XS.UZ
Янги даврни бошлаб берган тарихий ташриф Самимий қутлов Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи жаҳон оммавий ахборот воситалари нигоҳида Аграр соҳа ривожида муҳим босқич Депутатлар инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар Халқ билан мулоқотнинг ноёб тизими Фракцияларда долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилди Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади Замонавий қурилмалар ва интерактив хизматлар Ҳаракатлар стратегияси: дастлабки натижалар халқимиз ҳаётида намоён бўлмоқда Жаҳон жамоатчилиги Ўзбекистонда кечаётган ўзгаришларни юксак баҳоламоқда Россия Федерацияси делегацияси Самарқандда Тиббий-илмий янгиликлар ва истиқбол Мурожаатлар ижроси бўйича батафсил ахборот берилди Келажак тараққиётимизнинг муҳим омили Тинчлик — энг улуғ неъмат Биохилмахилликни асраш Илғор тажрибалар оммалаштирилаяпти Ҳарбий спортчилар: «Муваффақиятларимиз — жонажон Ватанимизга чексиз меҳр-муҳаббатимиз ифодаси» Вакилларимизнинг муносиб иштироки Яна бир нуфузли мусобақа Маърифат чароғбони Ўзбекистон Республикаси Президентининг АҚШга ташрифи самарали бўлди Ўзбекистон — АҚШ бизнес форуми Россия Федерацияси делегацияси ташрифи Ўзбекистон — дунё нигоҳида Тараққиёт ва фаровонлик йўлида Орол фожиаси — глобал муаммо Бюрократик тўсиқлар барҳам топмоқда Яхши қўшничилик ва мустаҳкам дўстлик ифодаси
  • 14 Сентябрь 2017

Замонавий ускуналар, инновацион технологиялар тўқимачилик ва енгил саноат ривожида янги уфқларни очмоқда

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Тўқимачилик ускуналари ва технологиялари — CAITME — 2017” ҳамда “Тўқимачилик саноати — TextileExpo Uzbekistan — 2017” халқаро кўргазмалари очилди.

Иқтисодиётимиз ривожи, экспорт салоҳияти ошиши, аҳоли бандлиги таъминланиши каби муҳим вазифалар ижросида тўқимачилик ва енгил саноатнинг ўрни ниҳоятда катта. Шу боис мамлакатимизда мазкур соҳа равнақига жиддий эътибор қаратилиб, хориж инвестицияларини жалб этган ҳолда, янги қувватларни ишга тушириш, мавжудларини модернизациялаш бўйича йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинаяпти. Президентимизнинг 2016 йил 21 декабрдаги “2017 — 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга катта туртки бўлди. Сабаби, мазкур ҳужжатга мувофиқ, умумий қиймати 2,2 миллиард АҚШ долларилик 132 та инвестициявий лойиҳа амалга оширилаяпти.

Уларнинг тенг ярми чет эл сармоялари ва кредитлари эвазига молиялаштирилаяптики, бу эса хорижликларнинг саноатнинг ушбу жабҳаларига бўлган қизиқиши юқорилигидан далолат беради.

Шу билан бирга, қиймати 450 миллион долларлик 50 та қўшимча лойиҳа ишлаб чиқилди. Уларнинг изчил ижроси тармоқда экспорт ҳажмини йилига 2,5 миллиард долларгача кўпайтириш, қўшимча равишда 25 мингта иш ўрни яратиш имконини бериши кутилаётгани қувонарлидир. 

Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, чиндан ҳам, кейинги пайтда тўқимачилик ва енгил саноатнинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, хорижлик сармоядорларнинг бизнес фаолиятини юртимиз билан боғлаш, ҳамкорликда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ишга туширишга руҳлантирмоқда. Буни кўргазма қатнашчилари сони ўтган йилдагига нисбатан 35 фоиз ўсгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Дарҳақиқат, жорий йилги саноат форумларининг бирлашган экспозициясида дунёнинг 22 мамлакатидан 353 та компания энг сўнгги ва сара маҳсулотлари билан иштирок этаяпти. Кўргазмага ташриф буюрган киши пахта толасини чуқур қайта ишлаб, уни тайёр кийим-кечак ҳолига келтиргунга қадар қандай машина ва дастгоҳга эҳтиёж сезса, уларнинг ҳаммасини топади.

Бу эса тадбирларнинг ўта қизғин кечиши, томонлар ўртасида кўплаб шартномалар имзоланишида муҳим омил бўлаяпти. Бундай дейишимизнинг боиси биринчи кундаёқ аксарият ускуналарда “Сотилган” ёрлиқлари пайдо бўла бошлади.

— Ўзбекистонда тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарига энг замонавий ускуналарни татбиқ қилишга устувор аҳамият берилаяпти, — дейди Япониянинг “Tajima Industries Ltd.” компанияси раҳбари Хидеки Тажима. — Биз ушбу кўргазмаларда 11 йилдан буён мунтазам иштирок этиб, мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган тадбиркорлар фаолияти мисолида бунга кўп бора гувоҳ бўлганмиз. Шу боис бу гал  юртингиз ишбилармонлари талаблари асосида иккита янги нақш тўқиш ускунасини тақдим қилаяпмиз. Улар кичик ва ўрта бизнес вакиллари учун мўлжалланган бўлиб, тезлиги ўта юқори, электрон бошқарув тизимига эга. Муҳими, роботлаштирилган бу ускуналар энг нафис гул ва нақшларни ҳам юқори сифатли қилиб тўқийди. Шу боис уларга қизиқиш катта.

Соҳа мутахассисларининг айтишича, саноатнинг тикувчилик ва тўқимачилик жабҳаларида муваффақият қозониш учун -ишлаб чиқаришга янги ишланмаларни изчил жорий этиш талаб этилади. Йўқса, соғлом рақобат муҳитига дош бериш мушкул. Юртимиз тадбиркорларининг замонавий ускуналар, инновацион технологияларга бўлган эҳтиёжи йил сайин ортиб бораётганининг боиси ҳам шунда. Ушбу талабни қондириш мақсадида тўқимачилик машинасозлигида дунёда етакчи ҳисобланган компаниялар кенг жалб қилинаётгани янги-янги субъектларнинг пайдо бўлишига қулай муҳит яратаётир.

Кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар Ўзбекистонимизда енгил саноатнинг жадал суръатларда ривожланаётгани, унинг бугунги ютуқлари ва янги истиқболи ҳақида яққол тасаввур уйғотади. Чунки бу ерда юртимизда фаолият кўрсатаётган кўплаб замонавий корхоналар томонидан таклиф қилинаётган турфа хилдаги тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари ўзининг юқори сифати билан бемалол рақобатга кириша олади. Шу боис маҳаллий ишбилармонларга ажратилган бўлмалар хорижлик мутахассислар билан гавжум. Улар уч кун давомида юртимизда чет эллик инвесторлар учун яратиб берилган шарт-шароит ва қулайликлар ҳақида атрофлича маълумот олиш, табиий пахта матоларидан тайёрланган либосларни тўғридан-тўғри харид қилиш борасида келишувларга эришиш имкониятига эгалар.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Кўриш қобилияти чекланганлар учун

A- A A+

Кўп ўқилган