Инновация имкониятлари кенгаяди
  • 18 Август 2017

Инновация имкониятлари кенгаяди

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, партия сиёсий кенгаши ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги ҳамкорлигида “Илмий ва инновация фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Фракция аъзолари, экспертлар, олимлар, кенг жамоатчилик ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда инновацион фаолиятни янада жадаллаштириш йўлидаги муаммолар ва уларнинг ечимини аниқлаш, миллий инновация тизимининг шаклланиш жараёнини таҳлил қилиш, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ вазифалар кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, бугунги давр инновацион технология ҳамда ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши, уларнинг муаллифлари ва буюртмачиларига оид муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо қилмоқда. Бунга “Адолат” СДП сайловолди дастурида алоҳида эътибор қаратилган.

Изланишлар натижасида “Илмий ва инновация фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси партия депутатлари, экспертлар ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги кўмагида ишлаб чиқилди. Айни вақтда уни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритиш олдидан илмий жамоатчилик, олимлар, экспертлар ва фаоллар иштирокида муҳокамалар бўлиб ўтаяпти.

Қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳаси, аввало, соҳага доир атамаларни бир хил талқин қилишга имкон берадиган тушунчалар ҳамда меъёрларни ўз ичига олган. Унинг муҳим жиҳатларидан бири, бу — инновацион фаолият соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари акс эттирилаётганидир. Шунингдек, унда илм-фан ва инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар, уларнинг ваколатлари, илмий ҳамда инновациявий фаолият субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ баён этилган.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши инновациялар ҳамда инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради. 

Тадбир давомида соҳа мутахассислари, олимлар ва депутатларнинг қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир таклифлари тингланди.

Зиёда АШУРОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn