкил этаётгани ачинарли ҳол эканлиги ва бу бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги кўрсатиб ўтилган. Шу боис жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 300 га яқин халқаро стандартлар қабул қилинди. 

Вафо ЛАТИПОВ,

«Ўзстандарт» агентлиги 

Стандартлаштириш, метрология ва 

сертификатлаштириш илмий-тадқиқот

институти директори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn