Янги линия ишга туширилди
  • 05 Октябрь 2017

Янги линия ишга туширилди

Республикамизда бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари тобора кенг кўлам касб этмоқда. Натижада қурилиш материалларига бўлган талаб янада ортаяпти. Шундан келиб чиқиб, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти тизимидаги ISO 9001 халқаро сифат сертификатига эга “Оҳангаронцемент” акциядорлик жамияти томонидан ўтган йили 1 миллион 860 минг тоннадан ортиқ 6 турдаги цемент тайёрланиб, унинг асосий қисми ички буюртмачиларга етказиб берилган бўлса, маълум миқдори экспорт қилинди.

Президентимизнинг 2016 йил 25 октябрдаги “Республика қурилиш материаллари саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатини бундан-да -ривожлантириш ҳамда диверсификация қилиш, тармоқ корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда унинг экспорт потенциалини ошириш каби ишларга янгича суръат бағишлади.

Корхона мутахассислари иқтисодиётнинг саноат, архитектура, шаҳарсозлик каби турли соҳалари учун зарур бўлган янги турдаги материаллар яратиш пайида бўлаётгани, айниқса, диққатга сазовор. Бу ерда юқори ҳароратга бардошли пишиқ ғишт ишлаб -чиқаришга ихтисослаштирилган янги линия фаолияти йўлга қўйилгани бунинг тасдиғидир.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда давлатимиз томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада тараққий топтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инвестиция ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

— Мамлакатимиз иқтисодиёти, архитектура ва шаҳарсозлиги равнақида тадбиркорлик субъектлари, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш корхоналарининг ўрни беқиёс, — дейди жамиятнинг цемент ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Улуғбек Умаралиев. — Умумий қиймати 6 миллиард сўмлик мазкур линияда йилига 3,5 минг тонна юқори сифатли пишиқ ғишт ишлаб чиқарилади. У Цельсий бўйича 1000 — 1300 даража ҳароратга ҳам бардошлидир.

Линия Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар ҳамда илғор ускуналар билан жиҳозланган. Бу эса иш унумдорлигини ошириши баробарида, сарф-харажатларни ҳам бирмунча камайтиради.

Тадбир иштирокчилари маҳсулот тайёрлаш жараёни билан яқиндан танишиб, яримқуруқ хом ашё яримавтоматлаштирилган махсус технологиялар ёрдамида юқори босим остида қаттиқ жипсланиши, баланд ҳароратда пишитилиши, тайёр ғиштнинг экологик тозалиги таъминланишига гувоҳ бўлдилар.

“Оҳангаронцемент” акциядорлик жамияти бош директори Геннадий Куликовнинг айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон бозорида бундай ғиштларга эҳтиёж йилига 7 минг тоннани ташкил этади. Эндиликда технологик линия томонидан унинг ярми қондирилади. Келгусида эса корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тоннага етказилиши нафақат ички бозор талабини тўлиқ таъминлаш, балки экспортни кенгайтириш имконини ҳам беради.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn