Эллик йиллик кафолат
  • 10 Август 2017

Эллик йиллик кафолат

“Ангрен қувур заводи” унитар корхонаси маҳсулотлари буюртмачиларга манзур бўлмоқда.

Сифат — муваффақият  гарови.  “Олмалиқ кон-металлургия  комбинати” акциядорлик жамиятининг “Ангрен қувур заводи” унитар корхонаси фаолияти билан танишган киши бунга яна бир карра амин бўлади. Негаки, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 85 фоизи Европа ва Осиё минтақаси давлатларига экспорт қилинаётган бўлса, қолган қисми ички бозорда сотилаяпти. Муҳими, харидорлар сони тобора ортиб бораётир. Хўш, бунинг сабаби нимада?

Аввало, айни кунда мисдан тайёрланган маҳсулотларга талаб ва эҳтиёж юқори. Хусусан, мис қувурлари маиший хизмат буюмлари тайёрлаш, саноат ҳамда қурилишда кенг қўлланилади. Кафолат муддати — 50 йил. Қолаверса, табиий таъсирларга чидамли, экологик тоза, инсон саломатлигига безиён. Албатта, булар — буюртмачилар учун мақбул жиҳатлар.

Бундан тўрт йил аввал Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида ташкил этилган мазкур корхона ўз олдига бир йўла бир неча мақсадларни қўйган эди. Маҳаллий хом ашёдан мис қувурлари ишлаб чиқариш, маҳсулотлар турини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, мамлакат экспорт салоҳиятини юксалтириш ана шулар жумласидандир. Ҳозирги кунга келиб, бу борада кўзда тутилган вазифалар ижросига эришилаяпти. 

Корхонада 200 киши иш билан банд. Улар томонидан ташқи диаметри 4,76 дан 29 мм.гача, девор қалинлиги 0,3 дан 1,5 мм.гача бўлган 30 га яқин турдаги юмшоқ, яримқаттиқ ва қаттиқ мис қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Бинобарин, жорий йилнинг биринчи ярмида жамоа томонидан 1552 тонна маҳсулот ташқи бозорга чиқарилиб, шартномалар ижроси 104,5 фоиз уддаланди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 78 фоиз кўпдир.

— Экспорт масаласини жуда содда тушунган эканман, — дейди корхона раҳбари Эрйигит Сулаймонов. — Мазкур жараённинг ичига кириб, у нақадар мураккаб амалиётлигига амин бўлдим. Чунки экспорт мамлакат обрў-эътибори, нозик дипломатия, мустаҳкам ҳамкорлик, юқори сифат каби қатор омилларни ўзида мужассамлаштирар экан. 

Ёш раҳбар ўзимизда ва чет элда ташкил этилган кўргазма-ярмаркаларда қатнашиб, харидорлари сафини кенгайтирмоқда. Пировардида эндиликда жамоа маҳсулотлари Осиё, Европа мамлакатларидан ўтиб, Америка қитъасигача етиб бораётир. 

Корхона сифат лабораторияси Германиянинг энг сўнгги русумдаги ускуналари билан жиҳозланган. Автоматлаштирилган ва компьютерлаштирилган дастгоҳлар маҳсулотнинг кимёвий, физик ва механик таҳлилларини ўтказади. Шунга кўра, ишлаб чиқариш жараёнлари назорат қилинади. Мана, тўрт йилдирки, бу борада харидорлардан бирор марта жиддий эътироз ёки шикоят келиб тушгани йўқ. Яна бир эътиборли жиҳати, хом ашё тозалиги билан ҳам боғлиқ. Чунки унинг асосий қисмини таъсисчи — “Олмалиқ кон-металлургия  комбинати” акциядорлик жамияти етказиб бераяпти.  

Ангрен шаҳрида йирик ва ноёб ишлаб чиқариш субъектлари кўп. Улар орасида “Ангрен қувур заводи” унитар корхонасининг ўз ўрни бор. Яратилган имконият ва қулай шарт-шароитлар эса мазкур жамоани янги-янги марралар сари ундамоқда. 

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn