Харидоргир маҳсулотлар сири нимада?
  • 21 Сентябрь 2017

Харидоргир маҳсулотлар сири нимада?

Маҳсулотларнинг жозибадорлиги ортиб, харидоргир бўлишининг сири нимада? У фақат сифатга боғлиқми? Йўқ, албатта. Экспертларнинг фикрича, таклиф этилаётган товарлар бозори чаққон бўлиши, аввало, дизайнига боғлиқ. Нега деганда, у ҳақидаги дастлабки тасаввур ташқи кўринишига қараб пайдо бўлади.

Шу маънода, бугунги бозор иқтисодиёти шароитида ҳатто юқори сифатли маҳсулотлар ҳам бежирим воситаларда, кўркам дизайнда қадоқланмасдан бозорга чиқарилса, савдоси юришмайди. Шу боис кейинги йилларда ишлаб чиқарувчилар амалиётда қадоқлаш ва полиграфия ютуқларидан кенг фойдаланишмоқдаки, бу, ўз навбатида, саноатнинг янги тармоғи вужудга келишига катта туртки бўлди. 

Қувонарлиси, мазкур соҳа мамлакатимизда жадал суръатларда ривожланиб, ташқи бозорда “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди нуфузи мустаҳкамланишида муҳим роль ўйнаяпти. Бунга кеча “Ўзэкспомарказ” мажмуасида очилган бир йўла иккита — “Полиграфия ва қадоқлаш — O‘ZBEKinPRINT — O‘ZuPACK — 2017” ҳамда “Кимё ва пластмассалар ва полимерлар саноати — Chemie & Plastex Uzbekistan — 2017” халқаро кўргазмаларига ташриф буюрган киши ишонч ҳосил қилади. 

 

Қулай ва экологик тоза 

Чиндан ҳам, бу ерда саноатнинг барча тармоғи учун қадоқлаш технологиялари ҳамда ускуналари, инновацион ишланмалар ва таклифлар, турфа хил хом ашёлар намойиш этилаётган бўлса, улар орасида юртимиз маҳсулотларининг алоҳида ўрни бор. Мисол учун, пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган “Euro Pack Tashkent” масъулияти чекланган жамиятининг маҳсулотлари юқори сифати, мақбул нархи, энг асосийси, экологик тозалиги билан кўпчиликка манзур бўлаётир. 

— Хорижнинг илғор технологик линиялари билан жиҳозланган корхонамиз қуввати кунига 20 мингта қоп ҳамда шунча халтача ишлаб чиқаришга мўлжалланган, — дейди мазкур жамият раҳбари ўринбосари Бахтиёр Йўлдошев. — Улар қоғоз, ип каби табиий хом ашёдан тайёрланаётгани боис ташқи бозорда ҳам харидоргир. Айни пайтда озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига мўлжалланган қадоқлаш воситаларини Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби қўшни давлатларга ҳам етказиб бераяпмиз. Бугунги кўргазмага янги турдаги кўплаб маҳсулотларимизни олиб келганмиз. Улар умумий овқат-ланиш, ошхона ҳамда ресторан бизнеси вакилларида, айниқса, катта қизиқиш уйғотмоқда.

Халқаро кўргазмаларда юртимиз тадбиркорлари билан бирга, Австрия, Болгария, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Канада, Хитой, Корея Республикаси, Россия, Туркия сингари 10 дан ортиқ давлатлардан 90 га яқин компаниялар иштирок этаяпти. 

— Бизнинг компаниямиз Ҳиндистондаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади, — дейди қадоқлаш  хом ашёлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Poysha Packang (P) Ltd” компаниясининг ижрочи директори Саурабх Кансал. — Ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб ўлкалари билан ҳамкорлик қилиб келаяпмиз. Аммо МДҲ мамлакатлари билан ҳали савдо-иқтисодий алоқаларни ўрнатганимиз йўқ. Кўргазмага айни шу мақсад, яъни бизнес фаолиятимизни минтақадаги иқтисодий жиҳатдан юксак салоҳиятга эга Ўзбекистон билан боғлаш умидида келганмиз. Ўйлайманки, юртингиздан ишончли ҳамкорлар топамиз. 

 

Жаҳон саноатининг локомотиви

Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар алоҳида эътироф этганидек, кейинги пайтда кимё ва пластмасса индустрияси жаҳон саноатининг локомотивларидан бирига айланиб бораётир. Чунки пластмасса асосидаги материаллар қимматбаҳо металлар, бетон ҳамда ёғоч конструкциялар, шунингдек, пўлат ўрнини босиб, хом ашёни тежаш, таннархни арзонлаштириш борасида беқиёс имкониятларни туҳфа этаяпти. Юртимизда мазкур жабҳа истиқболига устувор аҳамият қаратилиб, кўплаб инвестициявий лойиҳалар амалиётга жорий этилаётгани туфайли импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда кўпаймоқда. 

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон бозорига пластмасса маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини етказиб беришда Хитой пешқадамлик қилмоқда. Бу галги кўргазмада мазкур давлатдан ташриф буюрган 40 га яқин компаниялар кенг экспозицияси билан иштирок этаяпти. Қувурлар, профил, плёнкалар ишлаб чиқариш учун юқори технологияли ускуналар, иссиқлик пластавтоматлари, қуйиш тизимлари, пластмассани иккинчи бор қайта ишлашга мўлжалланган линиялар, грануляторлар, нотўқима материалларни тайёрлаш учун тизимлар ана шулар жумласидан. 

— Пластмасса маҳсулотларини қуйиш машиналаримиз бугунги кунда 30 дан зиёд мамлакатларга экспорт қилинмоқда, — дейди Хитойнинг “Ningbo Bole Imp.&Exp. Co. Ltd” компанияси вакили Цинг Хуан Вей. — Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Юртингиз тадбиркорлари билан бундан 10 йил муқаддам ҳамкорлик алоқаларини боғлаганмиз. Бугун пластмассадан автомобилларнинг бутловчи қисмлари, озиқ-овқат саноати учун буюмлар қуйишга мўлжалланган 10 турдаги машиналарни намойиш этаяпмиз. Уларнинг иш унумдорлиги юқорилиги, энергия тежамкорлиги кўпчиликка маъқул бўлаяпти.

Халқаро кўргазмалар 22 сентябрда якунланади.

С. ИБОДУЛЛАЕВ.

Б. АКРАМОВ олган суратлар.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn