Юртимизда етиштирилган қовунлар европаликлар дастурхонида
  • 20 Сентябрь 2017

Юртимизда етиштирилган қовунлар европаликлар дастурхонида

Паркент узуми, Бахмал олмаси, Самарқанд гилоси, Риштон ўриги, Дашнобод анори, Олтиариқ турпи... Юртимизнинг қайси ҳудудини олманг, уларнинг ҳар бири ўз ноз-неъматлари билан машҳур. Замонавий тил билан айтганда, ўз “бренди”га эга. Шу маънода, Сирдарё воҳаси ҳақида гап кетганда, кўз олдимизга, аввало, тилими тилни ёрадиган Мирзачўл қовунлари келади.

Истиқлол йилларида дунёга кўз-кўз қилса арзийдиган моддий ва номоддий бойликларимиз қаторида, полиз маҳсулотимиз довруғи ҳам узоқ-яқин хорижга, ҳатто океанорти мамлакатларигача етиб борди. Масалан, ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирида Мирзаобод туманилик Аҳмад Тўрабеков бошчилигидаги  бир гуруҳ деҳқонлар Калифорнияда америкалик тадбиркорларга Мирзачўл қовунини етиштириш агротехникасини ўргатиб келгани бор гап. Кейинчалик улар айни таклиф билан Доминикан Республикаси ва Грузияда ҳам бўлишди. Бинобарин, Мирзачўл “Оқ уруғи”нинг ташриф жуғрофияси йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Мирзаобод туманидаги “Red Pack” масъулияти чекланган жамияти томонидан  ушбу нав-даги қовунлар Европа мамлакатларига экспорт қилинаётгани ҳам бунга яққол мисол бўла олади.

— Дастлаб, яъни бундан уч йил аввал ҳамкорларимизга 300 тонна маҳсулот етказиб берган эдик, — дейди жамият раҳбари Раҳмонберди Саломатов. — Кейинги мавсумда мазкур кўрсаткич 800 тоннага етди. Бу йил экспорт ҳажмини 1000 тоннадан оширишни ният қилганмиз.

Рақамлардан кўриниб турибдики, ўзбек қовуни европаликлар дастурхонидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Қолаверса, жамият раҳбари хорижлик харидорларнинг полиз маҳсулотларимизга бўлган талабини ўрганиш мақсадида бир неча бор “кўҳна қитъа”га бориб келди. У ерда “Ўзбекистон қовунлари” ҳамда “Мирзачўл қовуни” ёрлиқлари туширилган полиз маҳсулотларининг бозори чаққонлигини ўз кўзи билан кўриб ҳам фахрланди, ҳам келгусида экспорт ҳажмини, ҳеч иккиланмай, янада ошириш мумкинлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилди. Бунинг учун эса имкониятлар етарли. Муҳими, воҳада қовун етиштиришнинг ҳадисини олган уста деҳқонлар кўп.

Жамият фаолият бошлаган илк мавсумда қадоқлаш учун банандан бўшаган қутилардан фойдаланилар эди. Рости, бу идишларга қовунларни жойлаштириш ноқулай бўлгани ҳолда, уларнинг манзилга сархил ҳолатда етиб боришига тўлиқ кафолат йўқ эди. Ҳозир эса бу борадаги вазият ҳам бутунлай ўзгача: жамият буюртмаси билан пойтахтда тайёрланаётган махсус қутилар оғирликни кўтаришга, ҳаво ҳарорати ўзгаришига мослашувчан бўлиб, энг муҳими, маҳсулот бузилмай буюртмачи қўлига етишини таъминлайди.

— Илгари божхона кўриги 10 — 15 соатга чўзилар эди, — дейди жамият иш бошқарувчиси Аҳмад Саҳаддинов. —  Эндиликда бу жараён бор-йўғи  бир, бир ярим соатни ташкил этмоқда. Қолаверса, божхоначиларимиз юклаш вақти ҳақида хабар берганимиз заҳоти керакли воситалари билан шу ерга етиб келади. Бундай тезкорлик эса  экспортга жўнатилаётган қовунларимизни сархил ҳолда йўлга чиқаришни таъминлаяпти.

Аҳмад Саҳаддиновнинг айтишича, автомашина юкхонасидаги 5 даража илиқ ҳарорат маҳсулотни манзилга палакдан янги узилгандек етказар экан. Айни чоғда даладан келтирилган қовунлар ҳам совиткичли омборда ана шундай ҳавода “тиндирилса”, сифат бундан-да юқори бўлади. Шу боис жамият сиғими қарийб 4 минг тонналик совиткич қуриш ҳаракатида. Бу иншоот ишга тушгач, деҳқон учун ҳам қулайлик яратилади. Яъни ҳозирги шароитда қовуннинг етилиш вақти билан уни чет эл бозорига жўнатиш муддати тўғри келмай қолса, икки томонга ҳам муаммо туғилади. Совиткич ёрдамида мазкур муаммо ҳам ижобий ҳал қилинади.

Саралашда нуқсони аниқланган қовунларни замонавий технология асосида қуритиб, экспортбоп маҳсулотга айлантириш жамият олдида турган навбатдаги вазифалардан бири саналади. Жамоа келгусида ҳудудда етиштирилаётган бошқа бир неча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳам қуритилган ва сархил ҳолатда экспортга йўналтириш чораларини кўрмоқда.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn