Эркин иқтисодий зоналар
  • 07 Октябрь 2017

Эркин иқтисодий зоналар

мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади

Бугунги кунда республикамизнинг 10 ҳудудида 14 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. Улар маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий корхоналар ташкил этиш, шу аснода янги иш ўринлари яратилишига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Бироқ тан олиб айтиш керакки, ҳозирги пайтда эркин иқтисодий зоналар инвестиция лойиҳалари портфелининг сифати анча паст. Етакчи хорижий компаниялар иштирокида -экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли маҳаллийлаштирилган замонавий корхоналар ташкил этиш ишлари эса сустлигича қолмоқда. Бундан ташқари, ЭИЗ ҳудудидаги хўжалик субъектлари ўртасида саноат ва кооперация алоқалари талаб даражасида эмаслигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Президентимизнинг жорий йил 7 августдаги “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ана шу каби камчиликларни бартараф қилишда муҳим ўрин тутади. Жумладан, мазкур қарорга биноан, ЭИЗ ҳудудида кластер ёндашувлардан самарали фойдаланган ҳолда, иштирокчилар ўртасида мустаҳкам кооперация алоқалари йўлга қўйилиб, маҳаллий хом ашё ва материаллар асосида рақобатдош тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича юқори технологияли илғор корхоналар ташкил этилади. Бу жараёнда ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ҳамда  сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш, малакали мутахассислар тайёрлаш каби чора-тадбирлар қўлланилади.

Яна бир янгилик шуки, эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ярим йиллик ва йил якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини оширишга доир ишлар ҳақида ҳисобот беради. Бу эса ЭИЗ фаолиятини ривожлантириш юзасидан олиб борилаётган ишларнинг шаффофлигини таъминлайди.

Эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёз ва қулайликлар тақдим этилаётгани хусусий сектор вакилларининг лойиҳаларини рўёбга чиқаришда ҳал қилувчи омил бўлмоқда. Масалан, қарор билан “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари, хом ашё, материаллар ва бутловчи буюмларни эркин божхона зонаси режимидан божхона тўловларини тўламасдан, муқаддам расмийлаштирилган божхона кўригига биноан, экспорт божхона юк декларацияси, сертификатлар ҳамда ташқи иқтисодий фаолият соҳасида рухсат берувчи бошқа ҳужжатларни тақдим этмасдан, эркин муомалага чиқариш режимига қайта расмийлаштирилади. 

Давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорларга мувофиқ, жорий йилнинг шу пайтига қадар эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига 260,9 миллиард сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Бундай енгиллик нафақат маҳаллий тадбиркорлар, балки чет эллик сармоядорларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. 

Айни пайтда Давлат божхона қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда эркин иқтисодий зона иштирокчилари учун қонунчиликда белгиланган солиқ ва божхона  преференциялари, валюта режимининг алоҳида шартларига сўзсиз риоя этилиши, уларнинг хўжалик фаолиятига аралашувига йўл қўймаслик, инвес-тициявий лойиҳаларни амалга ошириш доирасида технологик ускуналар, материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмларни олиб киришда тақдим қилинган солиқ ҳамда -божхона имтиёзларидан мақсадли фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатган.

Қарор ижросининг ўз вақтида ва сифатли таъминланиши эркин иқтисодий зоналар ҳудудида ишлаб чиқариш ҳамда ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринларини кўпайтириш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш, умуман, иқтисодиётимизни янада ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Нурбек САЛОМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона 

қўмитаси бўлим бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn