Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади
  • 21 Сентябрь 2017

Кенг имконият ва соғлом рақобат савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланишига хизмат қилади

Тошкент шаҳрида “Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар — UzCharmExpo — 2017” ҳамда “Махсус пойабзал ва индивидуал ҳимоя воситалари — MaxsusExpo — 2017” халқаро кўргазмалари давом этмоқда.

Саноатни модернизация ҳамда диверсификация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Натижада ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган қўшимча қийматга эга маҳсулотлар тайёрлаш кўлами тобора ортмоқда. Буни биргина чармпойабзал соҳасида қўлга -киритилаётган ютуқлар мисолида яққол кўриш мумкин.

Гап шундаки, жорий йилнинг биринчи ярмида саноатнинг ушбу тармоғида 33 та инвестициявий лойиҳа ҳаётга татбиқ қилиниши туфайли 25 та замонавий корхона вужудга келган бўлса, саккизта ишлаб чиқариш субъекти тубдан модерниза-циялаштирилди. Бунинг эвазига импорт ўрнини босувчи спорт пойабзаллари, коптоклар, яккакураш ҳамда спортнинг бошқа турлари учун зарур анжомлар тайёрлаш йўлга -қўйилди.

Халқаро кўргазмалар шу каби янги маҳсулотларни кенг намойиш этиш, республикамизда фаолият юритаётган корхоналарнинг тармоқлараро кооперациясини ривожлантириш, чет эл компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани аҳамиятлидир. Форумга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётганининг боиси ҳам шунда. “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилган бу галги тадбирда 100 дан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий компанияларнинг 3000 дан зиёд маҳсулотлари намуналари, соҳа учун зарур асбоб-ускуналар, иккиламчи хом ашёлар кенг намо йиш қилинаяпти.

— Ўзбекистонга келиб, бу ерда чармпойабзал саноатини ривожлантириш учун муҳим хом ашё — чармнинг сероблиги баробарида, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити яратилганига гувоҳ бўлдим, — дейди Туркиянинг “Ege Taban” компанияси вакили Месут Татли. — Бу эса ҳар қандай сармоядорнинг эътиборини тортмай қолмайди. Соҳада 30 йилдан кўпроқ тажрибага эга компаниямиз, асосан, пойабзаллар тагчармлари етказиб беришга ихтисослаштирилган. Бугунги кўргазмада мавсумий оёқ кийимлар учун мўлжалланган 10 га яқин турдаги ана шундай маҳсулотларни намойиш этаяпмиз.

Кўргазма залларини айланар экансиз, мамлакатимизда терини қайта ишлаш, чармдан пойабзал ҳамда атторлик буюмлари ишлаб чиқариш соҳаси ривожида янги давр бошланганига гувоҳ бўласиз. Негаки, тўртта махсус бўлимда намойишга қўйилган чарм асосидаги кийим-кечаклар, уй-рўзғор буюмлари, тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар юқори сифати, бежирим дизайни билан алоҳида ажралиб турибди.

Уч кун давом этадиган халқаро кўргазмалар доирасида махсус пойабзалларнинг тақдимотлари, маҳорат дарслари, шунингдек, энг яхши маҳсулотлар танлови ўтказилмоқда. Бу эса маҳаллий ҳамда хорижий корхоналар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиши, экспорт географияси кенгайишига хизмат қилади.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn